Stop COVID19 Сайт тест режимида ишламоқда
ИШОНЧ ТЕЛЕФОНИ
(0 371) 200 88 11
ЯГОНА ТЕЛЕФОН
(0 371) 232 80 63

Бўстонлиқда Миср компанияси билан фармацевтика заводи қурилади

Тошкент вилоятида ҳудуднинг инвестиция жозибадорлигини ошириш ҳамда хорижий ҳамкорлар билан янги, истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш борасида кўплаб амалий ишларга қўл урилмоқда. Жумладан, пойтахтдаги “Hayat” меҳмонхонасида ўтказилган ҳамкорлик учрашувида Тошкент вилоятида амалга ошириладиган янги лойиҳа истиқболлари муҳокама қилинди.

Тошкент вилояти ҳокимининг инвестиция масалалари бўйича ўринбосари Жамшид Абдусаломов, Миср Араб Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Амани Элетер, “Фармсаноат” агентлиги вакиллари ҳамда “Solyphar” компаниясининг хорижий ҳамкорлари иштирок этган учрашувда янги инвестиция лойиҳасининг ташкилий ишлари муҳокама этилиб, уч томонлама келишув имзоланди. Келишувга кўра, компания томонидан Тошкент вилоятида фаолият юритаётган “Бўстонлиқ-фарм” зонасида умумий қиймати 20 млн долларга тенг фармацевтика заводи бунёд этилади. Маълумот учун, Миср Араб Республикасининг “Solyphar” компанияси фармацевтика саноатида етакчи компаниялардан бири саналади.

Тошкент вилояти Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси ахборот хизматига кўра, Фармацевтика заводи иш бошлагач, унда вирусга қарши ва гормонал қаттиқ таблеткалар, желатинли капсулалар, дори кукунлари, жами 120 турдаги дори-дармонлар ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган.

Эътиборлиси, лойиҳа ишга тушгач, 200 та янги иш ўрни яратилиб, унда асосан ёшлар ва аёлларнинг бандлиги таъминланади. Шу билан бирга, тиббиёт соҳасида қўлланиладиган зарур сифатли ва арзон дори-дармонлар маҳаллийлаштирилишига эришилади.