Stop COVID19 Сайт тест режимида ишламоқда
ИШОНЧ ТЕЛЕФОНИ
(0 371) 200 88 11
ЯГОНА ТЕЛЕФОН
(0 371) 232 80 63

Тошкент вилоятида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш қониқарлими?

Тошкент вилояти ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожланишини рейтинг баҳолаш кўрсаткичлари солиқ тўловлари, экспорт, мурожаатлар, тадбиркорлик, кичик бизнес, саноат, хизмат, чакана савдо, инвестиция, хотин-қизлар ва ёшлар йўналишларига боғлиқ ҳолда белгиланади.

Президентимизнинг 2020 йил 1 майдаги “Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори бу борадаги ўрганишларни олиб боришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Хусусан, ушбу йўналишлар бўйича туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан амалий чора-тадбирлар дастури тасдиқланган бўлиб, жойларда халқ депутатлари туман шаҳар кенгашларининг сессиялари ўтказилган ҳолда ҳал этилиши лозим бўлган масалалар кўриб чиқиляпти.

Бу йўналишда олиб борилган таҳлилларга кўра, кичик бизнес соҳасида вилоятда жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига 2 минг 350 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, бугунги кунда рўйхатдан ўтган кичик бизнес субъектлари сони 47 минг 541 тани ташкил этмоқда. Бу борада фаолият кўрсаткичлари бўйича энг юқори натижа қайд этган Бўка тумани 104,0 фоизга, Бекобод тумани 103,5 фоизга, Қуйи Чирчиқ тумани 102,3 фоизга, Бўстонлиқ тумани 102,1 фоизга ва Оққўрғон тумани эса 101,8 фоизга етган.

Шунингдек, солиқ тўловларининг йиғилиш даражаси шу давр мобайнида 933 миллиард 786,2 миллион сўмни ташкил этиб, белгиланган режага нисбатан 99,1 фоизга бажарилган. Амалга оширилган солиқ тўловлар ҳажми ҳудудлар кесимида ўрганилганда, вилоятдаги солиқ тушумларининг асосий улуши Зангиота, Қибрай, Тошкент туманлари, Чирчиқ ва Ангрен шаҳарларига тўғри келяпти. Бу бўйича жуда паст фоизни ташкил этган ҳудудлар Оққўрғон тумани ва Бекобод шаҳридир.

Бундан ташқари, вилоят ҳудудий экспорт режаси кўрсаткичлари бажарилишини таъминлаш бўйича кўрилган чоралар ва амалга оширилган ишлар натижасида жорий йилнинг январь-март ойларида 156,4 миллион АҚШ долларлик маҳсулотлар ва хизматлар экспорти амалга оширилиб, белгиланган прогноз 123,3 фоизга бажарилган. Ҳисобот даврида вилоят экспортидаги юқори улушни Чирчиқ шаҳри 36,6 миллион АҚШ доллар, Янгийўл тумани 18,1 миллион АҚШ долларини ташкил этмоқда. Бу режани бажармаган ҳудудлар Қибрай ва Зангиота туманларидир. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган экспорт ҳажмлари бўйича Чирчиқ шаҳар 224,0 АҚШ долларга тўғри келса, Пскент туманида эса бор йўғи 7,7 АҚШ долларни ташкил этмоқда.

Мутахассисларнинг қайд этишича, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси томонидан мурожаатларнинг кўриб чиқилиши бўйича 2021 йил 1 апрель ҳолатигача Тошкент вилояти бўйича жами 1 минг 195 та мурожаат келиб тушган. Тадбиркорлар томонидан қилинаётган мурожаатлар масъул ходимлар томонидан бюрократик тўсиқларга учраётгани ва сансоларликка йўл қўйилаётгани сабабли такрорий мурожаатлар кўпайишига олиб келмоқда.

Вилоятда саноат тармоқларини жадал ривожлантириш барча туман ва шаҳарлар учун устувор йўналиш этиб белгиланган бўлиб, 2021 йилнинг январь-март ойларида фаолият юритаётган 8 минг 800 та саноат корхонаси томонидан маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 16,3 триллион сўмни ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 103,0 фоизни ташкил этмоқда.

Жами саноат маҳсулотлари таркибида юқори улуш Олмалиқ, Бекобод ва Ангрен шаҳарлари ва Қибрай туманларига тўғри келди. Шунингдек, Паркент, Чиноз ва Пскент туманларида бу ҳолат вилоятнинг жами саноат маҳсулотлари ишлар чиқариш ҳажмларидаги улуши бир фоизга ҳам етмайди. Бу эса ўз навбатида, туманларнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятидан келиб чиқиб, “қониқарсиз” ҳудудлар таркибига кириб қолиши эҳтимоли мавжуд.

Ҳозир Тошкент вилояти аҳолиси 2 миллион 986,2 минг нафар бўлиб, шундан 1 миллион 336,5 минг нафари иқтисодий фаол аҳоли ҳисобланади. Шуни алоҳида эътиборга олиб, ёшлар ва хотин-қизларни меҳнат бозорида талабга эга бўлган мутахассисликлар бўйича касбга қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, ишсизлар бандлигини таъминлаш чоралари кўриляпти.

Умуман олганда, мутахассислар томонидан ҳар бир ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолати асосий кўрсаткичлари чуқур таҳлил қилиниб, улардаги муаммо ва камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

rj6c8rjkll9gieyxfvfr6abfk6nyi6s1front.jpg