Stop COVID19 Сайт тест режимида ишламоқда
ИШОНЧ ТЕЛЕФОНИ
(0 371) 200 88 11
ЯГОНА ТЕЛЕФОН
(0 371) 232 80 63

Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматовнинг 1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан соҳа вакилларига байрам табриги

Қадрли устоз ва мураббийлар!

Аввало, барча-барчангизни, ҳаммамизга дунёни танитган, устоз деган шарафли номни улуғлаб келаётган ҳурматли устозларимизни умумхалқ байрами — Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимдан муборакбод этаман.

Бугун бутун дунё пандемия шароитида яшаётганига, мамлакатимизда ҳам коронавирус инфекцияси тарқалиб, турмуш тарзимизни батамом ўзгартириб, байрам ва тантанали маросимларни ўтказишни нечоғли чеклаб қўйган бўлмасин, ушбу қутлуғ айёмни мамлакатимизда мана бундай ўзига хос тарзда нишонланишида катта маъно бор. Мана шу шукуҳли лаҳзада ҳеч шубҳасиз, биринчи навбатда қадрдон мактабимиз, бизга ҳарф ўргатган, эзгуликдан сабоқ берган меҳрибон муаллимларимиз сиймоси кўз олдимизда намоён бўлиб турибди. 

Муҳтарам Президентимизнинг сиёсий майдонга келган илк кунлариданоқ юртимизда илм-маърифат ривожига бераётган эътиборлари, айниқса, устоз-мураббийларнинг жамиятда тутган ўрни ва мавқеини муносиб даражага кўтариш борасидаги ишлари барчамиз учун юксак ибрат намунаси, юксак инсонийлик мактаби, десам асло янглишмаган бўламан. Зотан, буюк Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, дунёнинг бор бойлик ва хазинаси билан ҳам устоз ва мураббийларнинг миллат тарбияси йўлидаги олижаноб меҳнатларининг ҳақини адо этиб бўлмайди.

Жонажон мамлакатимиз, муҳтарам Президентимиз таъбири билан айтганда, Ўзбекистонимизда Учинчи Ренессансга замин тайёрланаётган, ўз тараққиётининг мутлақо янги даврига қадам қўйган ҳозирги кунда олиб борилаётган барча ислоҳотларнинг муваффақияти, мамлакатимизнинг дунёдаги ривожланган, замонавий давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши, аввало, илм-фан ва таълим-тарбия соҳасининг ривожи билан, бу борада бизнинг дунё миқёсида рақобатдош бўла олишимиз билан узвий боғлиқ, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Очиғи, сўнгги уч-тўрт йил ичида таълим тизимида қилинган ўзгаришларни бир оғиз гап билан ифолаш ниҳоятда қийин. Ўн бир йиллик мактаб таълимига ўтилиши деймизми, маълум бир фанларга ихтисослашган мактабларнинг ташкил этилаётганини оламизми, ўқитувчи ва тарбиячиларнинг дала ишлари ва бошқа мажбурий меҳнатга жалб этиш каби иллатларга батамом барҳам берилганини айтамизми, буларнинг ҳамма-ҳаммаси энг аввало, халқимиз кўнглидаги иш бўлди. Энг муҳими, таълим сиёсатини юритиш, бу йўналишдаги ислоҳотларнинг бориши шахсан муҳтарам Юртбошимизнинг бевосита раҳбарлиги ва қатъий назоратида эканини барчамиз чуқур англаб, ҳар қадамда ҳис қилиб турибмиз. 

Хусусан, муҳтарам Президентимиз куни кеча соҳа вакилларига йўллаган байрам табрикларида айтган гаплари биз – ҳудудий ижро органи раҳбарларига янада масъулият юклади. Эндиликда ҳафтасига бир кун таълим тизими масалалари билан шуғулланамиз.

Тўғри, шу пайтгача ҳам бу ишлар билан шуғулланардик, аммо давлатимиз раҳбарининг кечаги нутқида берилган топшириқлар бу борада тамомила янгича ёндашувни талаб қилади.

Президентимизнинг мазкур нутқида таълим сифатини ошириш, келажагимиз эгалари, умид ва ифтихоримиз бўлган фарзандларимизга ҳар тарафлама чуқур ва мукаммал билим бериш, ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини янада ошириш, уларни муттасил равишда моддий ва маънавий жиҳатдан рағбатлантириб бориш кун тартибидаги энг долзарб масала сифатида тилга олингани ҳам бежиз эмас. Бу шунчаки гап ҳам эмас, бинобарин, жорий ислоҳотлар мароми мана шу марра сари кетилаётганидан дарак бериб турибди. Қарс икки қўлдан деганларидек, мана шундай кунлар тезроқ келиши учун барчамиз белни маҳкам боғлаб меҳнат қилишимиз керак. 

Айни вақтда биз ҳам, ўз навбатида, вилоятимизда таълим-тарбия муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, муаллимлар, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш, хориждаги етакчи таълим марказлари билан илмий-педагогик ҳамкорликни кучайтириш, ўқув-тарбия жараёнларига замонавий таълим ва ахборот технологияларини, янги ўқув методикаларини жорий этиш бўйича олдимизга кўламли вазифалар белгилаб олганмиз, уларнинг нечоғлик муҳим ва шошилинч эканини яхши англаймиз ва уларнинг ечими устида доимий иш олиб борамиз.

Яна бир бор барчамизга бугунги умумхалқ байрами — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муборак бўлсин! Доимо соғ-омон бўлинг, азиз устозлар!

Эътиборингиз учун раҳмат!