Stop COVID19 Сайт тест режимида ишламоқда
ИШОНЧ ТЕЛЕФОНИ
(0 371) 200 88 11
ЯГОНА ТЕЛЕФОН
(0 371) 232 80 63

Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятовнинг Наврўз байрами муносабати билан вилоят аҳолисига табриги

Ҳар йили   яшариш ва янгиланиш,  тинчлик ва эзгулик рамзи – Наврўз айёми ўзгача кайфиятда кутиб олинади.  

Табиатнинг гўзаллигига пешвоз чиқиш ўзгача бўлиб, Наврўз билан боғлиқ миллий қадрият ва маросимларни бошқа байрамлар билан солиштириб бўлмайди.

Фурсатдан фойдаланиб,  вилоятимиз аҳлини меҳр-мурувват, яшариш ва янгиланиш фасли Наврўз айёми билан чин қалбимдан  табриклайман.

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, “Авесто” замонларидан буён сақланиб келинаётган қадимий урф-одатларимизда асрий  удумлар  мужассам эканлигини  кузатиш мумкин. Наврўз азал-азалдан меҳр-мурувват, оқибатлилик тантанаси ҳисобланади.

Байрам арафасида  вилоятимизни  янада кўркам ҳудудга айлантириш борасида ташкил этилган ҳашарда иштирок этган  ёшу кексаларимизнинг ободликка қўшган ҳиссалари алоҳида эътибор ва эътирофга лойиқ бўлди десак, асло муболаға бўлмайди.

Зеро, ободлик ҳар биримизни хонадонимиз, кўчамиз, маҳалламиз ҳамда  кўнглимиздан бошланади.  Ушбу туйғулар барча гўшаларни  чирой очишига, ҳудудларни обод этишга  чорлайди.

Вилоятнинг барча ҳудудларида “Яшил келажак” акцияси номи остида дарахт экиш тадбирлари давом этаётганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Хусусан, акция доирасида вилоят бўйича 2 миллион тупга яқин мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экиш кўзда тутилган бўлиб, бу борада  амалий ишлар олиб борилмоқда.

Тошкент вилоятида амалга оширилаётган ишлар ва кўзда тутилган режалар  ҳақида гап кетганда, аввало,  кейинги йилларда  вилоят  экотуризм масканига айланиб бораётгани, шу боис, вилоятга келиб-кетувчи сайёҳларнинг сони ортганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Хорижлик сайёҳлар фикрига кўра,  биргина Бўстонлиқ тумани асосан, уч жиҳати билан уларни ўзига ром этаркан. Биринчиси, ҳудуднинг ўзига хос иқлими бўлса, иккинчиси, у ердаги ажабтовур табиат ёдгорликлари, учинчиси эса антиқа таомлари экан. Аслида вилоятда эътироф этса арзийдиган масканлар ҳақида кўп гапириш мумкин. 

Хусусан, Паркент туманидаги Ҳазрат Али Бува, Заркент ота, Шодмалик бобо,  Ғавсул Аъзам, Зангитоа туманидаги Зангиота, Анбар биби мақбараси Бекобод туманидаги Қизил мозор, Пискент-Олмалиқ йўналишидаги Бўғзиён ота зиёратгоҳлари, Бўстонлиқ туманидаги Қуласа шаршараси,  Оқсоқ ота минг йиллик арчаси, Зомбот шаршараси,  Киндиктепа ёдгорлиги,  Олмалиқ шаҳри атрофидаги Қирқ қиз булоғи, Сардоба ва бошқалар шулар жумласидандир. 

Иқтисодиётимизнинг етакчи соҳа ва тармоқлари жадал тараққий топаётгани, вилоятда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг дунё бозорида рақобатдошлиги ортиб бораётгани – буларнинг барчаси эришилаётган ютуқларнинг мустаҳкам пойдеворидир.

Давлатимиз раҳбарининг кўрсатма ва топшириқларидан келиб чиқиб, бугунги кунгача вилоятда фаол инвестиция муҳитини яратиш, саноат ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш, мавжуд ресурслардан тўлиқ ва сифатли фойдаланиш эвазига янги иш ўринларидан иборат лойиҳаларни  амалга ошириш кўзда тутилган.

Хусусан, йил бошидан буён,  қурилиш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, коммунал, ички йўлларни  таъмирлаш  борасида бир қанча ишлар амалга оширилди.

Ўзаро ҳамжиҳатликда истиқомат қилаётган Тошкент вилоятидаги инсонларнинг эртанги кундан умиди катта, улар азал-азалдан ҳалол меҳнати, шижоаткорлиги билан ҳурмат топиб келган. Бу ташаббускорлик эса барчани янгидан-янги бунёдкорликларга, толмасдан меҳнат қилишга чорлайди.

Таъкидлаш жоизки, вилоят маркази  Нурафшон шаҳри ҳам энига, ҳам бўйига кенгаймоқда. Янги йўллар, кўчалар барпо этилмоқда. Улар атрофида кўп қаватли уйлар қад ростламоқда. Маъмурий бинолар, маиший хизмат уйлари, савдо дўконларидан ташқари болалар учун ўйингоҳлар, спорт майдонлари, ранг-баранг товланувчи фавворалар ишга туширилмоқда. Бу ерда ўқув юртлари қад ростлайди. Янги, обод масканлар пайдо бўлади. 

Одатда, ҳар бир шаҳарнинг ўзига хослигини намоён қилувчи жиҳатлари бўлади. Масалан, Самарқанд, Бухоро, Хива тарихий обидалари, ёдгорликлари, Наманган гуллари, Термиз мамлакатимиз жануби ва Аму бўйидаги жилвакор шаҳар деб эътироф этилади. Нурафшон замонавий шаҳарсозликда мамлакатимизда эътирофга муносиб  шаҳар бўлади.

Ҳурматли вилоятимиз аҳолиси, сизларни яна бир бор меҳр-мурувват, яшариш ва янгиланиш фасли бўлган Наврўз байрами билан чин дилдан табриклайман. Барчангизга соғлиқ-саломатлик, ишларингизга ривож, бахт, саодат тилайман. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин. Сўзимнинг якунида ҳаммага буюк Алишер Навоий бобомизнинг “Ҳар кунимиз Наврўз бўлсин!” деган сўзларини эслатиб, ҳар бир кунимиз байрам бўлсин дейман.