Stop COVID19 Сайт тест режимида ишламоқда
ИШОНЧ ТЕЛЕФОНИ
(0 371) 200 88 11
ЯГОНА ТЕЛЕФОН
(0 371) 232 80 63

Тошкент вилояти ҳокими Даврон Абдуфаттоҳович Ҳидоятовнинг “Ўзбек тили байрами” кунига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимдаги табрик сўзи

Ассалому алайкум азиз дўстлар, тилимиз фидойилари!

Қадрли ёшлар, тадбир иштирокчилари!

Авваламбор, Сиз азизларни бугунги қувончли айём – Ўзбек тили байрами куни билан самимий муборакбод этаман.

Ҳаммамизга маълумки, Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонуни билан 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди. Халқимизнинг асрий орзу умидларини ўзида ифода этган бу байрам бугун юртимизда асл миллий айёмлардан бири сифатида кенг нишонланмоқда.

Албатта, дунёдаги энг қадимий ва бой тиллардан бири бўлган она тилимиз халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир. Янги Ўзбекистон Учинчи Ренессанс остонасига қадам қўяр экан, биз учун бу йўлда энг катта куч, руҳий қувват ва маънавий шижоат манбаи, энг аввало, фахру-ғуруримиз рамзи бўлган она тилимиз, унинг бетакрор таровати, она алласидек ёқимли жозибасидир десак, асло хато бўлмайди. Зотан, аждодларимиз, ота-боболаримиз айнан она тилимиз орқали жаҳонга ўз сўзларини айтиб келганлар. Шу тилда буюк маданият намуналарини, улкан илмий кашфиётлар, бадиий дурдоналарни яратганлар.

Бугунги кунда ер юзида 7 мингдан зиёд тил мавжуд бўлса, уларнинг фақат 200 га яқини давлат тили ёки расмий тил мақомига эга. Шулардан бири бизнинг она тилимиз экани барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлаши керак.

Ҳозирги вақтда ўзбек тилида сўзлашувчилар сони жаҳон миқёсида 50 миллион кишига яқинлашиб қолди. Бу она тилимизнинг дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат беради.

Ўзбек тили давлат тили сифатида халқимизни бирлаштирадиган, жамиятимизни улуғ мақсадлар сари сафарбар этадиган қудратли куч бўлиб майдонга чиқди.

Катта авлод вакиллари яхши эслайдилар, бундан 32 йил муқаддам ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши, Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги сари қўйилган биринчи дадил қадами эди. Шу маънода, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, бойитиб бориш озодлигимиз, эркин ва фаровон ҳаётимизни асраш, демакдир. Зеро, дунёда ўзбек тили борлиги учун ўзбек деган миллат бор, ўзбек деган миллат борлиги учун Ўзбекистон деган давлат бор! Мустақил юртнинг давлат тили бўлган ўзбек тили бирлигимиз, борлигимиз рамзидир.

Мана шу ҳақиқатни ҳеч ким, хусусан, ёшларимиз асло унутмаслигини, тилга эътибор, тилга муҳаббат ва садоқатни ор-номус деб билишларини жуда истар эдим.

Ҳурматли байрам иштирокчилари!

Она тилимиз – миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғидир. Шундай экан, унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш бизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир.

Давлат тилига бўлган доимий эътибор ва ғамхўрлик барчамизнинг фаолиятимизда бундан буён ҳам энг устувор вазифа бўлиб қолади. Бу олижаноб ҳаракатни ҳар биримиз ўзимиздан, ўз оиламиз ва жамоамиздан бошлашимиз, она тилимизга, урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга меҳримизни амалий фаолиятда намоён этишимиз керак.

Сўзимнинг якунида сизларни ва сиз орқали вилоятимиз аҳлини яна бир бор “Ўзбек тили байрами куни” билан чин қалбимдан табриклайман. Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилаларингизга файзу барака, бахту саодат тилайман.

Она тилимиз, қудратли давлат тили бўлган ўзбек тили ҳамиша безавол яшасин, доимо мағрур ва баралла янграсин.

Эътиборингиз учун раҳмат!