Bizning yangi veb saytimiz
ИШОНЧ ТЕЛЕФОНИ
(0 371) 200 88 11
ЯГОНА ТЕЛЕФОН
(0 371) 232 80 73

Расмий муносабат

photo2021-09-0813-09-40.jpg

Ижтимоий тармоқларда “Тошкент вилояти ҳокимлиги хизматда фойдаланиш учун  “Chevrolet Malibu” ва “Tracker” автомобилларини сотиб олди”, каби сарлавҳали хабар юзасидан расмий муносабат.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси ва “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг 6, 25-моддаларига асосан, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 апрелдаги “Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспорт воситаларидан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 258-сон қарорига мувофиқ вилоят маҳаллий бюджетининг 2021 йил II чорак якуни билан шаклланган даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан вилоят ҳокимлиги томонидан бир дона “Chevrolet Malibu” ҳамда “Tracker” русумли хизмат автотранспорт воситаларини харид қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун 610 миллион сўм ажратилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимининг жорий йил 26 августда тегишли фармойиши қабул қилинган.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, бугунги кунда Тошкент вилояти ҳокимлиги учун Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида 18 та хизмат автотранспортлари ажратилган. Вилоят нисбатан катта ва унинг салмоқли қисми тоғли ҳудудлардан иборат бўлгани учун мавжуд автотранспорт воситаларининг 5 таси муддатидан олдин техник носоз ҳолга келган. Уларнинг хизматга яроқсизлиги бўйича тегишли тартибда далолатномалар тузилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, вилоят ҳокими ўринбосарларининг иш фаолияти самарадорлигини ошириш, бевосита ҳудудларга чиқиш билан боғлиқ ишларни унумли ташкиллаштириш мақсадида, 369 миллион сўмлик 1 дона “Chevrolet Malibu” ҳамда 232 миллион сўмлик 1 дона “Tracker” харид қилиш бўйича 6 сентябрь куни тегишли шартномалар имзоланган.