
Пискентнинг миришкор боғбону деҳқонлари, айниқса "Мингтепа"нинг боғу роғлари ҳақида эшитмаган инсон бўлмаса керак. Сабаби, тарихи 2 ярим минг йиллар нарига бориб тақаладиган туманда ўтроқ яшаган одамлар ер билан тиллашишда ўзига хос тажриба, мактаб яратган.
Ҳозирги кунда ҳам туманнинг “Мингтепа”, “Бекобод”, “Янгиобод” ва “Бирлик” маҳаллаларида деярли ҳар бир хонадонда сўритокларда узум етиштирилади.
“Мингтепа”нинг эртапишар “чиллаки”, “оқ чиллаки”лари, ширага тўлиб, қишгача сақланадиган “ҳусайни”, “кади ҳусайни”лари, ғоят хуштаъм, майизбоп “шувилғони” (кишмиш)лари нафақат Ўзбекистон, буёғи Чимкенту у ёғи Оренбург бозорларигача машҳур, ўз харидорларига эга.
Ёз кунлари “Мингтепа”га кириб боришингиз билан кўчанинг икки бетидаги токзорларга қараб, кўзингиз қувнайди, боғларда узум қўриган болаларнинг овози қулоғингизга ёқимли чалинади. Ҳозир ҳам Пискентда чиллаки ғарқ пишган.
Маълумот учун: мазкур ҳудуддаги аҳоли томорқаларида 200 гектардан ортиқ майдонда узум етиштирилади.








