Stop COVID19 Сайт тест режимида ишламоқда
ИШОНЧ ТЕЛЕФОНИ
(0 371) 200 88 11
ЯГОНА ТЕЛЕФОН
(0 371) 232 80 63

Нурафшонда лифт саноати мутахассислари тайёрлайдиган университет ташкил этилиши мумкин

Мамлакатимизнинг Жанубий Кореядаги элчихонаси кўмагида Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳри ҳокими Музаффар Солиев ва Жанубий  Корея лифт саноати университети ректори Ли Хьюн Сок ўртасида видеоконференция орқали музокаралар ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

31bd4b82eb5ee655dc2715f2cebeeb55.png

Онлайн-мулоқотда Нурафшон шаҳрида қўшма университет ташкил этиш, лифт саноати учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Ли Хьюн Сок лифт саноати учун мутахассислар тайёрлайдиган мазкур университет фаолияти ҳақида сўзлаб берди ва Нурафшон шаҳрида қўшма университет ташкил этишга қизиқиш билдирди. Ректор ўзбекистонлик шериклар билан биргаликда лифт соҳасида таълим ва кадрлар малакасини ошириш тизимига асос солишда ҳамкорликка тайёрлигини таъкидлади. Янги университет Марказий Осиё давлатларидан ҳам ёшларни таълим жараёнига жалб этиш имкониятига эга бўлади.

Жанубий кореялик ҳамкорларнинг қизиқиш ва таклифларини қутлар экан, М.Солиев Ўзбекистон томони ушбу лойиҳани амалга оширишга тайёрлигини таъкидлади. Унинг қайд этишича, мамлакатдаги кўп қаватли биноларга ўрнатилган лифтларга юқори сифатли техник хизмат кўрсатиш зарурати мавжуд. Шу билан бирга, мамлакатимизда янги ташкил этилаётган фуқаролик-саноат объектларига лифт ўрнатиш, уларга техник хизмат кўрсатиш учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш керак.

Учрашувда томонларнинг Нурафшон шаҳридаги қўшма лойиҳани амалга оширишдаги мажбуриятлари муҳокама этилди. Хусусан, Жанубий Корея томони Ўзбекистонда лифтлар эксплуатациясида хавфсизликни таъминлаш тизимини яратиш, шунингдек, республика лифт-қурилиш саноатини янада ривожлантириш орқали келгусида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, лифтларнинг ишлашини масофадан кузатиш, уларнинг ҳолатини баҳолаш, носозликларни зудлик билан аниқлаш имконини берувчи «Лифтларни ақлли бошқариш» тизими ҳақида маълумот берилди.

Музокаралар натижасида ректор Ли Хьюн Сок бошчилигидаги университет делегациясининг музокаралар ўтказиш учун Ўзбекистонга сафарини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Янги университетда таълим жараёнини 2022 йилнинг сентябридан бошлаш режалаштирилаётгани алоҳида таъкидланди.