Stop COVID19 Сайт тест режимида ишламоқда
ИШОНЧ ТЕЛЕФОНИ
(0 371) 200 88 11
ЯГОНА ТЕЛЕФОН
(0 371) 232 80 63

Нурафшонда хорижий инвесторлар иштирокида косметика маҳсулотлари ишлаб чиқарилади

ffrkgwvudc3njpbfnriwetb6ocez813nfront.jpg

Мамлакатимизда қулай инвестиция муҳитини яратиш, хорижий инвесторларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун имкониятларни кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Натижада хорижий сармоядорларнинг мамлакатимизга бўлган қизиқиши ортиб, ҳамкорликдаги йирик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатлар кўлами кенгайиб бормоқда. Бугун ҳар бир ҳудудда хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда турли йўналишдаги ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти йўлга қўйилгани фикримизга далил бўлади.  

Яқинда Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчихонаси кўмагида Нидерландиянинг «Agroo Food Nl LTD» компанияси директори Тоерижалаи Аҳмади, Туркиянинг «Oivaa LTD» корхонаси директори Абдул Кадер ва Нурафшон шаҳри ҳокими Музаффар Солиев иштирокида музокаралар ташкил этилди. Мазкур тадбирда Нурафшон шаҳрида хорижий технологиялар асосида маҳаллий ва хорижий бозорлар учун парфюмерия ҳамда косметика маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.  

Учрашувда шаҳар ҳокими Музаффар Солиев хорижий сармоядорларга тумандаги мавжуд ресурслар, ишлаб чиқариш салоҳияти, тадбиркорлар ва хорижий инвесторлар учун яратилган имкониятлар хусусида атрофлича маълумот берди. Ҳудудда яратилган қулай инвестиция муҳити боис, бугунги кунда Буюк Британия, Германия, Туркия, Эрон, Хитой ва бошқа давлатлардан келган сармоядорлар ишлаб чиқаришнинг турли тармоқларига инвестиция киритгани ва улар муваффақиятли фаолият юритаётгани таъкидланди.  

«Oivaa LTD» компанияси директори Абдул Кадер яқин вақт давомида ўзининг инвестициявий лойиҳасини амалга оширишни бошлашини маълум қилди. Инвесторнинг фикрича, лойиҳани амалга ошириш учун қулай инфраструктурага эга бўлган 0,5 гектар ер майдони лозим бўлади. Лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллион доллардан 5 миллион долларгача бўлиши мумкин. Корхона ишга туширилиши натижасида 20 нафарга яқин маҳаллий аҳоли вакиллари учун янги иш ўринлари яратилади. Корхона Франция ва Туркия давлатларидан олиб келинадиган технологиялар билан жиҳозланади.  

Ўзаро мулоқот натижасида «Oivaa LTD» компанияси раҳбарини ҳудуддаги бўш жойлар билан таништириш ва лойиҳани яқин кунларда амалга оширишни бошлаш юзасидан келишувга эришилди.  

«Agroo Food NL LTD» компанияси раҳбари Тоерижалаи Аҳмади мамлакатимизда, хусусан, Нурафшон шаҳрида ишлаб чиқарилаётган миллий маҳсулотларнинг хорижга экспорт ҳажмини кенгайтиришга кўмаклашишга тайёр эканлигини маълум қилди. Сармоядор шу мақсадда Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчихонаси кўмагида Амстердамда «Ўзбекистон савдо уйи»ни очиш ишлари якунланганини ва унинг расмий очилиши маросими Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида бўлиб ўтишини маълум қилди.  

«Европанинг йирик шаҳарларидан бирида ўзбек савдо уйининг бўлиши хорижий ҳамкорларда миллий маҳсулотларга бўлган ишончнинг ортиши ва экспорт ҳажмининг кенгайишига хизмат қилади», деди Тоерижалаи Аҳмади.  

Томонлар Ўзбекистоннинг бренд маҳсулотлари намуналарини Амстердамда очиладиган «Ўзбекистон савдо уйи»га жойлаштириш ва хорижий экспортчилар билан шартнома тузиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан келишувга эришди.  

Таъкидлаш жоизки, бу каби лойиҳаларнинг амалга оширилиши аҳолини иш билан таъминлаш имкониятини яратади, янги ном ва бренд остидаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилиши мамлакатимиз иқтисодий тараққиётига ҳисса қўшади.