Stop COVID19 Сайт тест режимида ишламоқда
ИШОНЧ ТЕЛЕФОНИ
(0 371) 200 88 11
ЯГОНА ТЕЛЕФОН
(0 371) 232 80 63

Президент Шавкат Мирзиёев:

Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев ногиронлиги бўлган, ота-она қарамоғидан маҳрум ва етим болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилишини ўтказмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев:

Очиқ айтиш керак, бугунги кунда халқ таълими тизимига қарашли Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчаларидаги тарбиячиларнинг 95 фоизи аёллар бўлиб, болалар уларни “она” деб чақиришади.
Лекин, “ота” тарбияси-чи? Бу ердаги фарзандларимизни оилага имкон қадар яқин муҳитда тарбиялашимиз учун, албатта, “ота” ва “она” меҳрини бера оладиган тизим яратишимиз керак.
Туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда сектор раҳбарлари болаларни ҳомийлик, васийлик ва оила патронатига бериш ишларига умуман эътиборсиз.
Шу боис, соҳада мутлақо янги тизим жорий қилинади.
Биринчидан, 16 та Меҳрибонлик уйлари ва 4 та Болалар шаҳарчалари Халқ таълими вазирлиги тизимидан чиқарилиб, Миллий гвардияга ўтказилади.

Бу тизим орқали, келгусида ушбу ўғил-қизлар орасидан “Темурбеклар мактаблари” ўқувчилари ва Жамоат хавфсизлиги университети тингловчилари, Ватанимизнинг чинакам посбонлари етишиб чиқишига ишончим комил, – деди Президент. – Биргина мисол, Чирчиқ шаҳридаги 14-сонли Меҳрибонлик уйида Инха университети билан янги тизим яратган.

Шу боис, бириктирилган ректорлар Меҳрибонлик уйларига тарбиячилар тайёрлаш, кутубхона фондини бойитиш, болаларни ахборот технологиялари, хорижий тиллар, аниқ ва табиий фанларга ўргатиш ва уларни келгусида олийгоҳларга киришига кўмаклашиш муҳитини шакллантиришга, театр ва концертлар ташкил этишга масъул ва жавобгар бўладилар.

– Бир ой муддатда ҳар бир Меҳрибонлик уйи ва Болалар шаҳарчаси камида 20 тадан энг замонавий компьютер ва тезкор Интернет билан таъминлансин, – деди Давлат раҳбари. – Бир ой муддатда ҳар бир Меҳрибонлик уйи ва Болалар шаҳарчаси Инха университети, Ахборот технологиялари университети, IT марказ ва паркларга боғлаб, ўқув курсларини ташкил этилсин.

Молия вазирлиги ҳар бир Меҳрибонлик уйи ва Болалар шаҳарчаларига ўз тизимидаги иккитадан мутахассисни доимий бириктириб, ўз вақтида молиялаштириш ва ажратилган маблағларни самарали ишлатишга жавоб беради.

Бундан ташқари, шароити оғир бўлган Меҳрибонлик уйларини Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, вилоят ҳокимлари оталиққа олади.

Масалан, Давлат хавфсизлик хизмати – Бўкадаги 15-сон Меҳрибонлик уйи билан шахсан шуғулланиб, йил якунига қадар уларнинг барча муаммоларини ҳал этиб берадилар.

Шунингдек, Меҳрибонлик уйларида тарбия олаётган қизларимизнинг таълим-тарбияси, уларни балоғатга, турмушга тайёрлаш Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг асосий вазифаларидан бири бўлади.

Ушбу қизларнинг барчаси “аёллар дафтари”га киритилиб, уларни қийнаётган масалаларни жойида ҳал қилишга ҳамда Меҳрибонлик уйларидан кейинги ҳаётидаги ўз ўрнини топишига ҳар томонлама кўмаклашилади.