Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Зиёратгоҳлар

Қирқ қиз булоғи (кўл ота)

Қирқ қиз булоғи (кўл ота)
Олмалиқ шаҳридан 6 километрча ғарбда Кўл ота қишлоғи бор. Унинг юқори томонидаги тоғ тагида 40 та булоқ қайнаб ётибди. Сувларининг таъми ҳар хил. Замонавий тиббиёт уларнинг турли дардларга даво эканини тасдиқлаган. Бу ер ҳозирги пайтда зиёратгоҳга айланган. Ҳар куни Ўзбекистон ва қўшни республикаларнинг турли вилоятларидан юзлаб зиёратчилар ташриф буюришади.

Маҳаллий аҳолининг ҳикоя қилишича, VIII асрларда бу жойларда бир подшоҳ ҳукм сурган. Унинг ёлғиз қизи бўлган экан. Азалдан бу ерлар турли қазилма бойликлари, хусусан олтин конларига бой бўлгани учун бу заминга кўп мамлакатлар ҳукмдорлари кўз тиккан.

Бир куни ёв бостириб келади. Подшоҳ лашкарлари билан ёвга қарши чиқади. Бироқ ёв сон-саноқсиз эди. Енгилишини сезган подшоҳ қизига чопар юбориб, яширинишни амр этади. Қиз қирқ канизаги билан тоққа қочиб кетаётиб, душман лашкарларига дуч келади. Ор-номусини сақлаб қолиш учун қизлар ўзларини чуқурликдаги кўлга отадилар ва ҳалок бўладилар.

Орадан йиллар ўтиб, кўлнинг қуйи қисмида Кўл ота қишлоғи бунёдга келади. Қишлоқ аҳолиси кўпайган сайин сувга бўлган талаб кучая боради. Бора-бора кўлнинг суви камлик қилиб қолади. Улар кўлнинг кўзини очишга мажбур бўлишади. Бироқ сув сатҳи йилдан-йилга пасайиб бораверади. Орадан яна 100 йиллар ўтиб, кўлнинг ўрнида булоқлар ҳосил бўлади. Маҳаллий аҳоли бу ерга келиб, булоқларни санаб кўришса, жами қирқта экан. Шунда улар ота-боболари айтиб кетган ҳикояни, яъни кўлга ўзларини ташлаб, ҳалок бўлган қирқ қиз ривоятини эслашади ва унга Қирққиз булоқ дея ном беришади. Бу муқаддас маскан зиёратгоҳга айланади.

Мустақиллик йилларида аниқроғи 2003 йилга келиб, аҳоли ташаббуси билан бу ер яна одамлар гавжум бўладиган зиёратгоҳга айланди. Ҳозир аҳоли миллий байрамларни ҳам шу ерда нишонлашаяпти.


  • 791