Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ўзбекистон янгиликлари

Янги тизим: қонун ҳужжатлари ижросининг назорати...

Янги тизим: қонун ҳужжатлари ижросининг назорати...
15.02.2021

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий ислоҳотларнинг амалий натижасини аҳоли қатламининг ҳар бир аъзоси ўз ҳаётида ҳис этиши учун муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари ижроси тегишли идора ва мансабдор шахслар томонидан ўз вақтида ва самарали таъминланиши лозим.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, бугунги кунга қадар 976 та қонун, 3551 та Президент фармон ва қарорлари қабул қилинган. Сўнгги 4 йилда эса барча соҳаларда кенг кўламли ўзгаришларни амалга ошириш бўйича 150 та қонун, 2 мингга яқин фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этиш ва мониторинг қилишнинг таъсирчан тизимини яратиш бўйича Давлатимиз раҳбари томонидан Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида Адлия вазирлиги, унинг ҳудудий бошқарма ва бўлимларининг асосий вазифаси қабул қилинган ҳужжатларни масъулларга етказиш, тушунтириш, амалиётда қўллашга кўмаклашиш ва назорат қилишдан иборат бўлиши юзасидан устувор вазифалар белгилаб берилди.

Мазкур устувор вазифаларнинг амалий ижроси сифатида 2017 ‒ 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида ҳам тегишли чора-тадбирлар белгиланди.

Хусусан, Давлат дастурининг 8-бандида жорий йилнинг 1 март санасига қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини назорат қилишнинг янги тизимини йўлга қўйиш ҳамда бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган эди.

Шу ҳақдаги томонидан Мурожаатномада белгилаб берилган устувор вазифалар ва Давлат дастурида кўзда тутилган чора-тадбирларни амалий ифодаси сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.

Қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этиш ва мониторинг қилишнинг таъсирчан тизимини яратиш бўйича Вазирлар Маҳкамаси, давлат бошқаруви органлари раҳбарлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтириш мақсадида қабул қилинган мазкур Фармонда тегишли мансабдор шахсларга ижро интизомини мустаҳкамлаш юзасидан эътибор берилиши лозим бўлган қуйидаги устувор вазифалар белгиланди.

Жумладан, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар лойиҳалари тайёрланиши устидан шахсий назоратни ташкил этиш, ушбу ҳужжатларни ижрочиларга тезкор етказилиши, мазкур ҳужжатлар ижроси амалда назорат қилинишини шахсан ташкил этиш ҳамда ўз вақтида, тўлиқ ва натижали ижро этилиши шахсан танқидий таҳлил қилинишини таъминлаш ижро интизомини мустаҳкамлашдаги асосий вазифалар ҳисобланади.

Шунингдек, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш юзасидан, шу жумладан, Ҳисоб палатаси билан биргаликда соҳалар, ҳудудлар ва идоралар кесимида манзилли ва тематик таҳлилий ўрганишларни олиб бориш ва жойлардаги ҳолат мониторингини юритиш Адлия вазирлигига юклатилди.

Фармонга билан Адлия вазирлиги тизимида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини назорат қилиш бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилди.

Жамоатчилик назорати воситаларидан кенг фойдаланган ҳолда ОАВ ва ижтимоий тармоқларда давлат органлари ва ташкилотларининг қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини таъминлаш борасидаги фаолиятини «Президент қарорлари – ҳаётда ва назоратда» рукни остида ёритиш белгиланди.

2021 йил 1 майдан барча давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ижрони назорат қилиш, назорат картотекаларини юритиш ва ҳисоботларни шакллантириш фақат “Ijro.gov.uz” тизимида амалга оширилади, бунда бошқа ҳар қандай назорат дастурлари, ҳисоботлари ва базаларини юритиш амалиёти бекор қилинади.

Тизимга зарур маълумотларни ўз вақтида киритмаслик ёки нотўғри маълумотларни киритиш, бу борада Адлия вазирлиги кўрсатмаларини ўз вақтида ёки лозим даражада бажармаслик интизомий, маъмурий ва бошқа жавобгарлик чораларини қўллаш учун асос бўлади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, жамиятимизда ислоҳотларни ўзида акс этган ҳамда тегишли муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари ва уларнинг ўз вақтида ва самарали ижро этилиши, ўз навбатида мамлакат тараққиётини белгилаши билан бирга, аҳоли ҳаётида фаровонликни таъминлайди.



Манба: UzA.uz

  • 154