Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ўзбекистон янгиликлари

“Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темир йўли қурилиши масаласи муҳокама қилинди

21.05.2020
Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири Элёр Ғаниев, Қирғизистон транспорт ва йўл вазири Жанат Бейшенов ва Хитой Халқ Республикаси ислоҳотлар ва ривожланиш бўйича давлат қўмитасининг чет эл капитали ва хорижий инвестициялар департаменти бош директори ўринбосари Чжэн Чипин бошчилигида видеоконференция алоқа шаклида учрашув ўтказилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар берди.

Мамлакатимиз ташаббуси билан ташкил этилган онлайн учрашувда томонлар “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темир йўл қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича келгуси амалий чораларни муҳокама қилишди.

Хусусан, ушбу лойиҳа юзасидан тақдим этилган темир йўл қурилиши йўналишлари бўйича ягона тўхтамга келиш, лойиҳалаш ва қурилиш ишларида қўлланилаётган техник стандартлар, лойиҳани молиялаштириш манбалари ва бошқа ташкилий масалалар муҳокама қилинди.

Видеоанжуманда Элёр Ғаниев сўзга чиқиб, пандемия шароитида давлат чегаралари орқали темир йўл транспортида юкларни ташиш долзарб аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

“Санитария-эпидемиология стандартлари шартларига мувофиқ, деярли барча транспорт турларида юк ташувларига чекловлар қўйилмоқда. Карантин чоралари туфайли давлатларимиз ўртасида автомобилда юк ташувлари чекланган ҳолда амалга оширилмоқда. Мазкур жараёнда энг хавфсиз, ишончли транспорт воситаси эса темир йўл бўлиб қолмоқда. Айнан шу жиҳатнинг ўзи ҳам мазкур лойиҳани ҳаётга тезроқ татбиқ этиш зарурлиги кўрсатмоқда”, деди Э.Ғаниев.

Учрашувда Хитой ва Қирғизистон томонининг мазкур темир йўл линияси ўтиши мумкин бўлган ҳудудлар бўйича берган таклифлари атрофлича муҳокама қилинди. Тақдим этилган йўналишлар бўйича ягона тўхтамга келиш юзасидан, ҳар бир йўналиш бўйича лойиҳанинг техник ва иқтисодий жиҳатларини яна бир карра кўриб чиқишга ва келаси ҳафта худди шу форматда навбатдаги учрашувни ўтказишга келишиб олишди.


Манба: ЎзА

  • 48