Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ўзбекистон янгиликлари

Кадастр паспортини тайёрлаш муддатлари қисқартирилди

10.09.2020

Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда кўчмас мулк объекти кадастр паспортининг янги намунасини босқичма-босқич жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 сентябрдаги 535-сон «Кадастр соҳасида айрим давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарор билан кўчмас мулк объектига кадастр паспортини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.

Унга кўра, кўчмас мулк объектини кадастр ҳисобига олиш ва кадастр йиғмажилдини шакллантириш натижасида кўчмас мулк объекти бўйича электрон шаклда кадастр паспорти расмийлаштирилади.

Ариза берувчи кадастр паспортини олиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатдан ўтади.

Ўзгаришларга асосан эндиликда кадастр паспортини тайёрлаш объектнинг мураккаблигига қараб қуйидаги муддатларда амалга оширилиши белгиланди.

Кўчмас мулк объектларининг турар жойга оид қисми бўйича қуйидаги муддатларда амалга оширилади:

кўп квартирали уйдаги квартира – 3 иш кунигача;

якка тартибдаги турар жой – 5 иш кунигача;

(илгари бу муддат тегишлича 7, 10 кун эди)

Кўчмас мулк объектларининг нотурар жойга оид қисми бўйича:

умумий майдони 100 кв.м. гача - 5 иш кунигача;

умумий майдони 100 кв.м. дан 1000 кв.м. гача - 7 иш кунигача;

умумий майдони 1000 кв.м. дан 5000 кв.м. гача - 10 иш кунигача;

умумий майдони 5000 кв.м. дан 15000 кв.м. гача - 15 иш кунигача;

умумий майдони 15000 кв.м. дан 50000 кв.м. гача - 20 иш кунигача;

умумий майдони 50000 кв.м. дан ортиқ - 25 иш кунигача.

(илгари бу муддат тегишлича 10 кундан 45 кунгача бўлган)

Кадастр йиғмажилди шакллантирилгандан сўнг кадастр паспортини бериш учун тўлов миқдори қиймати кўрсатилган хабарнома (инвойс) Давлат хизматлари марказига ёки ариза берувчига электрон шаклда юборилади.

Ариза берувчи хабарномани олгандан сўнг 1 ой мобайнида тўлов қийматини тўлайди.

Кадастр паспортини бериш учун тўлов қийматлари Вазирлар Маҳкамаси қарори билан белгиланади.

Шунингдек, ушбу регламентга асосан қуйидаги ҳолларда кадастр паспортини расмийлаштириш бепул амалга оширилади:

- кўчмас мулк объекти бўйича бирламчи кадастр йиғмажилди (паспорти) мавжуд бўлиб, бегоналаштирилганда ёки объектда ўзгаришлар (реконструкция, қўшимча ва алоҳида қурилиш) мавжуд бўлмаганда;

- кўчмас мулк объектининг бир қисми бегоналаштирилганда объектнинг қолган қисмига ёки реконструкциясиз тоифаси ўзгарганда;

- кадастр йиғмажилди (паспорти) йўқолганда (яроқсиз ҳолга келганда).

Ушбу ҳолларда кадастр паспорти 3 иш куни мобайнида расмийлаштирилади.

Қоғоз шаклидаги кадастр паспорти Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали, пластик шаклдаги кадастр паспорти фақат Давлат хизматлари марказлари орқали тақдим этилади.

Эслатиб ўтиш жоизки, ушбу соҳадаги давлат хизмати Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 декабрдаги 987-сон «Кўчмас мулк объекти кадастр паспортининг янги намунасини босқичма-босқич жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари, шунингдек, Тошкент шаҳрида жойлашган кўчмас мулк объектига бўлган мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар вужудга келган, бошқа шахсга ўтган, бекор бўлган ёки кўчмас мулк объектининг ҳуқуқий ҳолати ўзгарганлигини тасдиқлаш юзасидан мурожаат қилинган тақдирда, ариза берувчига Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали давлат хизмати кўрсатилиб келинган.


К.МИРЗАЕВ,
Давлат хизматлари агентлиги
Тошкент шаҳар бошқармаси бош маслаҳатчиси
Манба: ЎзА

  • 127