Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ўзбекистон янгиликлари

Демократик сайловларга мустаҳкам-ҳуқуқий асос яратилди

Демократик сайловларга мустаҳкам-ҳуқуқий асос яратилди
15.02.2021

Маълумки, жорий йилнинг 8 февраль куни Ўзбекистон Республикасининг «Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни қабул қилинди.

Қонунга асосан миллий сайлов қонунчилигимизда кўплаб янгиликлар жорий этилди. Мазкур Қонуннинг мазмун-моҳияти ва унинг асосида жорий этилаётган янгиликлар ҳақида маълумотлар олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори Фозилжон Отахонов билан суҳбатлашдик.

– Маълумки, қонун ҳужжатлари ижтимоий ҳаётдаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилади. Албатта, бунинг учун муайян сабаб ва эҳтиёжлар инобатга олинади. Айтинг-чи, «Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши учун ҳаётий зарурат бормиди ўзи?

Ф.Отахонов: – Дарҳақиқат, ҳар бир қонун ҳужжати, авваламбор, халқнинг хоҳиш-истаклари инобатга олинган ҳолда ижтимоий ҳаётдаги у ёки бу муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш, такомиллаштириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш мақсадида қабул қилинади. Ўзбекистон Республикасининг «Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунини қуйидаги асосий учта муҳим ҳаётий эҳтиёж ва заруриятлар асносида қабул қилинганлигини таъкидлаш ўринли:

биринчидан, миллий сайлов қонунчилигини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш;

иккинчидан, фуқароларнинг сиёсий жараёнлардаги, хусусан, сайлов жараёнлардаги фаол иштирокини таъминлашга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий асосларни яратиш;

учинчидан, сайлов жараёнларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда сайловчиларга қулайликлар яратиш мақсадида ишлаб чиқилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг 29 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига Мурожаатномасида 2021 йилда бўлиб ўтадиган сайлов жараёнларига алоҳида тўхталиб, бўлажак сайлов миллий қонунчилигимиз ва умумэътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида, юксак савияда ташкил этилишига алоҳида эътибор қаратиш лозим эканлигини таъкидлаган эди. Муҳтарам Юртбошимизнинг сайлов қонунчилигини такомиллаштириш заруриятини инобатга олган ҳолда билдирган ташаббуслари ҳам Қонунни қабул қилишнинг ҳаётий эҳтиёжи мавжуд эканлигидан далолат беради.

– Барчамизга маълумки, қонун ижодкорлиги жуда мураккаб жараён ҳисобланади. Шу сабабли, мазкур қонуннинг ишлаб чиқилиши ва Қонунчилик палатасида кўриб чиқилиш жараёни ҳақида ҳам маълумот берсангиз!

– Жуда тўғри таъкидладингиз, ҳақиқатдан ҳам қонун ижодкорлиги жуда мураккаб жараён бўлиш билан бир қаторда, ўта масъулиятли эканлигини ҳам таъкидлаш жоиз. Мазкур қонун лойиҳа вақтида унинг устида Қонунчилик палатаси депутатлари бошчилигида кенг жамоатчилик, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси вакиллари, Молия вазирлиги ходимлари, сайлов соҳасида кўп йиллик тажрибага эга бўлган соҳа мутахассислари,олимлар, илмий тадқиқот ва юридик олий таълим муассасалари вакиллари, ёшлар, хорижий давлатлар ва ташкилотларнинг экспертлари билан биргаликда кўп изланишлар олиб борилди.

Аввало, айтиш керакки, қонуннинг қабул қилиниш жараёни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Конституциявий қонунларга, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги, «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги, Олий Мажлис палаталарининг регламентлари тўғрисидаги қонунлар ва уларнинг регламентларида белгиланган қоидаларга мувофиқ ташкил этилди.

Мазкур Қонуннинг ташаббускорлари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутатлари, хусусан, Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов,Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзоси Ж.Ширинов; Ўзбекистон Либерал-Демократик партиясининг фракцияси аъзоси Ш.Бафаев; Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг фракцияси аъзоси М.Варисова; Ўзбекистон экологик партиясининг фракцияси аъзоси Х.Гаппоров; Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясининг фракцияси аъзоси И.Қудратовлар мазкур қонунни қабул қилиш ташаббусини илгари сурган депутатлар ҳисобланишади.

Мазкур қонун 2021 йилнинг 25 январь куни Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Биринчи ўқиш давомида қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича депутатлар томонидан кўплаб фикрлар ва таклифлар билдирилди. Хусусан, сиёсий партиялар учун сайлов кампанияси даврида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар учун Ғазначиликда ҳисобварақлар очиш ҳамда сиёсий партияларнинг сайлов давридаги оралиқ ва якуний ҳисоботини Ҳисоб палатасига тақдим этишига доир ва бошқа муҳим масалалар юзасидан депутатларнинг эътирозлари ва таклифлари эшитилди.

Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг барча қўмиталарида ҳам кўриб чиқилиб, муҳокамалар жараёнидан ўтказилди. Унинг ҳар бир нормаси депутатлар томонидан жиддий ва синчковлик билан ўрганилди, таҳлил қилинди ва такомилига етказилди.

Шунингдек, мазкур қонун лойиҳаси бўйича Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази томонидан «Қонун лойиҳасининг инсон ҳуқуқларига мувофиқлиги юзасидан экспертиза»си амалга оширилди. Эътибор берайлик, бу амалиёт илк маротаба амалга оширилди.

Бундан ташқари, қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Юридик бошқармаси томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтининг қонун лойиҳаси бўйича илмий хулосаси тайёрланиб, тақдим этилди.

Биринчи ўқишда билдирилган таклифлар асосида такомиллаштирилган қонун лойиҳаси 2021 йилнинг 29 январь куни Қонунчилик палатасида иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. Мазкур жараёнда қонун лойиҳасидаги аксарият нормалар чиқариб ташланди ва сайлов жараёнини такомиллаштиришга қаратилган янги ва самарали механизмларни жорий этишни назарда тутувчи нормалар қонун матнига киритилди.

Хусусан:

биринчидан, «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг:

6-моддасига киритилиши таклиф этилган сиёсий партиялар учун сайлов кампанияси даврида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар учун Ғазначиликда ҳисобварақлар очишга доир норма;

10-моддасига киритилиши таклиф этилган сиёсий партияларнинг сайлов давридаги оралиқ ва якуний ҳисоботини Ҳисоб палатасига тақдим этишига доир нормалар;

16-моддасига киритилиши таклиф этилган сиёсий партиянинг уставида назарда тутилган фаолиятни молиялаштириш тўғрисидаги ҳисобот шаклини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланишига доир нормалар чиқариб ташланди;

иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг:

10-моддаси биринчи қисмига туман, шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловини ўтказиш бўйича сайлов участкаларини туман ва шаҳар сайлов участкалари томонидан тузилишини назарда тутувчи қўшимча киритилди;

21-моддаси тўртинчи қисмига Халқ депутатлари туман, шаҳар (Тошкент шаҳридан мустасно) Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари тузилмаслигига доир ўзгартириш киритилди;

44-моддасига еттинчи хатбоши сифатида киритилиши таклиф этилган сайловолди ташвиқот даврида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига ўз қўл остидаги ёки хизмат бўйича бўйсунадиган шахсларни сайловолди ташвиқотига жалб этиши ва давлат органи фойдаланиши учун белгиланган бинодан сайловолди ташвиқотида фойдаланишнинг тақиқланишига доир нормалар чиқариб ташланди;

96-моддаси биринчи қисми биринчи хатбошига туман, шаҳар комиссияси ўзига келиб тушган участка сайлов комиссияларининг баённомалари асосида сайлов натижаларини белгилашига доир қўшимча киритилди.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасининг 10 дан зиёд моддасига таҳририй ўзгартиришлар ҳам киритилди.

Шу куннинг ўзида такомилига етказилган қонун лойиҳаси иккинчи ва учинчи ўқишда кўриб чиқилиб, 30 январь куни маъқуллаш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига юборилди.

2021 йилнинг 5 февраль куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлисида қонун лойиҳаси бир овоздан маъқулланиб, имзолаш учун Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан такомилига етказилган ва халқ манфаатларига хизмат қилувчи, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда муҳим ўзгаришларни назарда тутувчи мазкур Қонун Муҳтарам Президентимиз томонидан жорий йилнинг 8 февраль куни имзоланди ва 9 февраль куни эълон қилинди.

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, «Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида»ги, «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги қонунлари ва Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

– Муҳтарам Президентимиз таъбири билан айтганда, «Қонунларнинг ягона ва бирдан-бир манбаи халқ бўлиши лозим».
Шу сабабли, қонунни ишлаб чиқиш жараёнида жамоатчиликнинг таклифлари ва муносабати ўрганилдими? Бу бўйича жамоатчилик муҳокамалари ташкил этилдими? Қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ҳақида халқни хабардор қилиш масаласига қай даражада эътибор қаратилди?

– Албатта, «Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида белгиланган талаблар асосида қонун лойиҳаси юзасидан бир неча маротаба жамоатчилик муҳокамалари ташкил этилди.

Қонун лойиҳаси илк бор 2020 йилнинг май-июнь ойларида Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди. Бу ҳали ҳаммаси эмас! Қонун лойиҳасини такомиллаштириш мақсадида Қонунчилик палатаси томонидан рақамли технологиялар воситасида яна жамоатчилик муҳокамалари ташкил этилди. Хусусан, 2021 йилнинг 23 январь куни Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайтига қонун лойиҳаси жойлаштирилиб, у бўйича оммавий муҳокамалар ташкил этилди, фуқароларнинг таклиф ва мулоҳазалари ўрганилди. Оммавий муҳокама натижасида фуқаролар томонидан 2 мингга яқин таклифлар ва муносабатлар билдирилди. Келиб тушган таклифларни таҳлил қиладиган бўлсак, таклифларнинг 85 фоиздан зиёди қонун лойиҳасида назарда тутилган сайлов соҳасидаги янгиликларни тўлиқ қўллаб-қувватлашни назарда тутади.

Шу ўринда бир нарсага алоҳида эътибор қаратиш лозим, яъни қонун лойиҳасига нафақат мамлакатимиздаги фуқаролар, балки хорижда ўқиётган ва меҳнат қилаётган фуқаролар ҳам ўз таклиф ва мулоҳазаларини юборишди. Хусусан, Япония, Россия ва Чехия давлатларидан юртдошларимиз ҳам сайлов жараёнидаги ўзгаришларга нисбатан ўз ижобий муносабатларини билдиришди. Хусусан, сайловларда овоз беришда хорижий давлатларнинг маҳаллий вақтларини инобатга олиш, сайловларни ўтказиш муддатини куз фаслига кўчириш, электрон воситалар орқали хориждаги сайловчиларнинг рўйхатини шакллантириш каби масалалар юзасидан таклифлар ва фикрлар шулар жумласидан.

Шунингдек, қонун лойиҳаси бўйича Қонунчилик палатаси томонидан кенг жамоатчилик иштирокида жонли мулоқотлар тарзида давра суҳбатлари ҳам ташкил этилди.

Қонуннинг мазмун-моҳиятини халқимизга етказиш, асослантирилган тушунтиришлар бериш мақсадида Қонунчилик палатаси депутатлари, сенаторлар, амалиётчи мутахассислар, илмий тадқиқот ва олий таълим муассасалари ходимлари, Ёшлар парламентлари аъзолари томонидан оммавий ахборот воситаларида 100 дан зиёд чиқишлар қилинди, марказий босма нашрларда 50 га яқин илмий-оммабоп мақолалар эълон қилинди.

– Маълумки, Қонун қабул қилиниши билан сайловларни ўтказишнинг муддати ўзгартирилди. Бундай ўзгартириш киритишга нималар сабаб бўлди? Сайловларни ўтказиш муддатини ўзгартиришга аслида эҳтиёж бормиди? Бу бўйича хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилдими?

– Ўзгартиришга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланди.

Сайловларнинг декабрь ойида ўтказилиши қуйидаги ноқулайликларни юзага келтираётган эди:

биринчидан, сайловлардан кейинги сиёсий тадбирлар, яъни Олий Мажлис палаталарининг биринчи мажлисларини ўтказиш, Ҳукуматни шакллантириш, Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини ўтказиш янги йилнинг биринчи чораги охирига қадар чўзилиб, натижада тегишли йилга мўлжалланган Давлат дастурини қабул қилиш ва бошқа ислоҳотларнинг кечиктирилишига сабаб бўлаётган эди;

иккинчидан, декабрь ойи қиш мавсумига тўғри келиши сабабли сайловолди ташвиқоти тадбирларини кенг қамровли ўтказиш ва унда сайловчиларни жалб этишда қатор ноқулайликлар келиб чиқаётган эди;

учинчидан, сайлов муддати аксарият хорижий давлатларнинг байрамлари арафасига тўғри келиши сабабли халқаро кузатувчиларнинг сайловда иштирокини таъминлашда муайян қийинчиликлар юзага келаётган эди.

Сайловларни ўтказишнинг сайловчилар, номзодлар ва халқаро кузатувчилар учун қулай бўлган янги ва самарали механизмларини жорий этиш мақсадида ишлаб чиқилган мазкур ўзгартириш Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тавсияларига ҳам тўлиқ мос эканлиги билан аҳамиятга эга ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, қонун лойиҳасини кўриб чиқиш ва такомиллаштириш жараёнида Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти Олий Мажлис палаталарига яқиндан кўмаклашган ҳолда, қонун лойиҳаси такомиллаштириш билан боғлиқ жараённи илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлашда иштирок этди.

Алоҳида тўхталиб ўтмоқчи эдим, Қонун парламент палаталари томонидан кўриб чиқилиши жараёнида 20 га яқин хорижий давлатларнинг қонунчилиги ва бу борадаги тажрибаси ўрганилди, чуқур таҳлил қилинди. Хусусан, хорижий тажриба шуни кўрсатмоқдаки, асосан иқлими иссиқ бўлган жанубий ярим шар давлатлари, масалан, Гана, Миср, Нигерия, ЖАР, Жазоир, Венесуэла, Доминика, Сан Маринода сайловлар декабрь ойида ўтказилади; АҚШ, Швейцария, Испания, Уругвай, Чили, Босния, Иордания, Молдова давлатларида эса сайловлар октябрь-ноябрь ойларида бўлиб ўтади.

Бундан кўриш мумкинки, сайловларни ўтказиш муддатининг куз фаслига (октябрь ойига) кўчирилиши хорижий давлатлар тажрибасида ўзини ҳар жиҳатдан оқлаган ва синовдан ўтган ижобий тажриба ҳисобланади.

– Сизнингча, қонунда белгиланган сайловларни молиялаштириш билан боғлиқ ўзгартириш ҳақиқатдан ҳам сайловларга ажратилган маблағлардан фойдаланишни назорат қилишда оқилона ечим бўла оладими?

– Сайлов жараёнларини молиялаштириш билан боғлиқ ҳолатларнинг очиқлигини таъминлаш, маблағларнинг сарфланиши устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш муҳим аҳамият касб этади.

Шу сабабли, қонунда белгиланган сиёсий партияларнинг сайловларда иштирок этишини молиялаштириш билан боғлиқ нормаларни қуйидаги ижобий жиҳатлари билан изоҳлаш ўринли бўлади:

биринчидан, сиёсий партиялар учун ажратилган маблағларнинг ишлатилиш йўналишларининг аниқ белгиланиши уларнинг мақсадли сарфланишини таъминлашга хизмат қилади;

иккинчидан, давлатнинг сайловларда иштирок этувчи сиёсий партия номзодларигагина маблағ ажратиши – давлат маблағларининг тежашга, номзодлар фаолиятига ажратилган маблағларни сиёсий партиялар томонидан тўлиқ йўналтирилишини таъминлайди;

учинчидан, ажратилган маблағларнинг сарфланиши бўйича сиёсий партияларнинг молиявий интизомини янада оширади;

тўртинчидан, солиқ тўловчилар ҳисобланмиш халқнинг сайловлар учун ажратилган маблағларнинг сарфланиш ҳолати ҳақида хабардор бўлишини таъминлашга хизмат қилади.

– Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда ижобий баҳоланаётган ўзгаришлар, яъни чет давлатдаги фуқароларнинг сайловчилар рўйхатига киритилиши ва сайловчиларнинг чет давлатда турган жойидан овоз беришига доир нормалар белгиланди. Мазкур нормаларни амалиётда тўлиқ таъминлашнинг иложи борми? Агар бўлса, у қандай амалга оширилади? Бу бўйича ташкилий муаммолар юзага келиши мумкинми?

– Ҳақиқатдан ҳам Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига муҳим масалаларни ўзида ифода этган иккита янги модда киритилди. Булардан:

биринчиси – чет давлатдаги фуқароларнинг сайловчилар рўйхатига киритилишини назарда тутувчи 27-1-модда;

иккинчиси – сайловчининг чет давлатда турган жойидан овоз беришини назарда тутувчи янги 56-1-модда ҳисобланади.

Биласизми, мазкур янги моддалар ўз ижро механизмига эга бўлган нормалар сирасига киради. Негаки, уларнинг қандай ижро этилиши модданинг матнида аниқ белгиланган.

27-1-моддага эътибор қаратадиган бўлсак, унда чет давлатдаги фуқароларнинг сайловчилар рўйхатига киритилиши бўйича барча босқичлар, хусусан, чет элдаги фуқароларнинг сайловчилар рўйхатининг қандай тузилиши, чет элдаги сайловчиларнинг сайловчилар рўйхати билан танишишнинг қандай усуллар билан таъминланиши, сайловчилар рўйхатига киритиш бўйича мурожаат қилиш тартиби ва вақти, сайловчилар рўйхатига киритишнинг ташкил этилиши каби жараёнларнинг барчаси аниқ ва содда тильда ифода этилган.

Шунингдек, 56-1-моддада Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузиладиган участка сайлов комиссиялари томонидан хориждаги сайловчиларнинг турган жойларида овоз беришларини таъминлаш тартиби, овоз бериш вақти ва жойи ҳақида сайловчилар ва кузатувчиларни хабардор қилиш усуллари, овоз бериш жараёнини ўтказиш ва расмийлаштириш каби босқичларнинг барчаси барча учун тушунарли тарзда белгиланган. Шу сабабли, хориждаги сайловчилар сайловда иштирок этиш билан боғлиқ барча саволларига жавобларни айнан мазкур Қонун ва Сайлов кодексидан топишлари мумкин.

– Сайловолди ташвиқотларда иштирок этиши тақиқланган тоифаларнинг рўйхати ва хатти-ҳаракатлар белгиланишига қандай қарайсиз? Бу сайловларда чекланиш бўлиб қолишини англатмайдими? Бу бўйича хорижий давлатларда амалиёт қандай?

– Йўқ, асло, чекланиш бўлиб қолмайди! Биласизми, сайловолди ташвиқоти жараёни сайловларнинг натижасига таъсир кўрсатувчи энг муҳим босқич ҳисобланади. Буни тўғри тушунишимиз керак. Шу сабабли, мазкур жараённи турли таъсирлардан, хусусан, сиёсий ва диний қарашлардан ҳоли равишда ўтказилишини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадда, қонун билан Сайлов кодексининг 44-моддасига сайловолди ташвиқотини олиб бориши тақиқланган тоифалар ва хатти-ҳаракатларнинг рўйхатини назарда тутувчи ўзгартиш киритилди.

Унга кўра, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг раҳбарлари, сайлов комиссияларининг аъзолари, диний ташкилотларнинг профессионал хизматчилари, судьялар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимлари, ҳарбий хизматчиларнинг сайловолди ташвиқотида иштирок этиши тақиқланди.

Шунингдек, қонунда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мансабдор шахсларига ўз мансаб ва хизмат мавқеидан сайловолди ташвиқоти вақтида ҳар қандай сиёсий партиянинг ва номзоднинг фойдасига ёки унга қарши фойдаланиши тақиқланиши ҳам белгиланди.

Мазкур нормалар сайловолди ташвиқотини ўтказишда:

биринчидан, сайловларнинг холисона ва мустақил жараён сифатидаги мақомини сақлаган ҳолда ўтказилишига;

иккинчидан, барча номзодларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари таъминланган ҳолда улар учун тенг имкониятларнинг яратилишига;

учинчидан, сиёсий партияларнинг ўз дастурларида белгилаб олган устувор вазифаларини сайловчиларга етказишда турли таъсирларнинг олдини олишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Мазкур масала юзасидан ҳам хорижий давлатлар тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак, Испания, Швейцария, Қозоғистон, Италия каби давлатларда сайловолди ташвиқотини олиб боришда иштирок этиши тақиқланган шахслар ва амалга ошириши мумкин бўлмаган хатти-ҳаракатларнинг рўйхати аниқ белгиланган.

Бир сўз билан айтганда, юқоридаги ўзгартириш сайловларнинг, том маънода,«давлатнинг эртасини белгилаб берувчи сиёсий жараён» сифатидаги нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

– Қонун билан Халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари тузилмайдиган бўлди. Мазкур ўзгартиришнинг сабаблари ва аҳамияти ҳақида қисқача тўхталиб ўтсангиз.

– Мазкур саволга жавоб беришдан аввал айтмоқчи эдимки, қонунни қабул қилишда нафақат илмий, назарий ва хорижий тажриба, балки ўтган йиллар давомида мамлакатимизда сайлов соҳасида тўпланган бой амалий тажрибага ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Мантиқан қаралганда халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашига сайлов ўтказиш учун округ сайлов комиссияларини тузиш шарт эмас. Таҳлилларга кўра, ҳар бир округ ўртача 1-3 та сайлов участкалари доираси билан чекланган бўлиб, амалиётда бир неча йиллардан бери самарасиз фаолият юритиб келди. Шу билан бирга, Давлат бюджетига қўшимча харажатларни ҳам кўпайтирди. Жумладан, халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашига сайлов ўтказишда округ сайлов комиссияларининг тузилмаслиги 54 мингдан ортиқ аъзодан иборат бўлган 5 739 та округ сайлов комиссиялари фаолияти учун ажратиладиган 33,2 млрд. сўм маблағнинг тежалишига ҳам имконият беради. Мазкур маблағларни сайловларда бошқа муҳим бўлган жараёнларни молиялаштиришга сарфлаш оқилона ечим ҳисобланади.

– Сайловларда овоз бериш билан боғлиқ ўзгартириш ҳақида ҳам тушунтириш бериб ўтсангиз!

– Қонуннинг ўзига хос янгиликларидан бири шундаки, унда хорижий давлатларда овоз беришда маҳаллий вақт инобатга олинмоқда. Авваллари, сайлов қонунчилигимизда мазкур норманинг аниқ белгиланмаганлиги турли фикрларнинг юзага келишига сабаб бўлар эди. Биламизки, Ғарбий Европа мамлакатларида вақт бизникида 4-5 соатлаб фарқ қилади, бошқа давлатларда ҳам вақт борасида каттагина тафовут мавжуд. Шу сабабли, сайловларда овоз бериш вақтининг ўша давлат маҳаллий вақтига мувофиқ тарзда ўтказиш хорижий давлатлардаги сайловчиларимизнинг ортиқча саволлари туғилишини олдини олади ва уларга кўплаб қулайликларни яратиб беради.

– Биламизки, олдинлари сайловларда жонбозлик кўрсатган ва сидқидилдан меҳнат қилган сайлов комиссиялари аъзоларига компенсация тўлаш масаласи қонун даражасида мустаҳкамланмаган эди. Қонунда белгиланган бу борадаги ўзгаришларнинг моҳиятини очиб берсангиз.

– Ҳақиқатдан ҳам сайлов жуда мураккаб, машаққатли ва синовли сиёсий жараён ҳисобланади. Шу сабабли ҳам ушбу жараёнда фаолият юритишга ҳар кимнинг ҳам журъати етмайди. Сайловларда меҳнат қилган фидоий инсонлар, яъни сайлов комиссиялари аъзоларини рағбатлантириш масаласида қонунда муҳим ўзгартиришлар белгиланди.

Алоҳида қайд этиб ўтмоқчи эдим, авваллари, ҳам уларга компенсация тўлаш тартиби бор эди. Бироқ, мазкур масала таъкидлаганингиздек, қонунда эмас, аксинча, қонуности ҳужжатида белгиланган эди. Сайлов комиссиялари аъзоларининг меҳнатини рағбатлантириш масаласининг Қонун даражасида ифодаланиши, уларнинг саъй-ҳаракатларини янада қадрлаш ва эътироф этишни англатади.

Хусусан, эндиликда, сайлов комиссияларининг аъзоларига сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир харажатлар сметасида кўрсатилган миқдорда транспорт, овқатланиш харажатлари ва бошқа харажатларнинг ўрни тўлиқ компенсация қилинадиган бўлмоқда.

Шу билан биргаликда, сайлов комиссиясининг доимий иш жойига эга бўлмаган аъзоларига, шу жумладан, пенционерларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткасига мувофиқ иш ҳақи тўланадиган бўлмоқда.

Бундан кейин сайловларни ташкил этиш ва ўтказишда меҳнат қилган сайлов комиссиялари аъзоларининг меҳнатлари муносиб баҳоланади.

Шу билан биргаликда, қонун билан Марказий сайлов комиссияси аъзоларининг транспортдан фойдаланишларида ҳам қўшимча имкониятлар яратилди. Эндиликда, Марказий сайлов комиссияси аъзолари ҳам темир йўл вокзаллари, станциялари, аэропорт ва аэровокзалларининг расмий шахслар ва делегацияларига хизмат кўрсатиш залларидан текин фойдаланишлари, шунингдек хизмат гувоҳномалари асосида транспорт хизматидан фойдаланишда улардан «навбатсиз фойдаланиш» борасида ҳам қўшимча ҳуқуқларга эга бўлишмоқда.

– Мазкур Қонуннинг амалиётда тўлиқ ўз ижросини топиши нималарга боғлиқ?

– Аввало, айтиш керакки, мазкур қонуннинг барча моддалари ўз ижро механизмига эга бўлиб, уларни амалга оширишда ортиқча саволларни туғдирмайди. Қонунни ишлаб чиқаётган вақтда унинг Норма ижодкорлиги концепциясида белгиланган устувор талабларга мувофиқлигини таъминлашга ҳаракат қилинди ва бунинг уддасидан чиқилди деб бемалол айта оламиз.

Қолаверса, қонуннинг ижросини таъминлашда қуйидагиларга эътибор қаратилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди:

биринчидан, барча мутасадди ташкилотлар, хусусан, Марказий сайлов комиссияси, Давлат бошқаруви академияси, сиёсий партиялар, илмий тадқиқот ва олий таълим муассасалари, шунингдек оммавий ахборот воситалари Қонуннинг тарғиботини халққа тўғри ва тушунарли тарзда тарғибот қилишга сидқидилдан бел боғлаб ҳаракат қилиши керак;

иккинчидан, Марказий сайлов комиссияси, Давлат бошқаруви академияси, сиёсий партиялар, илмий тадқиқот ва олий таълим муассасалари томонидан сайлов қонунчилигининг асослари бўйича махсус семинар-тренинглар ва ўқув курслари ташкил этилиши керак ва натижаси мунтазам баҳоланиб борилмоғи зарур;

учинчидан, Қонуннинг амалдаги ижро ҳолати бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва кенг жамоатчиликнинг таъсирчан назорати ўрнатилиши керак.

– Сайлов соҳасидаги мазкур янгиликлар қандай амалий натижалари билан аҳамиятга молик?

– Миллий сайлов қонунчилигимиздаги мазкур ўзгаришлар қуйидаги амалий натижалари билан эътиборга лойиқ:

биринчидан, фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган сиёсий ҳуқуқларининг тўла таъминланишига;

иккинчидан, давлат бошқаруви тизимидаги энг муҳим сиёсий тадбир – сайловларнинг халқаро стандартларга мос ҳолда ташкил этилиши ва ўтказилишини таъминлашга;

учинчидан, мамлакатимизнинг сиёсий соҳадаги халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини янада мустаҳкамланишига ҳамда халқаро майдонда Ўзбекистоннинг сиёсий имижи янада кўтарилишига хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, «Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга ҳамда янги Ўзбекистоннинг янги сайловлари қонуний, адолат ва шаффоф тарзда ўтказилиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиши, шубҳасиз.



Манба: UzA.uz

  • 153