Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ўзбекистон янгиликлари

Халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистоннинг ўрни яхшиланишига тўсқинлик қилаётган омиллар, муаммо, ечим ва таклифлар...

28.05.2020
Барчамизга маълумки, бугун дунё ҳамжамиятидаги ҳар бир давлат халқаро майдонда ўзининг муносиб ўрнини эгаллашга, мавжуд салоҳиятларини янада юксалтиришга интилади. Шу жумладан, мамлакатимиз ҳам бугун дунёнинг нуфузли индикаторлари тизимида ўзининг ўрнини эгаллашга, кўрсаткичлари даражасини ижобий томонга силжитишда барча зарур чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 25 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглар ва индекслардаги ўрнини яхшилаш чор-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, шунингдек 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ижобий обрўсини шакллантириш, Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглардаги ўрнини холис ва ҳаққоний баҳолашни таъминлаш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ишлар бунинг исботидир. Бироқ мамлакатимизнинг халқаро кўрсаткичларини яхшилашга бу тадбирларнинг ўзи етарли ҳисобланмайди. Бунда соҳадаги ислоҳотлар кўлами ва самарадорлигига жиддий таъсир қилаётган ҳуқуқий омилларнинг ҳам ҳиссаси юқоридир. Шу муносабат билан жорий йилнинг 19 май санасида давлатимиз раҳбарининг “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар тенденциясига янги жозиба бахш этди.

Ушбу фармон билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига бир қатор мақсадли вазифалар юклатилди. Мазкур вазифалардан энг асосийси саналган халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикаси ўрнининг яхшиланишига тўсқинлик қилаётган ҳуқуқий омиллар юзасидан фундаментал ҳуқуқий тадқиқотлар ўтказилишини таъминлаш масаласи эса, юқорида қайд этилган устувор мақсадлар учун йўл харитаси сифатида майдонга чиқади.

Айтиш жоизки, бугун мамлакатимизни халқаро индекаторлар тизимида ўзининг муносиб ўрнини шаклланишига салбий таъсир қилувчи ички ва ташқи ҳуқуқий омиллар негизи жуда чуқур таҳлилларга бориб тақалади. Шу муносабат билан бу борадаги муаммоларни ўрганиш ва бартараф этишда дастлаб миллий қонунчилик тизимимиздаги айрим бўшлиқлар ва коллизияларнинг ҳуқуқий мониторингини янада такомиллаштириш мақсадга мувофиқдир. Албатта, бу масалада ўтган давр мобайнида кўплаб ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 ноябрдаги “ Ҳуқуқий мониторингнинг замонавий механизмлари асосида қонун ҳужжатлари ижросининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4502 сонли қарори ва унинг асосида қабул қилинган низом бу борадаги ишларнинг нечоғлик зарурлигини кўрсатди. Таъкидлаш жоизки, ваколатли давлат идоралар томонидан қабул қилинаётган ҳар бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мукаммаллиги, уларнинг қонунчилик техникаси талаблари асосида ишлаб чиқилиши норма зиддиятларини бартараф этибгина қолмай, балки келгусида юзага келиши мумкин бўлган коррупцион ҳолатларнинг ҳам олдини олади. Бу эса ўз навбатида Ўзбекистон кўп йиллардан бери кўзлаб келаётган коррупцияга қарши кураш бўйича халқаро шаффофлик индекси (International Transparency Caolition Against Corruption) рейтингида мавжуд кўрсаткичларни яхшилашга йўл очади. Мазкур масалада аниқ рақамларга тўхталадиган бўлсак, International Transparency индексининг 2019 йилги кўрсаткичларига асосан, Ўзбекистон Республикаси 183 та давлат ичида 153-ўринни эгаллаган ҳолда, рейтинг кўрсаткичлари 100 баллик тизимда 25 баллни ташкил қилаётгани салбий натижадир. Қайд этилган балл кўрсаткичи 2018 йилга нисбатан (Маълумот учун: 2018 йилда 23 балл) бор-йўғи 2 баллга кўтарилган. Шунингдек халқаро коррупция индексидаги яна бир муҳим муаммо бу сиёсий партияларни молиялаштиришдаги катта пул маблағлари коррупцияси бўлиб, бу борада ҳукумат аниқ чоралар тизимини йўлга қўйиши лозим. Ушбу вазият юзасидан, International Transparency каолицияси раиси Делия Феррейра Рубионинг таъкидлашича: “Ҳукуматлар тезда сиёсий партияларни катта маблағлар ҳисобига молиялаштирувчи коррупция ўчоқларини тартибга солмоғи зарур”.

Иккинчидан, бу масалада ҳозирга қадар жуда кўп гапирилган, амалда кўплаб ишлар бажарилган бўлса-да, лекин барибир яна вазият шуни тақозо этмоқда. Бу мамлакатда қонун устуворлиги ва суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш вазифасидир. Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 25 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглар ва индекслардаги ўрнини яхшилаш чор-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Тошкент давлат юридик университетига Ҳуқуқ устуворлиги индекси (The Rule of law index) бўйича миллий мониторинг тизими фаолиятини ташкил этиш вазифаси юклатилган. Бироқ бугун аниқ рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, халқаро қонун устуворлиги лойиҳасининг 2019 йилги кўрсаткичларига асосан, Ўзбекистон Республикаси мазкур индексга киритилган 128 та давлат ичида 92 ўринда (маълумот учун: ушбу рўйхатда 91-ўринда Филиппин, 93-ўринда Танзания) эканлиги, бу йилги ўсиш сурати атиги тўрттага юқорилаганлик факти ҳам бу борадаги ишларни янада жадаллаштириш заруриятини англатади. Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси миллий судлов тизимини янги босқичга кўтариб, судга қадар иш юритишнинг барча босқичларини тубдан ислоҳ қилиш ҳамда узоғи билан 2022 йилга қадар мазкур индексда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини қирқтага юқорилашига (камида 50 ўрин) эришиш зарур. Бунинг учун эса, илғор хорижий давлатларнинг қонунчилик тизимларини чуқур қиёсий таҳлиллар асосида ўрганиш зарурдир. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан, ТДЮУда Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик факультети ташкил этиш тўғрисидаги кўрсатмаси ҳамда ТДЮУнинг Германиянинг Регенсбург университети билан Немис ҳуқуқи ва қиёсий-ҳуқуқий тадқиқотлар марказини очиш тўғрисида келишувга эришилганлиги бу борадаги ишларнинг пойдеворига тамал тоши қўйилганидан далолатдир. Кейинчалик ҳам мазкур жабҳадаги ислоҳотларни давом эттириб, алоҳида тадқиқот институти сифатида Тошкент давлат юридик университети негизида “Қонун устуворлиги ва одил судлов муаммолари” илмий тадқиқот марказини ҳам ташкил этиш мақсадга мувофиқдир.

Учинчидан, оммавий ахборот воситаларининг эркин фаолият юритиш учун мамлакатда аниқ ҳуқуқий кафолатлар тизимини яратиш, шу жумладан, ахборот манбаларини ҳуқуқий ҳимоялаш механизмларини ишлаб чиқиш соҳасида тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш. Бундан кўзланган мақсад мамлакатимизни Worldwide press freedom index “Чегарасиз репортёрлар” халқаро ноҳукумат ташкилоти (Reporters Without Borders) рейтингида ўрнини сезиларли яхшилашдир. Ҳозирги кунда ташкилотнинг ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон мазкур индексда 156-ўринни (2019 йилда 160-ўрин) банд қилиб турмоқда. Бу эса мамлакатимизни халқаро ҳамжамиятда ахборот ресурсларидан фойдаланишида кўплаб чекловларга дучор қилиши мумкин.

Тўртинчидан, мамлакатимизни The Economist Intelligence Unit тадқиқот марказининг бешта муҳим категориялари бўйича кўрсаткичларининг ниҳоятда пастлиги, бугун Ўзбекистон Республикасини мазкур халқаро индексдаги 165 та суверен давлат ичида 157-ўринни эгаллаб қолишига олиб келмоқда. Шу муносабат билан, Ўзбекистонни мазкур халқаро рейтингда ўрнини яхшилаш учун миллий сайлов тизимидаги ҳуқуқий муаммоларга яна бир бор эътибор қаратиш лозимдир. Шунингдек, фуқаролар эркинлиги ҳамда сиёсий маданият борасида қонунчилик тармоқларини қайта ислоҳ қилиш зарурдир. Мазкур индекснинг ўзига хослиги уни баҳолаш мезонларининг мураккаблиги ва қўйилган талабларни амалга ошириш фақатгина давлатга боғлиқ бўлиб қолмай, балки фуқароларнинг сиёсий фаоллигини ҳам тақозо этишидадир. Шу жиҳатдан олиб қараганда, ушбу индикатор талабларига босқичма-босқич ўтишнинг миллий мониторинг тизимини яратиш мақсадга мувофиқдир.

Юқоридагилар асосида хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, халқаро рейтинглар кўрсаткичига таъсир қилувчи ҳуқуқий омиллар борасида яна кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Бироқ мавжуд муаммоларни қанча кўтарган сари, улар шунчалик поёнсиздек келиб чиқаверади. Шунга кўра, таъкидланган масалалар мавжуд муаммолардан парчадир. Мамлакат рейтинг кўрсаткичларини умумжаҳон миқёсида кўтаришга эришиш бирданига амалга ошириладиган иш эмас. Бу борада даставвал барча жабҳаларда босқичма-босқич, тартиб билан, халқаро стандартларга мос равишда миллий ислоҳотларни йўлга қўйиш даркор. Мазкур устувор мақсадлар йўлида мамлакатимизда фақатгина тегишли давлат идоралари эмас, балки бошқа фуқаролик жамияти институтлари, ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам дахлдорлик ҳисси билан ҳаракатланмоғи жоиздир. Халқаро сифат кўрсаткичларига тўсиқ бўлувчи ҳуқуқий омиллар борасида адлия органлари тизимли методологик асосда ишларни йўлга қўйиши мақсадга мувофиқдир. Қолаверса, давлатимиз раҳбарининг 2020 йилнинг 19 майида “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони адлия идоралари учун дастуриламал вазифасини ўташи лозим. Зеро, кучли давлат ҳуқуқий сиёсати барча жабҳаларда қонун устуворлиги ҳамда ҳуқуқий юксалиш сари йўл очади!
Манба: ЎзА

  • 139