Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ўзбекистон янгиликлари

Яшаш минимуми ва даромад солиғи ёхуд бажарилмаган вазифа

29.06.2020
Президентимизнинг Олий Мажлисга 2017 йил 22 декабрдаги Мурожаатномасида илғор хорижий тажриба асосида аҳолининг муносиб ҳаёт даражаси учун зарур бўлган даромадларни аниқлаш бўйича «истеъмол саватчаси» тушунчасини қонунчиликда мустаҳкамлаш ва уни амалда таъминлаш механизмларини яратиш вазифаси қўйилган эди. Бу вазифа 2018 йил Давлат дастурига киритилди, лекин бажарилмади.

Жорий йил 3 июнь куни Президентимиз раислигида камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида масала яна бир бор кўтарилиб, 1 октябргача тирикчилик учун зарур энг кам миқдор ва минимал истеъмол саватчасининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Давлатимиз раҳбари қўйган вазифани солиқ солиш бобида бажариш юзасидан қуйидаги фикр-мулоҳазаларни ва таклифларни билдирмоқчи эдик.

Аввало, нега Президент 2,5 йил олдин қўйган вазифа шу вақтгача бажарилмади, деган оддий савол туғилади.

Бунинг сабаби, фикримизча, иқтисодиёт ривожланишига масъул бўлган юқори бошқарув органлари – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (кейинги ўринларда - Иқтисодиёт вазирлиги деб юритилади), Молия вазирлиги ва Марказий банк масалага етарлича масъулият ва оқилона ёндашмаганлиги ва умуман ушбу идоралар фаолияти бугунги ислоҳотлар талабларига етарлича жавоб бермаслигидадир.

Молия вазирлиги иқтисодиётга нисбатан фақат бюджет даромадларини тўлдириш мақсадини кўзлаб, тор ёндашувни намойиш этиб келмоқда. Ушбу идоранинг асосий юмуши – қайси солиқлар қанча ставкада белгиланган тақдирда бюджетга қанча сумма йиғиш мумкинлиги устидагина қайғуриш бўлиб қолмоқда. Иқтисодиётнинг ҳақиқатдаги аҳволи қандай, мазкур солиқлар ва улар ставкаларининг умуман иқтисодиётга таъсири қандайлигини ўрганиш – булар гўё Молия вазирлигининг бош қотирадиган масалалари эмасдек. Бундай ёндашув эса пировардида ўз оқибатларини яққол кўрсатиб турибди – иқтисодиёт умумий ривожи даражаси етарли эмаслиги сабабли давлат бюджети даромадлари хажми жуда кам, хусусан, 2020 йил учун прогнозга кўра аҳоли жон бошига ойига 315 минг сўмдан тўғри келади. Бу эса давлат томонидан стратегик инвестицион ва ижтимоий сиёсатни самарали олиб боришга имкон бераётгани йўқ.

Солиштириш учун маълумот: аҳоли жон бошига ҳисоб-китоб қилганда Қозоғистон Давлат бюджетининг даромадлари 2019 йилда ойига тахминан $140 ни, Россияда – қарийб $170 ни ташкил этди.

Марказий банк ўз монетар сиёсатини реал иқтисодиётнинг талабларини етарлича ҳисобга олмаган ҳолда олиб бормоқда. Бош банкимиз кўп йиллар давомида пул массасининг ўсишини ва инфляцияни шундай жиловлаб турдики, бунинг натижаси кутилгандан аксинча бўлиб чиқди: миллий валюта у амалга киритилган пайтдан эътиборан бир неча минг марта қадрсизланди, 50 минг сўмлик, 100 минг сўмлик купюраларни чиқаришга эҳтиёж туғилди. Бундай кетаверса, бир миллионлик купюра ҳам чиқарилиб, кейинги қадам пул деноминацияси бўлиши аниқ…

Иқтисодиёт вазирлиги тармоқ вазирликлар ва бошқарув органларининг маълумотларини тўплайди ва умумлаштиради, вассалом – қўлга нима илинса илинди қабилида… Ваҳоланки, унинг тузилмасида макроиқтисодий таҳлилларни олиб бориши лозим бўлган бўлинмалар бўлган ва ҳозир ҳам бор. Вазирлик таркибига бутун бошли Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти киради.

Ушбу идораларда умумдавлат миқёсида чуқур ҳисоб-китоб-таҳлилий ишлар етарлича олиб борилаётгани йўқ, улар бир мақсадга йўналтирилмаган, етарли даражада ўзаро мувофиқлаштирилмаган ҳолда фаолият юритиши кузатилади. Мазкур идоралар таклиф қилаётган баъзи лойиҳа ишланмаларини кузата туриб, уларда ишлаётган мутахассислар иқтисодиётда ҳақиқатда кечаётган жараёнларнинг моҳиятини етарлича тушунмаслигига иқрор бўласан киши. Бунга, хусусан, қуйидаги далиллар гувоҳлик бериши мумкин:

- Иқтисодиёт вазирлиги 2018 йилнинг бошида 16 фоизлик ягона солиқ тўловини жорий этиш таклиф этилган лойиҳани муҳокамага қўйди. (Қаралсин https://regulation.gov.uz/ru/documents/1580.). Аслида шу пайда «ягона солиқ тўлови» деб номланган тўлов солиқ тизимимизнинг катта камчиликларидан бири эди, чунки бунда корхона тушими солиққа тортилган, тушум эса – бу даромад дегани эмас, кўп ҳолларда у харажатларни қоплайди, холос. 16% ягона солик тўлови дегани – бу 100 сўм сарфлаб 120 сўм тушумга (20 сўми фойда) эга тадбиркор 120 х 16% =19,2 сўм, яъни 19,2/20 х 100% =96% ставкада солиқ тўлайди деганидир!

2019 йилнинг ноябрида эса ўрта бизнесни қўшилган қиймат солиғидан (ҚҚС) озод этиш таклифи акс эттирилган лойиҳа ўртага ташланди. Ваҳоланки, бу пайтда солиқ ислоҳоти амалда бошланиб, унинг бош ғояларидан бири ҚҚС тўловчилар доирасини максимал кенгайтириб, мазкур солиқнинг узлуксиз занжирини шакллантириш ва шу билан солиқ тизимимизнинг ҚҚС тўловчилари ва тўловчилари бўлмаганлар ўртасидаги нотенгликдан иборат бўлган энг жиддий нуқсонларидан бирини бартараф этиш эди;

- солиқ ислоҳотлари давомида 2019 йилда яққол хатоликларга йўл қўйилди - «кирувчи» ҚҚСни ҳисобга олмаган ҳолда табақалаштирилган ставкаларда ҚҚСнинг соддалаштирилган тизими, «хронометраж кўздан кечириш», «мавзули экспресс-ўрганиш» сингари солиқ текширувларининг янги, оддий мантиққа зид турлари жорий этилди (Солиқ кодексининг янги таҳририда бу хатолар тузатилган);

- қонунчилик амалиёти ва хўжалик юритиш фаолиятида турли хил тўловларни ҳисоблаш учун иқтисодий дастаклар - базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ, айни пайтда 223 000 сўм) ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (МҲEМ, айни пайтда 679330 сўм) яхлитланмаган ҳолда белгиланиб, ҳисоб-китоблар учун мазкур дастакларнинг миқдорига юздан бир фоиз аниқликда нисбатлар ўрнатилади. Хусусан, 0,0053 ёки 2,11 ва ҳ.к. (3.12.2019 йилдаги ЎРҚ-586-сон Қонун)коэффициентлар белгиланган. Бундай «майда»кашлик ҳисоб-китоб ишларида ноқулайлик, муомаладан чиқиб кетган пул бирликларида (тийинларда) тўловларни амалга ошириш заруратини туғдиради (нақд пулда тўланганда).

ЎЗИ ОЗНИНГ КЎП ҚИСМИДАН ЎЗИ КЎПНИНГ ОЗ ҚИСМИ ЯХШИ

2018 йилгача мамлакатимизда 4 поғонали, даромад ошгани сайин ошган суммага солиқ ставкаси юқорилайдиган, прогрессив шкала деб аталадиган тартиб амал қилган. Бунда меҳнат даромадлари бўйича корхона ва ходимлар тўлайдиган жами солиқ анчайин юқори бўлган: 22,5 %гача иш ҳақи солиғи, 15% дан 25% гача ягона ижтимоий тўлов ва 8%-лик Пенсия жамғармасига суғурта бадали. Бунда ходим қўлига оладиган ҳар минг сўмга кичик корхоналарда 385 сўмдан 655 сўмгача, йирик корхоналарда эса 505 сўмдан 799 сўмгача миқдорда солиқ тўланган. Бундай ҳолат бизнеснинг борган сайин кўпроқ хуфиёна фаолият юритишга ундаган.

2019 йилда кескин даражада енгиллик берилди: 12 %-лик ясси, яъни даромад миқдоридан қатъий назар бир хил ставкада солиқ жорий қилинди. Ижтимоий солиқ барча корхоналар учун бир хил – 12 % қилиб белгиланди. Бунда ходим қўлига оладиган ҳар минг сўмга тўғри келадиган солиқ суммаси 273 сўмгача пасайди.

Лекин, фикримизча, бундан-да мақбулроқ тартиб жорий этиш имкони мавжуд ва мақсадга мувофиқдир. Зеро, ясси ставка жорий этилишида бир жиҳатдан «қош қўяман деб...», «саллани оламан деб...» қабилида иш тутилиб солиқ солинмайдиган минимум «эсдан чиқарилди». Натижада, эътибор беринг:

1 миллион сўм маош олинадиган шахснинг даромад солиғи ставкаси 13,8 %дан 12 %гача пасайтирилди, у 1,8%гина ютди, ютуқ суммаси эса 18275 сўмни ташкил қилди.

3 миллион сўм маош оладиган шахснинг даромад солиғи 22,1 % дан 12 %гача пасайтирилди, у 10,1 фоиз ютди, ютуқ суммаси эса 304125 сўмни ташкил қилди.

10 рақамининг 60 фоизи 100 рақамининг 30 фоизидан 5 баравар кам бўлгани каби солиқ юки даражаси ҳам фақат унинг ставкаси билан эмас, балки солиқ тўлангандан сўнг қоладиган сумманинг кишиларнинг тирикчилиги ва бизнеснинг юриб туриши учун етарли-етарли эмаслиги билан ҳам ўлчанади.

Дунёнинг аксарият давлатларида даромад ошган сайин солиқ ставкаси ҳам ошадиган тартиб, яъни прогрессив шкала амал қилади. Ясси ставка амал қиладиган айрим давлатларда, жумладан Россия, Қозоғистонда, прогрессив шкалага ўтиш масаласи фаол муҳокама қилинмоқда.

Хусусан, Қозоғистон Президенти Касым-Жомарт Тоқаев ҳукуматга шахсий даромадларга прогрессив шкалани жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқишни топширганини маълум қилди.

Кўпчилик ривожланган давлатларда солиқ юки биздагига қараганда анча юқори. Аммо ушбу мамлакатларда юқори солиқлар тўлангандан кейин қоладиган даромад биздагига нисбатан анча юқори даражада жисмоний шахсларнинг яшаш минимумини таъминлайди, бизнесга эса етарли даражада фойда қолдиради.

Биз эса ривожланган мамлакатлар билан солиштирганда кам тўлайми-зу, лекин бари-бир кўпчилик бизнес вакиллари ҳам, жисмоний шахслар ҳам етар-етмасликдан қутила олмайди...

САНАБ САККИЗ ДЕЙДИГАН БЎЛСАК...

Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, Президентимиз томонидан айни пайтда камбағалликни қисқартириш, аҳолининг муносиб ҳаёт даражаси учун зарур бўлган даромадларни аниқлаш, минимал истеъмол саватчаси тушунчасини амалиётга киритиш бўйича белгилаган вазифалардан келиб чиқиб, даромад солиғи тартибини янада такомиллаштириш зарур. Буни қуйидаги 2 та вариантда амалга ошириш мумкин.

1-вариант. Даромадларнинг яшаш минимумига - минимал истеъмол саватчаси қийматига тенг суммадаги қисмини солиқдан озод қилган ҳолда 2 поғонали прогрессив шкалани жорий этиш:

биринчи поғона, масалан, 679330 сўм (айни пайда белгиланган энг кам меҳнат ҳақи миқдори) ёки 800 000 сўм ёхуд 1 000 000 сўм бўлиши мумкин – 0 ставка;

иккинчи поғона - 679330 (800 000 ёхуд 1 000 000) сўмдан ошган суммага – 12 %.

Таклиф этилаётган чора қанчалик муҳимлигини Молия вазирлигининг жорий йил 1-чорагида давлат бюджети ижроси ҳақидаги материалида келтирилган иш ҳақи даражасига доир кўрсаткичлар ҳам тасдиқлайди. Вазирлик материалида келтирилишича жорий йил февраль ойида 1 млн. 767 минг кишининг, яъни 41,6 % расмий иш билан банд бўлган шахсларнинг ойлик иш ҳақи 1 млн. сўмдан ошмаган.

Бу демак, тартиб биринчи вариант бўйича такомиллаштирилса 2 миллионга яқин кишининг даромади ойига қўшимча 81 минг сўмдан 120 минг сўмгача миқдорда ошади.

2-вариант. Минимал истеъмол саватчаси қийматига тенг суммани солиқдан озод қилган ҳолда 4 поғонали прогрессив шкалани ўрнатиш.

Ҳисоб-китоблар бу тартибнинг эски тартибдан ҳам, амалдаги тартибдан ҳам афзаллигини кўрсатади. Масалан, ойига 4 миллион сўмлик даромадга:

эски вариантда солиқ энг катта сумма - 969125 сўмни, даромадга нисбатан 24,2 %ни ташкил қилади;

амалдаги вариантда солиқ ўртача миқдорда – 480000 сўмга тенг, ставкаси 12%;

таклиф қилинаётган вариантда солиқ юки энга кам: суммаси 390000 сўм, умумий ставкаси 9,75%.

Даромад 5 млн. сўм бўлганда таклиф қилинаётган вариантда 5чи миллион сўмдан 25 % тўланиши ҳисобига солиқ юки амалдагига нисбатан бироз – 0,8 %га ошиб, умумий ҳисобда амалдаги 600 минг сўм ўрнига 640 минг сўм солиқ тўланади, яъни сезиларли даражада ошмайди.

Айни пайтда (Молия вазирлигининг 2020 йил февраль ойи бўйича келтирилган расмий маълумотларга таянадиган бўлсак) амалда расмий иш билан банд бўлганларнинг 40 фоиздан ортиғи 1 млн. сўмдан кам, 90 фоизининг эса ойлик даромади 4 млн. сўмга етмайдиган иқтисодий ҳолатда 5 млн. сўмдан кўпроқ ойлик даромад олувчилар даромадининг 4 млн. сўмдан ошган қисмига 25 %-лик солиқ белгилаш, фикримизча, ижтимоий жиҳатдан адолатли чора ҳисобланади.

Таққослаш учун: даромад солиғининг максимал даражаси Германияда 45, Японияда 50, АҚШда 39,6, Хитойда 45, Ҳиндистонда 31,5, Австралияда 47, Эронда 35 фоизни ташкил қилади.

! Бутун жаҳон (Россия ва Қозоғистондан ташқари) ва мамлакатимизнинг 2019 йилдан олдинги амалиётидан келиб чиқадики, жисмоний шахсларга прогрессив шкалада солиқ солиниши - бу умумқабул қилинган иқтисодий амалиёт, ҳатто, қонуниятдир.

ХУЛОСА...

2019 йилда жорий этилган, паст даромад олувчиларга нисбатан адолатсиз, умумиқтисодий, яъни давлат бюджети манфаатлари - умумҳалқ манфаатлари нуқтаи назардан номақбул, дунёнинг деярли ҳеч бир мамлакатида қўлланилмайдиган паст ясси солиқ шкаласидан – бу тартибга ўрганиб, ёмон одатланиб қолмасимиздан олдин - 2021 йилдан бошлаб прогрессив шкалага ўтишимиз лозим.

Президентимиз 9 июнь куни иқтисодий масалалар бўйича ўтказган йиғилиши расмий хабарида айтилишича, «Йиғилишда мутасадди раҳбарлар иқтисодиётни ривожлантириш бўйича қисқа ва ўрта муддатда амалга ошириладиган ишлар юзасидан ўз таклифларини билдирди». Демак, мутасадди идораларга ишонч билдирилиб, ташаббус кўрсатган ҳолда фаол ишлашлари талаб этиляпти.

Умид қиламизки, 2,5 йил олдин қўйилган, лекин бажарилмаган, амалиётга «истеъмол саватчаси» меъёрини жорий этиш вазифаси бу гал ушбу идоралар томонидан бажарилади ва шу аснода 2021 йил солиқ концепциясида жисмоний шахсларнинг тирикчилиги учун зарур солиқ солинмайдиган энг кам миқдор умумиқтисодий қоидаси ўз аксини топади.



Манба: ЎзА

  • 104