Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ҳокимият янгиликлари

Сенатор ёшларнинг муаммосини тинглади

21.01.2021

Президентимизнинг Парламентга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни ижросини таъминлаш мақсадида ҳамда 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг 5 та устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури муҳокамаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сенатори, ОКМК бошқаруви раиси Абдулла Хурсанов Ангрен шаҳри аҳолиси ҳамда ёшлари билан учрашди.

Тадбирда Ангрен шаҳар ҳокими Шукурулло Маҳмудов ҳамда секторлар раҳбарлари иштирок этишди.

Самимий мулоқот руҳида ўтган учрашувда Абдулла Хурсанов юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан Ангрен шаҳрида амалга оширилаётган ишлар ва ўзгаришлар ҳақида тўхталиб, комбинат томонидан реконструкция қилинган, замонавий “Дельфин” ёпиқ сув ҳавзаси ангренлик ёшларга муносиб туҳфа бўлганлигини таъкидлади. Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси, “2021 йил - Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” давлат дастури лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва унга киритиладиган таклифларга ҳам алоҳида урғу бериб, барча жойлардаги сингари Ангрен шаҳрида ҳам йирик бунёдкорлик ишлари, инвестиция дастурлари муваффақиятли бажарилаётганини алоҳида қайд этиб ўтди.

Учрашув давомида Абдулла Холмуродович комбинат фаолияти, ишлаб чиқариш қувватларининг оширилиши ҳамда олиб борилаётган инвестиция лойиҳалари доирасида реконструкция ва модернизация ишлари, комбинат таркибидаги янги кон ва фабрикалар барпо этилиши ҳақидаги маълумотларни йиғилиш иштирокчилари эътиборига ҳавола этди. Ушбу янги корхоналар учун билимли мутахассислар зарур бўлиши ва бунинг учун ёшлар ўқиб, изланиб, касбни пухта эгаллашлари лозимлиги ҳам айтилди.

Учрашувда шунингдек, тадбиркорликнинг афзалликлари, кредит олишнинг тартиб-тамойиллари ҳам атрофлича тушунтирилди. Бу борада кредит олиб, тадбиркорлик билан шуғулланаётган ёшлар ҳам муносабат билдирдилар. Шунингдек, шаҳар ҳудудидаги “Алишер Навоий” номли истироҳат боғи, “Ёшлар маркази”ни реконструкция қилиш, IT парки ва туризмни ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган ишлар хусусида ҳам фикр юритилди.

Ангрен шаҳридаги барча секторлар ҳамда корхона, ташкилот, муассасалар раҳбарлари, кенг жамоатчилик ва ОАВ, вакиллари ҳамда блогерлар иштирокидаги мазкур учрашувда Ангрен шаҳридаги "Гулзор", " Майдон", "Янги Ҳаёт" маҳалла фуқаролар йиғинлари уюшмаган ёшларининг мурожаатлари ва таклифлари атрофлича кўриб чиқилди.

Асосан бандлик, фарзандларини мактабгача таълим муассасасига жойлаш, касб-ҳунар эгаллаш билан боғлиқ масалалар ечими юзасидан тегишлилиги бўйича ижрога қаратилди. Тадбир давомида сенатор ҳамда Ангрен шаҳар ҳокими ва секторларнинг раҳбарлари ёшлар ва аҳоли мурожаатларини тинглашди.

Учрашувда билдирилган мурожаат ва таклифлар ўрганилиб, ҳал этиш учун мутасаддиларга топшириқлар берилди.

Эслатиб ўтамиз, Давлат дастури лойиҳаси 276 та банддан иборат бўлиб, Президентнинг 2020 йилнинг 29 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида акс этган асосий ғоя ва таклифлари ҳамда Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган асосий вазифалар асосида ишлаб чиқилганди.


Манба: Бўка туман ҳокимлиги Ахборот хизмати

  • 231