Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ҳокимият янгиликлари

“Ғалла-2020”: мавсум эшик қоқмоқда

28.05.2020

Юртимизда ҳароратнинг тобора кўтарилиб бораётганлиги сабзавот ва меваларнинг пишиб етилишига ижобий таъсир кўрсатяпти, албатта. Ғалла ўрим-йиғимига ҳам яқин қолмоқда. Яқинда Бўка туманида “Ғалла-2020” мавсумини ўтказиш бўйича тадбир бўлиб ўтди.

Туманда жами 15 минг 150 гектардан зиёд майдонда ғалла парваришланаётган бўлиб, ҳосилни йиғиштириб олиш учун 37 та комбайн, 136 та буғдой ташувчи техникалар мавсумга шай ҳолатга келтирилган.

Мавсумда иш 37 та отрядга бўлинган ҳолда олиб борилади. Техникалар ва улардаги бирламчи ёнғин ўчириш воситаларининг созлиги ҳамда ёнғин ўчиришда фойдаланиладиган анжомлар билан тўлиқ таъминланганлиги туман Фавқулодда вазиятлар хизмати мутахассислари томонидан кўздан кечирилди.

Комбайнлар операторлари билан йўриқнома ўтказилиб, ғалла тез ёнувчан эканлиги боис, ўрим пайтида тамаки маҳсулотларини чекмаслик, оловдан фойдаланмаслик ҳамда ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг барчасига қатъий риоя қилиш бўйича тушунчалар берилди.

Ўримда қулайлик яратиш мақсадида штаб ташкил қилиниб, мавсумда иштирок этаётган ишчи-хизматчиларга дала майдонида овқатланиб олиш учун шароит яратилди. Бундан ташқари, вақтдан унумли фойдаланиш мақсадида дала майдонида носоз ҳолатга келган техникаларга хизмат кўрсатувчи кўчма устахона ташкил қилиниб, унинг 4 та техникаси ва малакали усталари хизмат кўрсатиши йўлга қўйилди.

Мавсумда қатнашадиган комбайн операторларининг ҳар бирига туман ҳокимлиги томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари берилди ҳамда туман фермерлари томонидан ҳар бир операторнинг пластик карталарига 400 минг сўмдан маблағ ўтказиб берилди. Шу билан бирга, ҳосилни ташишга жалб қилинган юк техникаларининг ҳайдовчиларига хизматларига кўра, мунтазам иш ҳақи тўлаб турилиши режалаштирилган.

Шу билан бирга комбайн операторларининг кўникмаларини ошириш мақсадида, содир бўлган ёнғинни кенг майдонга тарқалиб кетишига йўл қўймаслик ва қисқа вақт ичида бирламчи ёнғин ўчириш воситаси ёрдамида ўчириб олиш амалда бажарилди.



Манба: Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати

  • 147