Об-ҳаво
Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ҳокимият янгиликлари

“15 йил ўтса ҳамки, электр тармоғи кўчирилмади”

09.07.2019

Зангиота туманида Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчиси, вилоят 1-сектор раҳбари Рустам Холматовнинг навбатдаги сайёр қабули ўтказилди.

Оммавий сайёр қабулда вилоят бошқарма ва ташкилотлари, туман сектор раҳбарлари, мурожаатчи фуқаролар иштирок этди.

Қабулда тадбиркорликни ривожлантириш, бандлик, электр энергияси таъминотидаги камчиликларни бартараф этиш, ички йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви, уй-жой, тиббий хизмат, моддий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ 20 га яқин фуқаронинг мурожаати тингланди. Мурожаатларнинг бир қисми шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этилди. Хусусан, Эски қалъа маҳалласи фаолларининг электр энергияси билан боғлиқ мурожаатини ҳал этиш юзасидан зарур вазифалар белгиланди.

– Зангиота зиёратгоҳи кенгайиши ҳисобига 2004 йилда бизга уй-жой учун мана шу маҳалладан ер беришди, – деди Эски қалъа маҳалласидаги Мардона 3-тор кўчаси 57-уйда истиқомат қилувчи Дилором Тожибоева. – 14 та уй, шу жумладан, бизнинг уй ҳам маҳалла ҳудудидан ўтувчи ўта юқори босимли электр тармоғининг пастки қисмида жойлашган. Аввалига ушбу электр тармоғи бошқа жойга кўчирилиши ҳақида айтишган эди. Орадан 15 йил ўтса ҳамки, электр тармоғи кўчирилмади. Бу йил эрта баҳорда ушбу электр тармоғининг сими узилиб, уйимиз томини куйдирди. Уй ёнишига бир баҳя қолди. Шунақа воқеа ва эҳтимоллар сабаб доим хавотирда яшаймиз. Ахир узилганда томга эмас ҳовлига тушса нима бўларди. Ҳовлида доим болалар ўйнаб юради. Вилоят ҳокимига шу масала бўйича мурожаат қилган эдик, муаммоимизни ҳал қилиш бўйича мутасадди раҳбарларга зарур топшириқлар берди.

Сайёр қабулда маълум вақт талаб этиладиган мурожаатлар бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланиб, ижроси назоратга олинди.

Дам олиш кунлари, шунингдек, вилоят 1-сектор раҳбарининг Тошкент туманида ҳам сайёр қабули ўтказилди. Қабулда 30 га яқин фуқароларнинг мурожаати тингланиб, аксарияти жойида ижобий ҳал этилди.


Манба: ЎзА

  • 238