Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ҳокимнинг нутқ ва маърузалари

Тошкент вилояти ҳокими Ғ. Ибрагимовнинг Паркент туманида Чингиз Айтматов бюстининг очилишига бағишланган маросимдаги маърузаси

05.12.2018
Ассалому алайкум, маросим иштирокчилари!
Қадрли меҳмонлар, адабиёт ва илму маърифат ихлосмандлари!
Авваламбор, барчангиз билан бугунги адабий даврада, туркий дунёнинг энг буюк ёзувчиларидан бири, ўзбек халқининг жонажон дўсти Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллиги муносабати билан ташкил этилаётган ўзига хос адабиёт байрамида учрашиб турганимиздан бениҳоя мамнунман.
Барчамизга яхши маълумки, жорий йилнинг 2 апрель куни муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги Қарорлари эълон қилинган эди. Ўтган вақт давомида мазкур қарор ижросида доирасида вилоятимизда ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Айни кунларда бутун юртимизда бўлгани каби, вилоятимиздаги барча таълим масканларида, маданий-маърифий муассасаларда, корхона ва ташкилотларда буюк адиб ижодига бағишланган адабий кечалар, илмий-маърифий давра суҳбатлари ўтказилмоқда.
Сизлар яхши биласизки, муҳтарам Юртбошимиз қарорларида Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш, адиб хотирасини абадийлаштиришга қаратилган бир қатор хайрли ишлар қаторида юртимизнинг сўлим ва бетакрор гўшаларидан бўлган Паркент туманидаги 33-умумтаълим мактабида адиб бюстини ўрнатиш кўзда тутилган эди. Ана шу хайрли вазифа ижроси юзасидан қисқа вақт ичида бугун барчамиз меҳмон бўлиб турган мана шу илму маърифат даргоҳида барча керакли ташкилий ишлар амалга оширилиб, суюкли адибимизнинг донишмандона сиймоси акс этган улуғвор бюсти қад ростлади. Бугун барчамиз мана шу тарихий лаҳзаларда жаҳон адабиётининг пешқадам вакили, атоқли қардошимиз Чингиз Тўрақуловичнинг порлоқ хотирасига кўрсатилаётган ўзига хос эҳтиром рамзи бўлган ёдгорликнинг очилиш маросимида катта ҳаяжон билан иштирок этиб турибмиз.

Қадрли дўстлар!
Бир фикрни комил ишонч билан айтиш мумкинки, буюк ёзувчимизнинг қутлуғ таваллуд кунлари бутун халқимиз томонидан катта қувонч ва мамнуният билан нишонланаётгани бежиз эмас. Негаки, донишманд адиб Чингиз Айтматов бутун минтақамиз тинчлиги ва осойишталиги, унинг келажаги ва равнақи, қардош халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, уларни турли зиддият ва қарама-қаршиликлардан асраш йўлида фидокорона фаолият олиб борди. Шу маънода, атоқли адиб нафақат қирғиз халқининг, балки бутун башариятнинг ардоқли ва суюкли фарзандига айланган шахс эди, десак асло муболаға бўлмайди.
Барчамиз севимли адибимизнинг аллақачон Жаҳон адабиёти дурдоналари қаторидан жой олган асарларини ёшлик йилларимиздан мириқиб мутолаа қилганмиз. Унинг “Жамила”, “Сарвиқомат дилбарим”, “Биринчи муаллим”, “Момо ер”, “Алвидо, Гулсари”, “Оқ кема”, “Асрга татигулик кун”, “Қиёмат”, “Кассандра тамғаси” каби ўнлаб асарлари дунёнинг қатор тилларига таржима қилиниб, миллионлаб китобхонлар эътирофига сазовор бўлган.
Айниқса, халқимиз ёзувчининг асарларини ҳар сафар ўзгача меҳр ва қизиқиш билан қарши олади. Чунки улуғ адибнинг юртимизга, халқимизга бўлган муҳаббати, ҳурмати буюк ва туганмас эди. Чингиз Айтматов адабиётимиз, маданиятимиз тарихини бениҳоя юксак баҳолаб, “Қадим Ўзбек маданиятининг Ўрта Осиёга кўрсатган таъсирини кўҳна Византиянинг қадим Русга кўрсатган таъсири билан қиёслаш мумкин”, деган эди. Бундай адолатли ва жасоратли сўзлари адибнинг жафокаш ўзбек халқига, унинг тарихи ва тақдирига бўлган улкан меҳри ва муҳаббатининг ёрқин ифодаси эди.
Бинобарин, муҳтарам Президентимизнинг биз юқорида тилга олган қарорларида таъкидланганидек, ўтган асрнинг 80-йилларида собиқ марказ томонидан уюштирилган “ўзбек иши”, “пахта иши” каби ноҳақ сиёсий кампаниялар чоғида Чингиз Айтматовнинг адолат ва ҳақиқат куйчиси сифатида халқимизнинг шаъни ва обрў-эътиборини катта минбарлардан туриб мардона ҳимоя қилганини эл-юртимиз ҳамиша миннатдорлик билан эслайди. Бетакрор ижодкорнинг давлатимиз томонидан “Дўстлик” ва “Буюк хизматлари учун” орденлари билан тақдирлангани ҳам шундан далолат беради.
Чингиз оғанинг ўзбек адабиёти ва санъатининг йирик намояндалари билан яқин дўст ва ижодий ҳамкор бўлгани қардош халқларимизнинг бугунги дўстона муносабатларини янада мустаҳкамланишида беқиёс маънавий омил, барчамиз учун юксак ибрат намунаси бўлган эди, десак янглишмаймиз.
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар тарихида янги давр бошланган ҳозирги пайтда Чингиз Айтматовнинг ўлмас бадиий мероси халқларимиз учун янада муҳим аҳамият касб этмоқда. Унинг гуманизм ва эзгулик ғояларини, миллий ва умумбашарий қадриятлар, турли миллатлар ва элатлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлашга қаратилган баркамол асарлари мамлакатимизда минг-минглаб нусхаларда, қайта ва қайта нашр этилмоқда.

Ҳурматли маросим иштирокчилари!
Сўзим якунида, мана шу фурсатдан фойдаланиб, барчангизни бугунги адабиёт байрами билан, қолаверса, куни кеча кенг нишонланган Бош Қомусимиз қабул қилинган кун билан яна бир бора самимий муборакбод этаман.
Эътиборингиз учун раҳмат!


Манба: Тошкент вилояти ҳокимлиги

  • 88