Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ҳокимнинг нутқ ва маърузалари

Тошкент вилояти ҳокими Ғ.Ибрагимовнинг “Конституция — халқ тақдирида” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбирдаги Маърузаси

07.12.2018
Ассалому алайкум, ҳурматли тадбир иштирокчилари!

Шу кунларда бутун халқимиз катта байрамлар шукуҳи, қувончи билан яшамоқда. Яқиндагина мамлакатимиз бўйлаб халқимиз ҳаётидаги муҳим ва шонли сана — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллиги катта тантаналар билан нишонлаган эдик, яна саноқли кунлардан кейин барчамиз катта орзу ва умидлар билан Янги 2019 йилни қарши оламиз.
Шу фурсатдан фойдаланиб, бугунги “Конституция — халқ тақдирида” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбирга жамулжам бўлган Сиз азизларни, миллий давлатчилигимиз асоси, ҳуқуқ ва эркинликларимизнинг мустаҳкам кафолати бўлган Бош Қомусимиз қабул қилинган кун ҳамда кириб келаётган Янги йил билан чин қалбимдан, самимий табриклайман.
Барчамизга яхши аёнки, мустақил тараққиёт йилларида Конституциямиз юртимизда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти, эркин бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни қуриш, халқимиз учун тинч, обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Бош қомусимиз, энг аввало, инсон ҳуқуқлари, унинг ҳаққоний манфаатлари, шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини кафолатлаб берди. Жумладан, Конституциямизнинг 13-моддасида “...инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати, бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади”, деб белгилаб қўйилган.
Хусусан, мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар ва янгиланишлар замирида ана шу умуминсоний тамойиллар мужассам. Ушбу тамойилларнинг амалда таъминланиши инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳаётий ифодасидир.
Шу маънода, поёнига етиб бораётган 2018 йил ҳар қанча синов ва машаққатлар билан кечаётган бўлмасин, бугун биз серқуёш диёримизда тинчлик ва осойишталик, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳити барқарор эканини катта мамнуният ва шукроналик билан тилга олишимиз табиийдир. Йиллар давомида йиғилиб қолган турли ижтимоий-иқтисодий муаммолар барҳам топиб, аҳоли фаровонлиги йўлида хизмат қилувчи кўплаб лойиҳалар рўёби сари дадил қадамлар қўйилмоқда. Одамлар розилигига эришиш барча сайъ-ҳаракатларимизнинг бош мезонига айланди.
Чиндан ҳам, инсон бу дунёга, энг аввало, бахтли яшаш учун келади. Эътиборлиси, мамлакатимизда имконияти чекланган кишиларга кўмаклашиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, имкон даражасида меҳнатга жалб этиш, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида иштирок этишларига эришиш ҳамда ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида доимий ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда.
Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, ҳаёт сифатини яхшилаш тизимини такомиллаштириш, таълим олиш ва ишга жойлашишда ҳар томонлама кўмаклашиш чоралари кўрилмоқда. Тақдирнинг ҳар қандай зарбаларига муносиб жавоб бериб, куч ва иродасига таяниб, фақат эзгулик йўлида олға интиладиган инсонларга далда бўлиш, уларнинг ёнида туриш, ҳаётини мазмунли қилишга, умрини узайтиришга қўлимиздан келганича ҳисса қўшишни нафақат инсоний бурч, балки фаолиятимизнинг узвий бир қисми, деб тушунамиз.
Агар бир-икки мисолларга мурожаат қилиш жоиз бўлса, айтиш мумкинки, шу йилнинг ўзида бюджет маблағлари, ҳомий ва ҳамкор ташкилотлар кўмагида жисмоний имкониятлари чекланган, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд фуқароларимиз 361 та турар-жой, 1 минг 90 дона аравача, 130 га яқин эшитиш аппаратлари, кўплаб таянч ва ҳаракат жиҳозлари билан таъминландилар. Шунингдек, 900 га яқин мурожаат қилувчиларга протез-ортопедия мосламалари етказиб берилди. 25 нафар шахснинг ўта оғир операциялари учун моддий ёрдамлар ажратилди.
414 нафар уруш ва меҳнат фахрийларига ҳамда 3 минг 425 нафар пенсионер, ногиронлиги бўлган шахслар ва ёлғиз кексаларга санатория, шунингдек, 9,5 мингга яқин беморга вилоят ва республика касалхоналарида даволаниши учун бепул йўлланмалар берилди.
Аҳолимиз саломатлигини мустаҳкамлаш учун муносиб шарт-шароит яратиш мақсадида 2018 йил давомида вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги 37 та объектда 127 млрд. 788 млн. сўмлик қурилиш-реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Жойларда шу йилнинг ўзида 23 та янги хусусий тиббиёт муассасаси ташкил этилди.
Ўйлайманки, бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларимиз бундан буён ҳам кўлам ва мунтазамлик касб этиб бораверади.

Қадрли тадбир иштирокчилари!

Биз, барчамиз бу ҳаётни эъзозлаб, умрини беназир неъмат билиб, ҳамиша яхшиликка юзланиб, ўз мақсад ва муддаолари йўлида интилиб, шукроналик билан яшаётган Сиз азизларга юксак ҳурмат ва эҳтиромимни билдиришдан бениҳоя мамнунман.
Фурсатда фойдаланиб, яна бир бор барчангизни мамлакатимизда кенг нишонланаётган қўшалоқ байрамлар, хусусан, кириб келаётган Янги — 2019 йил билан яна бир карра қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, узоқ умр, оилаларингизга тинчлик ва осойишталик тилайман!

Эътиборингиз учун раҳмат!


Манба: Тошкент вилояти ҳокимлиги

  • 86