Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ҳокимнинг нутқ ва маърузалари

Вилоят ҳокими Ғ.Ибрагимовнинг Қуйи Чирчиқ туманида янги мактабгача таълим муассасаларининг очилиш маросимидаги Табрик сўзи

11.12.2018
Ассалому алайкум, муҳтарам нуронийлар, азиз ота-оналар, мураббий ва тарбиячилар!

Авваламбор, Қуйи Чирчиқ тумани аҳлини бугунги ўзига хос шодиёна — эртамиз эгалари бўлган фарзандларимизнинг порлоқ келажаги, бахту иқболи учун хизмат қиладиган мана шундай ажойиб мактабгача таълим муассасаларининг қуриб битказилгани ва фойдаланишга топширилаётгани билан қизғин муборакбод этаман.
Мана шундай қувончли дамларда буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг “Тарбия — биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё саодат, ё ҳалокат масаласидир”, деган жудаям чуқур маъноли сўзлари беихтиёр хаёлимиздан ўтади. Чиндан ҳам, бугун манфаатлар кураши жудаям кескин тус олган дунёда ўзининг эртанги истиқболини, фарзандларининг ёрқин келажагини ўйлайдиган ҳар қандай давлат, ҳар қандай жамият таълим-тарбия тизимига энг биринчи масала деб қараши керак.
Ҳаммамиз ҳам бу дунёда болам, деб яшаймиз. Орзу умидларимиз рўёбини фарзандларимиз камоли билан боғлаймиз. Фарзандларимиз ҳеч кимдан кам бўлмаслигини истаймиз.
Шу маънода, муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев давлат раҳбари этиб сайланган илк паллаларданоқ мамлакатимизда эртанги кунимизнинг эгалари, ватанимиз келажагининг порлоқ умидлари бўлган азиз фарзандларимиз учун, уларнинг таълим-тарбияси учун шундай катта эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиб, таълим-тарбиянинг энг биринчи ва асосий бўғини бўлган мактабгача таълим тизимини юксалтиришга нечоғлик чуқур аҳамият қараётганларининг моҳиятини, ўйлайманки, барчангиз яхши тушунасиз. Ҳудди шу асосда вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида охирги бир, бир ярим йил ичида хусусий ва давлат ижтимоий шерикчилиги асосида ўнлаб янги боғчалар ташкил этилди ва бу жараён ҳамон давом этаяпти.

Азиз дўстлар!
Бу ҳақда гап кетганда, давлатимиз раҳбарининг “Ёшлар — келажагимиз” давлат дастури тўғрисида”ги ёки “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” каби йирик ва кўламли дастурларни амалга оширишга қаратилган бир қатор фармон ва қарорларини тилга олишнинг ўзи кифоядир. Мазкур тарихий қадамлар биринчи навбатда қишлоқ аҳли, хусусан, шу ерда ўсиб, вояга етаётган ёш авлод ҳаётида мисли кўрилмаган бурилиш, янгиланиш палласини бошлаб берганига бугун ҳаммамиз гувоҳмиз. “Обод қишлоқ” дастури доирасида биргина Абай қишлоғида кейинги пайтлар юз бераётган янгиланишларни оламизми, ёки айнан бизнинг Қуйи Чирчиқ туманида илк бор тажриба тариқасида бошланган “Ёшлар — келажагимиз” давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини оламизми, буларнинг барчаси охир-оқибатда қишлоқда одамларнинг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, хонадонларга файз-тароват, қут-барака, фаровонлик олиб кириш, бир сўз билан айтганда, одамларни ҳаётдан рози қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Бугун сизу биз гувоҳ бўлиб турган мана шу таълим муассасасининг фойдаланишга топширилиши ҳам ҳудди шу йўналишдаги ишларимизнинг узвий давоми ва яна бир амалий натижасидир.
Кези келганда шуни ҳам айтиш жоизки, бугун Қуйи Чирчиқ туманида болажонларимизни мактабгача таълим тизимига қамраб олишнинг аҳволи, афсуски, мақтанадиган даражада эмас. Туманда бор йўғи 20 та боғча бўлиб, уларнинг ҳам 5 таси мослаштирилган биноларда жойлашган.
Айнан шу жиҳатдан олиб қараганда, бугун Қуйи Чирчиқда бир йўла иккита — Абай маҳалла фуқаролар йиғинида 100 ўринли, Уччинор маҳалласида 60 ўринли мактабгача таълим муассасаларининг мутлақо янгиланган, замонавий биноларининг фойдаланишга топширилиши туманнинг ижтимоий ҳаётида жуда муҳим воқеа, десак тўғри бўлади. Мазкур муассасалардаги қурилиш, ободонлаштириш ишлари учун 3 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфлангани ҳам бу ерда олиб борилган ишлар миқёси ва кўламидан далолат беради, албатта.
Фурсатдан фойдаланиб, мана шундай хайрли ишга бош-қош бўлган мутасаддиларга, бизни ҳамиша қўллаб-қувватлаб келган раҳбарларга, маҳалла фаоллари ва тадбиркорларга, қурувчи ва бунёдкорларимизга ўз миннатдорчилигимни изҳор этаман.
Биз ишонамиз, жисмонан баркамол, маънан етук, замонавий билим ва тараққиёт ютуқларини чуқур эгаллаган, иродаси мустаҳкам авлодни вояга етказаётган мамлакатнинг, албатта, эртаси ёруғ бўлади.
Фарзандларимизнинг нурли келажаги, бахту иқболига хизмат қиладиган бундай янги кошоналар қуйи чирчиқликларга муборак бўлсин!

Эътиборингиз учун раҳмат!


Манба: Тошкент вилояти ҳокимлиги

  • 89