Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ҳокимнинг нутқ ва маърузалари

Вилоят ҳокими Ғ.Ибрагимовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги Табрик сўзи

07.12.2018
Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!
Қадрли меҳмонлар, тантанали маросим иштирокчилари!

Айни кунларда бутун мамлакатимиз бўйлаб халқимиз ҳаётидаги муҳим ва шонли сана — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллиги катта тантаналар билан нишонланмоқда.
Шу фурсатдан фойдаланиб, Сиз азизларни, бутун вилоятимиз аҳлини, мустақиллигимизни мустаҳкамлашга ўз ҳиссасини қўшаётган каттаю-кичик ҳамюртларимизни миллий давлатчилигимиз асоси, ҳуқуқ ва эркинликларимизнинг мустаҳкам кафолати бўлган Бош Қомусимиз қабул қилинган кун билан чин қалбимиздан, самимий табриклаймиз.
Барчамизга яхши аёнки, мустақил тараққиёт йилларида Конституциямиз юртимизда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти, эркин бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни қуриш, халқимиз учун тинч, обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Бош қомусимиз Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа асосий халқаро ҳужжатлар талабларига тўла мос ҳолда, инсон ва фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини кафолатлаб берди. Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳияти юксалишига, ҳаётимизнинг барча соҳаларида амалга оширилган самарали ислоҳотларга асос бўлди.
Яхши тушунамизки, ҳар қандай қонуннинг қадри ва кучи унга амал қилиш даражаси билан ўлчанади. Эътиборли жиҳати, Бош Қомусимиз асосида миллий қонунчилик тизими, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари шаклланди.
Давлатимиз раҳбари, муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев бошчилигида Асосий қонунимиз талабларини тўлиқ амалга ошириш учун 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича “Ҳаракатлар стратегияси” ҳаётимизга изчиллик билан тадбиқ этилаётганидан барчангиз яхши хабардорсиз. Мазкур ҳужжат моҳият эътиборига кўра, жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги тизимли ислоҳотларнинг “йўл харитаси”га айланди, десак асло хато бўлмайди.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, ушбу ҳаракатлар натижасида давлат ҳокимияти тизимида мутлақо янги институт – Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, жойларда Халқ қабулхоналари ташкил этилди.
Ушбу тузилмалар барча даражадаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фуқаролар билан ҳамкорлик қилиш, аҳолининг энг долзарб муаммоларини ҳал этишнинг самарали тизимига айланди. Ҳокимиятнинг халқ сайлаган вакиллик органлари – парламент, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва аҳамияти тубдан ўзгарди.

Қадрли байрам тадбири иштирокчилари!

Поёнига етиб бораётган 2018 йил ҳар қанча синов ва машаққатлар билан кечаётган бўлмасин, бугун биз серқуёш диёримизда тинчлик ва осойишталик, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳити барқарор эканини катта мамнуният ва шукроналик билан тилга олишимиз табиийдир. Негаки, миллий тараққиётимизнинг энг муҳим ва устувор жабҳаларида ҳаётга тадбиқ этилаётган ислоҳотлар меваларидан баҳраманд бўлаётган халқимизнинг эртанги кунга, давлатга, сиёсатга ишончини мустаҳкамламоқда.
Шу маънода, “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” ўз моҳиятига кўра, мамлакатимиз иқтисодиётининг жон томири бўлган хусусий бизнес вакиллари фаолиятида мисли кўрилмаган даражада бурилиш палласи бўлди.
Тадбиркорликка шунчалар ташкилий-ҳуқуқий, моддий-маънавий шароитлар яратилдики, фақат меҳнат қилиш, изланиш, соҳага инновацион ғоялар ва технологияларни олиб кириш қолди, холос. Иссиқхона хўжалигими, балиқчиликми, асаларичиликми, ё саноат тузилмасини, якка тартибдаги тадбиркорлик, оилавий корхона, хусусий корхона, қўшма корхона шаклидами, марҳамат — ҳар қандай тўсиқ ва сансоларликка барҳам берилди.
Энг муҳими, хусусий мулкнинг миқдори ва қиймати чекланмайдиган бўлди. Мулкдор ҳуқуқларининг устуворлиги таъминланди. Яъни, мулкдорнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида мулкдор ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилаяпти.
Зотан, Конституциямизнинг 53-моддасига кўра, “хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир”. Бугун ҳеч муболағасиз айтиш мумкин – ҳаракат қилган одамлар борки, ҳаёт ва меҳнат завқи, манфаатдорлик ва миннатдорлик ҳисси билан яшамоқдалар.
Ўрни келганда, шуни ҳам мамнуният билан таъкидлашни истардимки, айни кунларда, бутун вилоятимиз улкан бунёдкорлик, қурилиш ва янгиланишлар майдонига айланди. Қувончимиз шундаки, муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг беқиёс эътиборлари ва ғамхўрликлари билан вилоятимизда олиб борилаётган катта ҳажмдаги янгиланишлар жараёнида бевосита иштирокчи бўлиб, шу вазифаларга дахлдорлик ҳисси билан яшаяпмиз.
Хабарингиз бор, муҳтарам Президентимиз тез-тез вилоятимизга ташриф буюриб, сиз билан биз, бутун вилоятимиз меҳнаткашлари олиб бораётган ишларни муносиб баҳолаб, ўзларининг қимматли маслаҳат ва тавсияларини бериб турибдилар.
Мана шу эътибор туфайли йиллар давомида йиғилиб қолган турли ижтимоий-иқтисодий муаммолар барҳам топиб, аҳоли фаровонлиги йўлида хизмат қилувчи кўплаб лойиҳалар рўёби сари дадил қадамлар қўйилмоқда.
Шу ўринда эътиборингизни айрим рақамларга қаратишни истардим.
Авваламбор, ижтимоий химоянинг муҳим кафолати бўлган янги иш жойлари яратиш, одамларни муқим даромад манбаига эга қилиш борасидаги ишларимизни тубдан қайта кўриб чиқиб, барча йўналишларда кўламли дастурларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши орқали жорий йилнинг ўтган даврида қарийб 20 мингта янги иш ўринлари ташкил этишга муваффақ бўлинди.
Бу жараёнда 2017-2021 йилларда Тошкент вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига киритилган жами қиймати 13 триллион 628 млрд. сўм миқдоридаги 488 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатларимиз муҳим ўрин тутмоқда.
Таъкидлаш жоизки, вилоят мутасаддиларининг яқин ва узоқ хорижий давлатларга, хусусан, Россия, Белоруссия, Корея, Хитой мамлакатларига амалий ташрифлари доирасида умумий қиймати 1,5 млрд. доллар бўлган 42 та истиқболли лойиҳани амалга ошириш юзасидан тегишли келишувларга эришилди. Қўшни мамлакатлар билан манфаатли алоқаларимиз тобора мустаҳкамланиб бораётгани ҳам халқимиз руҳини кўтариб, барча йўналишлардаги ишларимизга алоҳида кўлам ва мазмун бағишламоқда.
Одамлар розилигига эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларимизнинг яна бир муҳим бўғини — аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжларини таъминлашга қаритилаётганидан яхши хабардорсиз, деб ўйлайман. Дарҳақиқат, ён-атрофимизда меҳнатга лаёқатлилик даражаси чекланган инсонлар, кам даромадли, эҳтиёжманд оилалар бор. Бинобарин, улар ҳам мана шу обод ватанда ҳеч кимдан кам бўлмай, бахтли ҳаёт кечиришга тўла ҳақлидирлар.
Инсон ҳаётдан қачон рози бўлади? Қачонки, у ўз уйига эга бўлса, оиласи билан тинч-тотув яшаса. Мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсат ва ислоҳотлар моҳияти, авваламбор, кучли ижтимоий ҳимояга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Эътиборли жиҳати, эндиликда уй-жойга эҳтиёжмандлар, ногиронлиги бўлган шахслар, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, хусусан, уларни уй-жой билан таъминлашнинг мутлақо янги тизими жорий қилинди. Масалан, якунига етиб бораётган йилнинг ўзида 7 минг 151 та намунавий, хизмат, идоравий уй-жойлар ва кўп қаватли уйлардаги хонадонлар қурилиши режалаштирилиб, шулардан 5 мингдан ортиғи фойдаланишга топширилди.
Ўз навбатида, шуни ҳам таъкидлашни истардимки, бу борада ҳали қилишимиз керак бўлган ишларимиз жуда кўп, белгилаб олган мақсад ва режаларимиз ҳам ниҳоятда катта. Ўйлайманки, барчамиз қўлни-қўлга бериб, белимизни маҳкам боғлаб, муҳтарам Юртбошимиз олдимизга қўйган мана шундай хайрли вазифаларни тўлиқ, бекаму кўст амалга оширамиз.
Натижада кўплаб оилаларга чинакам қувонч, чинакам бахт сурури кириб боради.
Бундан ташқари, жорий йил якунига қадар 200 га яқин ижтимоий соҳа объектларида қурилиш ва таъмирлаш ишлари поёнига етиб, халқимиз хизматига топширилади.
Шунингдек, 260 км ички ва 291 км умумфойдаланишдаги йўлларни таъмирлаш ва қуриш тўлиқ ниҳояланади. Эътиборлиси, бу борадаги ишларимиз ҳажми ўтган йилдагига нисбатан 20 фоизга кўпдир.
Аҳоли саломатлигини сақлаш, таълим-тарбия, ҳеч шубҳасиз, бугунги халқчил сиёсатнинг устувор йўналишидир.
Тан олиб айтайлик, фарзандларимиз камоли, юртимиз ва халқимизнинг порлоқ истиқболига хизмат қилувчи таълим-тарбия тизимидаги ислоҳотлар ҳеч қачон бу қадар юқори поғонага олиб чиқилмаган эди.
Муҳтарам Президентимизнинг бевосита эътибори ва жонкуярликлари билан, ўтган қисқа фурсатда соҳага оид ўнлаб фармон ва қарорлар, муҳим меърий ҳужжатлар қабул қилинди ва уларнинг изчил ижрога йўналтирилиши соҳа олдидаги муайян тўсиқ ва муаммоларни ечиш, уни замонавий талаблар асосида ривожлантиришда мустаҳкам замин бўлди. Соҳага янги тартиб-таомиллар кириб келмоқда. “Давлат-хусусий шериклиги” деган тушунча шулар жумласидандир. Ҳозирнинг ўзида янги ташкил этилган Мактабгача таълим вазирлиги кесимида талай шундай тузилмалар пайдо бўлди ва амалда муваффақиятли ишламоқда.
Дарҳақиқат, фарзандларимизни таълим-тарбиянинг асосий пойдевори бўлган мактабгача таълимга қамраб олиш имкониятларини ошириш борасида бу йил тарихий бурилиш даври бўлди, десак хато қилмаймиз. Жойларда 200 дан ортиқ нодавлат ва давлат хусусий шерикчилик асосида мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш режалаштирилгани, уларнинг аксари аллақачон бунёд этилиб, болажонларимизга қучоқ очгани фикримизнинг яққол тасдиғи бўла олади.
Дарҳақиқат, таълим тизимидаги мавжуд муаммолар бутун халқимизнинг, жамиятимизнинг долзарб муаммоларидан ҳисобланади. Уларни имкон қадар тезроқ, босқичма-босқич бартараф этиш ҳам барчамизнинг энг биринчи галдаги вазифамизга айланиши зарур.
Бугунги кунда вилоятимиздаги жами 869 та умумтаълим мактабининг 627 таси қишлоқ ҳудудларида жойлашган. Улардаги шарт-шароитларни яхшилаш, фарзандларимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмай, муносиб таълим-тарбия олишларини таъминлаш учун бундан кейин ҳам бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.
Бу жараёнда, биринчи галда, мактабларимизни малакали ўқитувчи кадрлар билан тўлдириш, ўқитувчи мақомини юксалтириш, таълим даргоҳларига эркак ўқитувчиларни қайтариш ҳақида бош қотиришимиз шарт. Ана шу эҳтиёждан келиб чиқиб, янги ўқув йилидан бошлаб 225 нафар олий ўқув юрти битирувчилари ишга қабул қилинди.
Умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган ўрта-махсус маълумотли педагогларнинг 1200 нафардан ортиғи охирги икки йил ичида олий таълим даргоҳларининг махсус сиртқи бўлимларга ўқишга қабул қилинди.
Ўқитувчиларни уй-жой билан таъминлаш мақсадида халқ таълими тизимида фаолияти олиб бораётган фидоий, тажрибали, ўқувчилари фан олимпиадалари ва нуфузли танловларда ғолиб бўлган 100 нафар ўқитувчига бошланғич бадалини маҳаллий ҳокимликлар ва ҳомийлар томонидан қоплаган ҳолда уй олиб бериш ташаббусини бошлаганмиз ва бу хайрли ишни, албатта, охирига етказамиз. Бу мақсадларнинг барчаси Бош Қомусимизда белгиланганидек, ҳар кимнинг сифатли таълим олиш ҳуқуқи, умумий ўрта таълимнинг давлат томонидан кафолатланишининг амалдаги ифодасидир.
Бош Қомусимизга кўра, жамиятда ҳар кимга сифатли ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятлари яратилиши шарт. Кейинги пайтларда юртимизда тиббий соҳадаги инқилобий ўзгаришларни мана шу конституцион ҳуқуқларимизнинг амалда таъминланишига қаратилган ҳаракатлардир, десак тўғри бўлади.
Шу йилнинг ўзида вилоятимизда 70 та янги хусусий клиника барпо этилиб, 20 тасининг фаолияти кенгайтирилгани, вилоят онкология диспансери таркибида янги бўлим иш бошлагани, Бекобод, Ўрта Чирчиқ, Юқори Чирчиқ, Бўстонлиқ, Бўка туманлари тиббиёт бирлашмаларининг имкониятлари янги бўлимлар ҳисобига оширилгани, Олмалиқда 90 ўринли болалар шифохонаси тубдан реконструкция қилиниб, ишга туширилгани аҳоли саломатлигини сақлаш борасидаги ислоҳотларнинг ҳаётий ифодаси бўлди.
Поёнига етиб бораётган йил вилоятимизда аграр соҳада, фермер ва деҳқонларимиз, умуман, қишлоқ меҳнаткашлари ҳаётида анча машаққатли ва синовли кечди, десак тўғри бўлади.
Аслида, деҳқон учун қулай ва осон келган йилнинг ўзи йўқ. Айниқса, бу йилги мавсум ҳаммамиз учун ўзига хос қийинчилик ва мураккабликлар туғдиргани, ирода ва матонатимизни яна бир бор синовдан ўтгазгани бор гап.
Кўклам ҳароратининг меъёрдагидан анча паст келгани, мавсум мобайнида кучли жала ва дўл ёққани, турли касалликларга қарши курашишга тўғри келгани, сув тақчиллиги кузатилгани барчамизга яхши маълум. Қийинчиликларга қарамай, кўп йиллик тажрибага таяниб, ишга масъулият ва жавобгарлик ҳисси билан ёндошган вилоятимиз ғаллакорлари ватанимиз ғалла хирмонига 345 минг 466 тонна сара дон етказиб бериб, шартномавий режани анча ортиғи билан бажарганликлари барчамизни чексиз қувонтиради.
Шу билан бирга бу мавсум ҳали-ҳануз аграр соҳада кўплаб муаммо ва қолоқликлар борлигини, барча куч ва имкониятларимизни мана шу йўналишлардаги масалаларни ҳам тезкор бартараф этишга йўналтиришимиз лозимлигини кўрсатди. Бу жараёнда, биринчи галда фермерларимизнинг масъулият ва меҳнатга муносабатини тубдан ўзгартиришимиз лозимлигини, ўйлайманки, ортиқча изоҳлаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак.
“Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ёшлар — келажагимиз” каби кўламли дастурлар ижроси юзасидан қилинаётган ишлар кўламини айтиб, тугатиб бўлмайди. Бинобарин, бу дастурлар илгари ҳатто тасаввур ҳам қилиш қийин бўлган улкан вазифа ва масъулиятларни олдимизга қўяётганини барчамиз яхши англаб, ҳис қилиб турибмиз.
Буларни таъкидлашдан мақсад шуки, вилоятимизда халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти, турмуш даражасини ошириш йўлида чиндан ҳам катта ҳаракатлар қилинаяпти. Энг муҳими, биз бу борадаги ишларни изчил давом эттириб, ҳақиқатдан ҳам халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга сидқидилдан хизмат қилишини амалда таъминлаймиз. Бинобарин, халқимиз шу кунларда шоду ҳуррамлик билан тантана қилаётган Асосий Қонунимизнинг 7-моддасида аниқ-тиниқ қилиб, “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир”, деб ёзиб қўйилган.
Ҳамиша тинчлик ва осойишталикни қадрлаб, эркин ва обод ҳаётни ўзининг бахти ва тақдири, деб билган вилоятимизнинг меҳнаткаш аҳолиси Ватанимизни янада гуллаб-яшнаши учун ўз олдига қўйилган барча вазифаларни дадил, мардонавор амалга ошира олади. Биз бунга, албатта, ишонамиз.

Азиз дўстлар!

Сўзимнинг якунида барчангизга мустаҳкам соғлиқ, хонадонларингизга тинчлик-осойишталик, мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлидаги ишларингизда улкан зафарлар тилаб қоламиз.
Юртимиз ҳамиша тинч, осмонимиз доимо мусаффо бўлсин!
Бош Қомусимиз — Конституциямиз қабул қилинган кун барчамизга муборак бўлсин!

Эътиборингиз учун раҳмат!


Манба: Тошкент вилояти ҳокимлиги

  • 100