Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ҳокимнинг нутқ ва маърузалари

Вилоят ҳокими Ғ.Ибрагимовнинг Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан ташкил этилган маросимдаги Табрик сўзи

07.11.2018

Ассалому алайкум, азиз меҳмонлар!

Қадрли шифокор ва ҳамширалар, соҳа фахрийлари, саломатлик жонкуярлари!

Авваламбор, Сиз, азизларни, Сизнинг тимсолингизда вилоятимиз соғлиқни сақлаш тизимида шижоат ва фидойилик намуналарини кўрсатиб меҳнат қилаётган, ўз умрини инсон саломатлигини муҳофаза қилишдек олийжаноб ишга бағишлаган шифокор ва ҳамшираларни шу кунларда юртимизда кенг нишонланаётган Тиббиёт ходимлари куни билан чин қалбимдан, самимий муборакбод этаман!

Дунёда ҳар бир нарсанинг ўз ўлчови, мезони ва баҳоси бор. Лекин, инсон учун ўзи ва яқинлари саломатлигидан ортиқ бахт ҳам, бойлик ҳам йўқ. Эл саломатлигини таъминлаш, авлодлар баркамоллигига эришиш ҳар қандай давлатнинг, ҳар қандай жамиятнинг энг устувор мақсади, ижтимоий сиёсатининг бош бўғинидир.

Бу эзгу мақсад ва вазифалар рўёбида Сиз, қадрли тиббиёт ходимлари меҳнати ва матонатини ҳеч қандай мезон билан ўлчаб, қиёслаб бўлмайди.

Шу боисдан ҳам, биз, шифокор деганда, энг аввало, кундалик ижтимоий ҳаётимизнинг марказида турадиган, эл саломатлигини кўз қорачиғидек асрашга шай бўлган, Ватан ва халқ манфаатларини биринчи ўринга қўядиган шарафли ва масъулиятли касб эгаларини ўзимизга тасаввур қиламиз. Битта беморнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун, онанинг саломатлигига зарар етмасдан бир гўдакни соғ-омон дунёга келтириш учун, бир беморга ёруғ дунёни кўриш бахтини тақдим этиш учун бу соҳа вакилларининг 8-10 соатлаб тик оёқда туриб курашганларига гувоҳ бўлганмиз.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бошланган жуда катта кўламли ислоҳотлар, шиддаткор янгиланиш ва юксалиш жараёнлари марказидан мамлакатимиз тиббиётини жадал тараққий эттириш, соҳага илғор ютуқ ва инновацияларни тадбиқ этиш ва албатта, соҳа вакиллари меҳнатини муносиб қадрлашнинг аниқ ва самарали механизмларини амалиётга жорий этишдек хайрли вазифалар ўрин олгани бежиз эмас.

Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз тиббиёт соҳасидаги долзарб масалалар муҳокамасига бағишлаб ўтказаётган йиғилишларида одамларни ҳаётдан рози қилишнинг энг муҳим шарти ва мезони сифатли тиббий хизмат кўрсатиш билан бевосита боғлиқ эканлиги кўп марта таъкидланадики, бунинг нечоғлик ҳақиқат эканлигини бугун ҳаётнинг ўзи ўзи кўрсатиб турибди.

Бир рақамга эътибор беринг — ўтган қисқа вақт ичида мазкур йўналишда Президентимиз ва ҳукуматнинг 100 га яқин фармон ва қарорлари қабул қилинди.

Яқиндагина Президентимизнинг тиббиёт ҳодимлари меҳнатига ҳақ тўлашда мутлақо янгича ёндашувларни кўзда тутадиган тарихий қарорларининг қабул қилиниши Сиз, саломатлигимиз посбонлари меҳнатининг том маънода қадр ва эътибор топаётганининг яққол ифодаси бўлди, десак асло янглишмаймиз.

Қадрли дўстлар!

Умуман олганда, мамлакатимизда таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий секторнинг шу каби бошқа соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғридан-тўғри халқимиз дилидаги орзу-истаклар рўёбига хизмат қилаётир. Зотан, тиббиёт ривожи миллат генофондини яхшилаш, халқимизнинг саломатлик кўрсаткичларини ижобий томонга ўзгартириш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, баркамол авлодни вояга етказишдек эзгу мақсадларимизнинг бирдан бир омилидир.

Шу мақсад йўлида кейинги бир-икки йил ичида вилоятимиз мисолида ташланаётган дадил амалий қадамлардан ҳам, ўйлайманки, барчангиз яхши хабардорсиз.

Шундай бўлсада, эътиборингизни айрим рақамларга қаратмоқчиман.

Ўтган қисқа фурсат ичида вилоятимизнинг туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларида 769 ўринга эга 41 та ихтисослаштирилган тиббий бўлимлар ташкил этилди, Олмалиқ шаҳрида 90 ўринли барча шароитларга эга замонавий болалар касалхонаси фаолият бошлади. 130 га яқин янги тез ёрдам машиналари келтирилиб, халқимиз хизматига берилди. Ҳудудий тиббиёт бирлашмалари қошида 200 дан ортиқ ижтимоий дорихоналар тармоғига асос солинди. Соҳада самарали меҳнат қилиб келаётган ҳурматли шифокорларимизнинг бир гуруҳи давлатимизнинг юксак орден ва медалларига сазовор бўлдилар.

Бундай ижобий натижалар, эришилаётган ютуқлар ҳақида яна узоқ гапириш мумкин. Шу билан бир қаторда бугун замон ўзгармоқда, одамлар талаби ошиб бормоқда. Халқимизнинг тиббий маданияти юксалиб, энг илғор ва сифатли тиббий хизматдан баҳра олишни истайди. Бизга шу ҳам бўлаверади, деган тушунча аллақачон ўз умрини ўтаб бўлди.

Шу боис, вилоятимизда фаолият юритаётган қарийб 35 минг нафарга яқин соҳа ходимлари тиббиётнинг энг илғор, замонавий ютуқларини, даволаш усулларини ўзлаштирмоғи зарур. Ўз навбатида, бу йўлда уларга барча имконият эшикларини кенг очиб бериш, шифо масканларимизнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларда фаолият юритаётган олижаноб касб эгаларини ижтимоий муҳофаза қилиш, уй-жой, маиший турмуш шароитларини яхшилаш бундан кейин ҳам ҳамиша диққатимиз марказида бўлади.

Сўзимнинг якунида, барчангизни бугунги шукуҳли айём — касб байрамингиз билан яна бир бор самимий муборакбод этаман. Эл-юртимиз равнақи, халқимиз розилигига эришиш йўлидаги муштарак мақсадларимиз рўёбида барчангизга сиҳат-саломатлик, куч-қувват, оилаларингизга тинчлик ва хотиржамлик тилайман.

Эътиборингиз учун раҳмат!


Манба: Тошкент вилояти ҳокимлиги

  • 84