Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ҳокимнинг нутқ ва маърузалари

Вилоят ҳокими Ғ.Ибрагимовнинг ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиалининг патоморфология ва цитобиохимия корпусининг очилиш маросимидаги Нутқи

22.11.2018
Ассалому алайкум, қадрли меҳмонлар!
Қадрли тиббиёт ходимлари!

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бошланган жуда катта кўламли ислоҳотлар, шиддаткор янгиланиш ва юксалиш жараёнлари марказидан мамлакатимиз тиббиётини жадал тараққий эттириш, соҳага илғор ютуқ ва инновацияларни тадбиқ этиш ва албатта, соҳа вакиллари меҳнатини муносиб қадрлашнинг аниқ ва самарали механизмларини амалиётга жорий этишдек хайрли вазифалар ўрин олгани бежиз эмас.
Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз тиббиёт соҳасидаги долзарб масалалар муҳокамасига бағишлаб ўтказаётган йиғилишларида одамларни ҳаётдан рози қилишнинг энг муҳим шарти ва мезони сифатли тиббий хизмат кўрсатиш билан бевосита боғлиқ эканлиги кўп марта таъкидланадики, бунинг нечоғлик ҳақиқат эканлигини бугун ҳаётнинг ўзи ўзи кўрсатиб турибди.
Бир рақамга эътибор беринг — ўтган қисқа вақт ичида мазкур йўналишда Президентимиз ва ҳукуматнинг 100 дан ортиқ фармон ва қарорлари қабул қилинди. Яқиндагина Президентимизнинг тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашда мутлақо янгича ёндашувларни кўзда тутадиган тарихий қарорларининг қабул қилиниши сиз, саломатлигимиз посбонлари меҳнатининг том маънода қадр ва эътибор топаётганининг яққол ифодаси бўлди, десак асло янглишмаймиз.

Қадрли дўстлар!
Бугун барчангизнинг гувоҳлигингизда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг вилоят филиалида патоморфология ва цитобиохимия корпусининг очилиши ҳам худди шу йўналишдаги ислоҳотларнинг ёрқин ифодасидир, десак янглишмаймиз.
Бу янги мажмуа, ҳеч шубҳасиз, бу ерга умид ва нажот истаб келадиган беморларга кўрсатиладиган хизмат сифатини тубдан ошириб, уларни ташхислар ва даволашда жуда катта имкониятлар яратади. Негаки, патоморфологик хизмат онкологиянинг ажралмас қисмларидан бири бўлиб, диспансернинг диагностика ва даволаш ишлари сифатини янада такомиллаштиришга қаратилган тизимли чора-тадбирларни ўз ичига олади.
Очиғи, бундан 60 йил муқаддам ташкил этилган мазкур бўлим 1 қаватли, бор-йўғи 4 та хонага эга бинода жойлашган эди. Муассасага мурожаат этувчи беморларнинг кўплиги, бўлим имкониятларининг етарли эмаслиги кўплаб қийинчиликлар туғдираётгани ҳеч кимга сир эмас.
Давлатимиз раҳбари томонидан тасдиқланган махсус манзилли дастур асосида, шифохона ҳудудида патоморфология ва цито-биохимия мажмуаси қисқа фурсатда янгидан барпо этилиши эндиликда мавжуд бундай муаммоларга батамом чек қўяди. Барча замонавий шарт-шароитларни ўзида мужассам этган мажмуанинг қурилишига давлатимиз томонидан 1 млрд. 322 млн. сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди.

Азиз дўстлар!
Халқимизда “Саломатлик – туман бойлик” деган гап бор. Албатта, бугун нафақат вилоятимиз, балки мамлакатимизнинг узоқ-яқин манзилларидан бу ерга шифо истаб келаётган беморлар учун мана шундай имкониятлар яратувчи мажмуани фойдаланишга топширар эканмиз, бир фикрни алоҳида таъкидлашни истардим. У ҳам бўлса, касалликнинг оқибатлари билан эмас, уни келтириб чиқарувчи омиллар билан курашиш бош мақсадимиз эканини ҳеч биримиз унутмаслигимиз керак. Ана шу масалада тиббиёт соҳаси ходимлари ва аҳоли ўртасида ўзаро ҳамфикрлик, бирдамлик бўлсагина, умумий ишимизда натижа, самара бўлади. Бинобарин, азиз Юртбошимизнинг талаб ва истаклари ҳам айнан мана шудир!
Халқимиз соғлигини сақлаш йўлида хизмат қилувчи яна бир муассаса муборак бўлсин!

Эътиборингиз учун раҳмат!


Манба: Тошкент вилояти ҳокимлиги

  • 94