Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ҳокимнинг нутқ ва маърузалари

Вилоят ҳокими Ғ.Ибрагимовнинг қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан ташкил этилган тадбирдаги Табрик сўзи

Вилоят ҳокими Ғ.Ибрагимовнинг қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан ташкил этилган тадбирдаги Табрик сўзи
09.12.2018
Ассалому алайкум, тантанали маросим қатнашчилари!
Ҳурматли қишлоқ хўжалиги ходимлари! Муҳтарам фахрийлар!

Аввало, сиз, азизларни ва сизлар орқали бутун вилоятимиз қишлоқ хўжалиги меҳнаткашларини шу кунларда кенг нишонланаётган қўшалоқ айёмлар — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун ва қишлоқ хўжалиги ходимлари куни байрами билан чин қалбимдан, самимий муборакбод этаман.
Бугун мана шу файзли даврада миришкор деҳқон ва фермерлар, сувчи ва ирригаторлар, механизатор ва агрономлар, аграр тармоқ олимлари тимсолида дунёдаги энг шарафли касб эгаларини кўриб турибмиз. Бу соҳанинг меҳнати қанчалик шарафли, нони эса, қанчалик тотли ва ширин эканини барчамиз яхши биламиз.
Айнан шу боис юртимизда бу сана кўтаринки руҳда тантана қилинаяпти, десак муболаға бўлмайди. Негаки, халқимиз деҳқон тимсолида аввало, ҳалоллик ва покликни, мардлик ва матонатни кўради. Одамлар ўқитувчини, шифокорни, борингки, бир зиёлини ардоқлагандек ҳурмат кўрсатади асл деҳқонга.
Ўтган йилдан бошлаб, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан махсус қонун қабул қилиниб, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари куни касб байрами сифатида нишонлана бошлагани ҳам барчамизни боқаётган, халқимизнинг тўкин ҳаётини таъминлаб келаётган заҳматкаш касб эгаларига бўлган ҳурмат ва эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир.
Зотан, кейинги пайтларда муҳтарам Президентимиз раҳнамоликларида қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳаётга тадбиқ этилаётган ислоҳотлар изчиллик ва мунтазамлик касб этиб, соҳада тўпланиб қолган муаммо ва масалаларнинг ечими бўйича аниқ дастур ва режалар асосида тизимли иш олиб борилаяпти.
Қабул қилинаётган фармон ва қарорларда биринчи навбатда, қишлоқ мулкдорлари, оддий томорқасидан тортиб кўп тармоқли фермер хўжаликлари эгалари учун барча йўллар кенг очилаяпти, деҳқоннинг бири икки бўлаяпти, халқ тили билан айтганда, косаси оқараяпти.
Айни пайтда қишлоқ хўжалигида маҳсулот етиштиришда шундай мукаммал тизим шаклландики, деҳқоннинг ўз меҳнати самарасига, кўрадиган манфаатига ишончи ортди. Бугунги деҳқон кечаги оддий колхозчи эмас. Унинг меҳнатга муносабати тубдан ўзгарди, эгалик ҳисси уйғонди.
Уруғлик деймизми, ёқилғи-мойлаш ашёлари, ўғит таъминотини оламизми, умуман, таъминот борасида аввалги оворагарчиликлар, сансалорликлар, кўзбўямачиликлар тамоман барҳам топиб бораяпти. Бу ислоҳотлар, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги тарихида мутлақо янги саҳифа очиб берди, десак асло янглишмаймиз. Шу боис, бугун деҳқонларимиз том маънода меҳнатларининг роҳатини кўрадиган кун келди, десак тўла ҳақиқатни айтган бўламиз.

Азиз дўстлар!
Бугунги фурсатдан фойдаланиб, аграр соҳада эришаётган натижаларимизни ҳам, бой бераётган имкониятларни ҳам барчамиз бир-бир кўз ўнгимиздан ўтказиб, уларга холис ва ҳаққоний баҳо берсак, шу аснода келгуси йил учун энг муҳим чора-тадбирларни белгилаб олсак, айни муддао бўлар эди.
Аввало шуни таъкидлаш керакки, поёнига етиб бораётган йил вилоятимизда аграр соҳада, фермер ва деҳқонларимиз, умуман, қишлоқ меҳнаткашлари ҳаётида анча машаққатли ва синовли кечди, десак тўғри бўлади. Кўклам ҳароратининг меъёрдагидан анча паст келгани, мавсум мобайнида кучли жала ва дўл ёққани, турли касалликларга қарши курашишга тўғри келгани, сув тақчиллиги кузатилгани барчамизга яхши маълум. Қийинчиликларга қарамай, кўп йиллик тажрибага таяниб, ишга масъулият ва жавобгарлик ҳисси билан ёндошган вилоятимиз ғаллакорлари ватанимиз ғалла хирмонига 345 минг 466 тонна сара дон етказиб бериб, шартномавий режани анча ортиғи билан бажарганликлари барчамизни чексиз қувонтиради.
Бироқ, бу натижалар бизни асло хотиржамликка, ўзибўларчилик кайфиятига солиб қўймаслиги шарт. Негаки, мамлакатимизда ғалла мустақиллигини мустаҳкамлаш, ҳосилдорлигини тубдан ошириш бўйича жуда катта қадамлар ташланаяпти.
Ғаллакорнинг манфаатдорлигини ошириш билан, унинг зиммасига янги масъулият ва жавобгарликлар ҳам юкланмоқда.
Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг яқинда қабул қилинган “Бошоқли дон етиштиришни янада рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳа равнағида тўғаноқ бўлаётган ушбу муаммоларни бартараф этиш ва уни сифат жиҳатидан янада ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Қарорда давлат хариди учун бошоқли дон етиштириш бўйича амалдаги тартибдан мутлақо фарқ қиладиган янги тизим ва механизмлар жорий этилиши назарда тутилгани унинг тарихий аҳамият касб этишидан далолат беради.
Хусусан, унга кўра, суғориладиган майдонларнинг ҳар гектаридан 40 центнердан кам ҳосил олиш “ерга нисбатан хиёнат” деб баҳоланиши ва ер ижара шартномасини бекор қилишгача бўлган чоралар кўрилиши белгиланди.
Яна бир янгилик — 2019 йилдан эътиборан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларига суғориладиган ерларда бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига ягона ер солиғини ҳисоблашда солиқ ставкаларига ҳосилдорликка қараб коэффициентлар қўллаш тартиби киритилганидир.
Қарорга мувофиқ, етиштириладиган буғдойнинг ҳар бир тоннаси учун кафолатланган давлат харидининг ўртача нархи 1 миллион 200 минг сўм ёки жорий йилдагига нисбатан 1,6 баробар юқори даражада белгиланди, бу эса табиийки, маҳсулот етиштирувчиларнинг молиявий барқарорлигига ижобий таъсир кўрсатади.
Давлат хариди учун етиштирилган маҳсулотларни табақалаштирилган нархларда, яъни устама ва чегирмалар қўллаган ҳолда сотиб олиш тартиби жорий қилинади. Бошқача қилиб айтганда, етиштирилган бошоқли дон ҳосилдорлигига қараб, давлат хариди учун етказиб берилган ғалла харид нархига 25 фоизгача устама ёки чегирма қўлланилади.
Ғалла етиштириш харажатларини молиялаштириш тизимини ҳам такомиллаштириш назарда тутилган. Агар амалдаги тартибга кўра, имтиёзли кредит давлат хариди учун етказиб бериладиган бошоқли дон қийматининг 60 фоизигача ажратилиб келинган бўлса, янги тартибда 100 фоизигача берилади.
Ўз навбатида, миришкорларимиз бундай эътиборга жавобан, ушбу қарор ижросини сўзсиз таъминлаш ва етиштириладиган бошоқли дон экинлари ҳосилдорлигини ва ўз даромадларини ошириш учун бугундан бошлаб зарур агротехник тадбирларни оби-тобида ўтказишлари керак. Дала ва ариқ четларини ҳашарот ҳамда касалликлар қишлаши учун шароит яратадиган хас ва бошқа бегона ўтлардан тозалаш, ғалла майдонларини азотли ўғитлар билан озиқлантиришни якунлаш, пешма-пеш маҳаллий ўғитлар билан шарбат усулида суғоришга зўр беришимиз керак.
Шу билан бирга бу мавсум ҳали-ҳануз аграр соҳада кўплаб муаммо ва қолоқликлар борлигини, барча куч ва имкониятларимизни мана шу йўналишлардаги масалаларни ҳам тезкор бартараф этишга йўналтиришимиз лозимлигини кўрсатди.
Хусусан, пахтачиликдаги кўп йиллик қолоқликка барҳам бериш, тармоқда замонавий кластерлар фаолиятини шакллантириш, соҳанинг мева-сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, пиллачилик каби муҳим тармоқларида қабул қилинган истиқболли режа ва дастурларимиз ижросини тўла таъминлашимиз шарт.
Бу жараёнда, биринчи галда қишлоқнинг ҳақиқий мулкдорлари бўлган фермерларимизнинг масъулият ва меҳнатга муносабатини, дунёқарашини тубдан ўзгартиришимиз лозимлигини, ўйлайманки, ортиқча изоҳлаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак.
Бинобарин, қишлоқ хўжалиги соҳасида номига, кўзбўямачилик билан иш юритиб, натижага эришиб бўлмайди. Ҳар бир ишга масъулият билан ёндошилмаса, бундай жиддий камчиликлар қишлоқ хўжалиги унумдорлиги ва натижадорликка салбий таъсир кўрсатишини барчамиз чуқур тушуниб етишимиз зарур.
Юқорида айтилган режа ва дастурларни амалга ошириш учун бизда куч ва имкониятлар, билим ва тажриба етарли. Гап фақат ишни фидойилик ва омилкорлик билан, тўғри ва самарали ташкил этишимизга боғлиқ.

Қадрли дўстлар!
Халқимизда дуо олганларнинг дуоси вожиб, деган гап бор. Бу гапни бежиз эсламадик. Дунёда энг кўп дуо оладиган инсон — бу деҳқон бўлади. Одамлар деҳқонларимиз етиштирган неъматлардан баҳраманд бўлганда, ҳеч бўлмаганда, албатта, “Экканга раҳмат!” деб қўйишади. Халқнинг дуосини олишда ҳикмат кўп.
Мана шу файзли даврада биз ҳам ният қилайлик, кириб келаётган 2019 йил барча соҳалар қатори деҳқончилигимиз учун ҳам қутлуғ ва баракатли келсин, ҳосилимиз мўл, ризқимиз бутун, эл-юртимиз олдида ҳамиша юзимиз ёруғ бўлсин!
Яна бир бора барчангизга байрам муборак бўлсин!

Эътиборингиз учун раҳмат!


Манба: Тошкент вилояти ҳокимлиги

  • 86