Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Халқаро ҳамкорлик алоқалари, тадбирлар, семинар тренинглар

Қозоғистонлик ҳамкорлар билан 22 миллион доллорлик келишувга эришилди

Қозоғистонлик ҳамкорлар билан 22 миллион доллорлик келишувга эришилди
27.02.2020
Маълумки, сўнгги вақтларда Ўзбекистон олиб бораётган очиқ ва прагматик ташқи сиёсатда, биринчи навбатда, қўшни ва қардош давлатлар билан ҳар томонлама стратегик шерикликни мустаҳкамлаш устувор аҳамият касб этиб келмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон – Қозоғистон муносабатлари жуда кўп соҳаларда, хусусан, савдо-саноат, иқтисодий-ижтимоий, туризм, аграр йўналишларда ҳам жадал суръатларда ривожланиб бормоқда.

Бу борада, айниқса, Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг самарали фаолияти муҳим омил бўлмоқда.

Маълумки, шу кунларда мамлакатимизда Қозоғистон Республикаси Бош вазири Асқар Мамин бошчилигидаги делегация меҳмон бўлиб турибди. 

Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида иккинчи ҳудудлараро ҳамкорлик форуми доирасида бугун Хоразм вилоятида икки давлат ҳукумат раҳбарлари – Абдулла Арипов ва Асқар Мамин иштирокида ҳукуматлар делегацияларининг учрашуви бўлиб ўтди.

Анжуманда эътироф этилганидек, иқтисодиётнинг етакчи соҳа ва тармоқларидаги ҳамкорлик алоқалари жадаллашгани туфайли Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 2019 йилда қарийб икки баробар ўсди ва 3,3 миллиард долларни ташкил этди. 

Икки давлат раҳбарлари томонидан ҳукумат зиммасига яқин йилларда савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш ва ўзаро савдо ҳажмини жорий йил 5 миллиард долларга, яқин йилларда эса 10 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилган. Бунинг учун ҳар икки давлатда ҳам етарли имкониятлар мавжуд.

Қайд этилишича, ўтган бир йил давомида Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг вилоятлари ўртасидаги тўғридан тўғри ҳамкорлик муносабатлари анчайин фаоллашиб, вилоятлар делегацияларининг 12 та ўзаро ташрифи амалга оширилди. Натижада ҳудудлар ўртасидаги савдо ҳажми 40 фоизга ортган.

Хоразм вилоятида бўлиб ўтган учрашувда Тошкент вилояти ҳокими, сенатор Рустам Холматов раҳбарлигидаги вилоятимиз делегацияси ҳам фаол иштирок этди.

Қозоғистон Республикасининг қатор вилоятлари ва бизнес доиралари вакиллари билан бир қатор муҳим келишувларга эришилди.

Жумладан, вилоят ҳокими Р.Холматов Туркистон, Чимкент, Кустанай вилоятлари ҳокимлари У.Шукеев, М.Айтенов, А.Мухамбетов, Туркистон шаҳри ҳокими Р.Аюпов билан ҳудудлараро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва ривожлантириш тўғрисидаги Битимларни имзолади.

Шунингдек, вилоят ҳокимининг ўринбосари Д.Абдусаломов Қозоғистоннинг “Ecoton Sharq” МЧЖ билан 10 млн.долларлик, “Аzia Kraft” корхонаси билан 2 млн. долларлик инвестицион келишувларни, Қозоғистоннинг бошқа қатор бизнес доиралари билан эса, жами 10 млн. долларлик экспорт шартномаларини имзолади.

Демак, жорий йилда вилоятимизнинг қозоғистонлик дўстлар билан савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, экспорт-импорт ва бошқа соҳалар бўйича икки томонлама тенг манфаатларга асосланган ҳамкорлик алоқалари янада кенгаяди ва ривожланади.

Биргаликда амалга ошириладиган қатор лойиҳалар эса, вилоятимиз аҳолисининг фаровонлигига, ўз навбатида, ҳудудимиз иқтисодининг юксалишига хизмат қилади.




  • 791