Сўровнома
  1. Сиз учун ахборот ошкорлиги учун қандай маълумотлар базаси зарур?
Ўзбекистон Республикаси

Ўзбекистон Республикаси тарихи

Қадимги Хоразм

Ўрта Осиёнинг икки дарё оралиғидаги ерлари қадимдан Хоразм назорати остида бўлган. Хоразмнинг номи Авестода Хвариазм, Биҳистун ёзмаларида Хваразмиш, Арриан ва Страбоннинг тарихий китобларида Хорасмия сифатида келтирилади. 8 асрда араб истилочилари томонидан вайрон этилган Хоразм маданияти тарихи эрамиздан аввалги 1292 йилларга бориб тақалади. Хоразм бутун минтақа учун Авестонинг муқаддас ери, қадимий маданият маркази саналган. Эрамиздан аввалги 7-6 асрлардаёқ Хоразм ҳудудида давлатчилик тузилмалари мавжуд эди. Археологик маълумотлар шундан далолат берадики, эрамиздан аввалги биринчи минг йилликнинг иккинчи чорагидаёқ Амударё дарёсига туташган кучли ирригасия тизими мавжуд бўлган. Хоразмда йирик каналларни ташкил этиш учун марказлашган кучли бошқарув керак бўлгани табиий. Эрамиздан аввалги 6- асрнинг ўрталарида Хоразм Форс подшолиги томонидан босиб олинган. Форсийлар Хоразмдан турли қимматбаҳо тошларни, заргарлик ва кулолчилик маҳсулотларини ташиб кетган. Энг яхши усталар ҳам Форс подшолари саройига олиб кетилган. Эрамиздан аввалги 5-4 асрларда Хоразм Форс подшолигидан озод бўлиб, ўз мустақиллигини қайта тиклайди. Эрамиздан аввалги 4-3 асрларда Хоразм ёзуви пайдо бўлган. Хон қароргоҳи - Тупроқ қалъа, қадимий мақбара ва расадхона қўй-қирилган қалъа ҳам ўша даврлардаёқ мавжуд бўлган. Грек манбаларининг шоҳидлик беришича, эрамиздан аввалги 329-328 йилларда Хоразм хони Фарисман юнонистонлик Искандар Зулқарнайн (Александр Македонский) билан тинчлик битими тузган.

Қадимги Бақтрия подшолиги

Ўрта Осиёдаги қадимий давлатчилик тузилмаларидан бири қадимги Бақтрия давлатидир. Қадимий манбалар шундан далолат берадики, эрамиздан аввалги 8 асрда йирик Бақтрия подшолиги мавжуд бўлган. Авестода унинг номи Бахди, Биҳистун ёдгорликларида Бактриш, антик давр адабиётларида Бактриана сифатида қайд этилган. қадимги Бақтрия билан ўша давр дунёсининг бошқа давлатлари - Оссурия, Янги Вавилон, Мидия, Ҳиндистон князлиги ўртасида алоқалар мавжуд бўлган. Тарихий манбаларга кўра, Оссурия ҳукмронлиги (гегемонлиги) қарор топган эрамиздан аввалги 9-7 асрларда оссурияликлар Бақтрияга ҳужум қилишган. Бу ҳаракат тарихда Оссурия юриши номи билан маълум. Бу юришнинг асосий сабаби Бақтрия лазурити устидан назорат ўрнатишга қаратилган эди. Эрамиздан аввалги 7-6 асрларда қадимги Бақтрия подшолги ҳудудига Сурхон, қашқадарё ва Зарафшон воҳалари, Марғиёна ва Суғд ерлари кирган. Бақтриялик усталар томонидан тилла, тош ва бронзадан ясалган турли маҳсулотлар Хитой, Форс давлати ва Европада жуда машҳур бўлган. Бақтриянинг йирик шаҳарлари қизилтепа, Ер-қўрғон, Узунқир ва Афросиёб ҳудудларида жойлашган. Ўша даврда Бақтрияга ташриф буюрган сайёҳ эътиборини уйлар, ҳунармандларнинг устахоналари ва хўжалик бинолари узра бўй чўзиб турган салобатли миноралар тортиши табиий эди. Курсий Руфнинг ёзишича, "Бақтриянинг табиати бой ва турли-туман. Айрим жойларда дарахтлар ва токлар ўта сермаҳсул ҳосил беради, ҳосилдор ерлар кўплаб булоқлардан сув ичади. Юмшоқ ерларга буғдой экилади, қолгани эса чорва учун яйловлардир".

Енеолит ва Бронза даври

Ўрта Осиёда деҳқончилик маданиятининг пайдо бўлиши эрамиздан авалги 3-2 минг йилликларга тўғри келади. Эрамиздан аввалги 3-минг йилликнинг иккинчи ярми, 2-минг йилликнинг биринчи ярмида Амударёнинг юқори қисмида аҳоли пунктлари пайдо бўлган эди. Бу ерлик аҳоли Бадахшон ёқутини (лазурит) ишлаб чиқиш ва сотиш ишларида иштирок этарди. Шунингдек улар билан Ҳиндистондаги Харапп маданияти ўртасида ўша даврдаёқ алоқалар мавжуд бўлган. Эрамиздан аввалги 2-минг йилликда ҳинд-ерон (орийлар) қабилаларининг Ўрта Осиё ҳудуди ва унга тутушган саҳролар орқали жанубда Ҳиндистон, жанубий-шарқда Мидия ва Форс давлати, шарқда Шарқий Туркистон сари миграсияси юз берган. Деҳқонларнинг қадимий масканларидан бўлган Зарафшон воҳасидаги Замонбобо ҳудудида уй ҳайвонларининг суяклари, буғдой ва арпа донлари, тошдан ясалган деҳқончилик ускуналари топилган. Панжикентдан унча узоқ бўлмаган Саразм қишлоғи атрофида энеолит ва бронза даврига оид деҳқончилик маскани топилган бўлиб, унинг ҳудуди 90 гектардан зиёдроқ майдонни қамраб олади. қадимий деҳқончилик масканлари Сурхондарёда - Сополлитепа ва Жарўқтонда ҳам топилган. Хоразм ҳудудида топилган ва бронза даврига оид бўлган археологик ёдгорликлар Тозабоғёбсой деҳқончилик маданияти номини олган. Кўкча, қават-3 деҳқончилик масканлари 2-минг йилликнинг ўрталарида вужудга келган. Бу ерда қадимий каналлар мавжуд бўлгани аниқланган. Эрамиздан аввалги 1-минг йилликнинг бошларида Хоразмда сунъий суғориш техникаси ривож топиши асносида Амиробод маданияти шаклланган. Шу тариқа Фарғона водийси аҳолиси ҳам аста-секинлик билан ўтроқ турмуш тарзига ўтиб, деҳқончилик билан шуғуллана бошлайди. Хусусан, эрамиздан аввалги 2-минг йилликнинг якуни ва 1-минг йилликнинг бошида Фарғона водийсида Чуст деҳқончилик маданияти пайдо бўлган. 1-минг йилликнинг бошларида Самарқанд, Марв, Ерқўрғон, Ахсикент, Хива каби шаҳарлар вужудга келади. Шунингдек, ушбу даврда зардуштийликнинг Авесто китоби ва қаҳрамонлик эпослари пайдо бўлди.

Искандар Зулқарнайннинг (Александр Македонский) Ўрта Осиёга юриши

Эрамиздан авалги 334-йилда Искандар Зулқарнайн Осиёга юриш бошлади. У Кичик Осиё, Сурия, Финикия, Миср ва Эронни забт этиб, 329 йилнинг баҳорида Ҳиндикуш тоғини кесиб ўтиб Ўрта Осиёга ҳужум қилди. Бақтрия ва Сўғдиёна ҳукмдори Бесс (у подшо мақомини ва Артаксеркс номини олган) Зулқарнайнга қарши туриш бефойда эканини англайди. Искандар Зулқарнайн Бақтрия қалъаларини бирин-кетин босиб олар экан, Мароқандда ўз гарнизонини қолдириб, Сирдарё томонга - саклар ерига юради. Аммо ёълда у маҳаллий аҳоли томонидан мисли кўрилмаган қаршиликка дуч келади. Икки томон кучларининг ўзаро тўқнашувларининг бирида Искандар Зулқарнайн оғир ярадор бўлади. Юнонлар таъбири билан айтганда "дарё бўйида яшовчи варварлар" Зулқарнайн гарнизонига катта талофот етказади. Айни шу вақтнинг ўзида Спитамен бошчилигида сўғдлар ҳам Искандар қўшинларига қарши бош кўтаради. Сўғдларга бақтрияликлар ҳам келиб қўшилади. Спитамен Искандарга қарши кескин курашди ва унинг гарнизонини Мароқандда тўхтатиб қўйди. Македония гарнизони Сирдарё бўйида зудлик билан қалъа бунёд этишга киришади. Бу қалъа Олис Александрия номини олган. Искандар Зулқарнайн саклар билан сулҳ тузишга эришади. Кейин эса асосий кучини Спитаменга қарши ташлайди. Аммо 329-328 йиллар давомида юнон-македон қўшинлари томонидан Сўғд ҳудудида амалга оширилган бешафқат аксиялар Искандар Зулқарнайн кутган натижани бермайди. Икки йиллик самарасиз ва омадсиз ҳаракатлардан кейин у ўз тактикасини ўзгартиради. Айни хусусда Курсий Руф шундай ёзади: "Искандар ўзига бўйсинишга қаршилик кўрсатганларга турли шаҳар ва ерларни тортиқ этди". Шу усул билан Искандар Зулқарнайн маҳаллий зодагонларни ўзига қаратишга муваффақ бўлди ва уларнинг кўмагида бақтрия ва сўғдийлардан таркиб топган ҳарбий контингент тузди. 328 йилнинг кузида Искандар билан Спитамен ўртасида ҳал қилувчи жанг бўлди. Спитамен бу жангни бой беради. Тарихий маълумотларга кўра, жангни бой берган Спитамен ўз иттифоқчилари томонидан қатл этилган. Ҳисор тоғларидаги Хориён ва Оксариат қалъаларини ўзига бўйсиндирган Искандар Оксариатнинг қизи Рахшонага (Роксана, Равшанак) уйланади ва шу тариқа маҳаллий элитага қариндош бўлади. Искандар ўз томонига ўтган сўғдийлардан бирини ( айрим маълумотларга кўра унинг исми Оропий бўлган) Сўғд подшоси этиб тайинлайди. Шу тариқа унинг Ўрта Осиё устидан ҳукмронлиги ўрнатилади. 327 йилнинг ёзида эса у Ҳиндикуш тоғи орқали Ҳиндистон сари юришини бошлайди.

Салавкийлар давлати

Спитаменнинг ўлими ва Искандарнинг сўғд-бақтрия ҳукмдорлари билан тузган сулҳи натижасида 327 йилда Ўрта Осиё Искандар Зулқарнайн давлати тасарруфига ўтади. Маҳаллий элиталарнинг ҳарбий контингенти Искандар Зулқарнайн армиясига қўшилади. 323 йилда Искандар Зулқарнайннинг ўлими ҳақдаги хабарни эшитган Сўғд ва Бақтриядаги грек келгиндилари 20 минг кишидан иборат пиёда аскар ва 3 минг нафар отлиқни йиғиб ўз ватанларига қайтишга отланди. Аммо уларни тўхтатиш учун Искандарнинг Сафдоши саркарда Пердик етиб келади ва қочишга шайланган аскарларни қуролсизлантириб, жазолайди. Ўз ватанларига қайтишга шайланган грек аскарларига хайрихоҳлик билдирган Сўғд ҳукмдори (страпи) ўз лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнига македониялик Филипп ўтиради. Маълум муддат у ҳар икки страпликни - Сўғдиёна ва Бақтрияни бошқариб турди. 315 йилдан кейин маҳаллий халқ орасидан тайинланган страпларнинг ҳаммаси греклар ва македонияликлар билан алмаштирилди. Фақат Оксариат (Искандарнинг қайнотаси) ва Атропат (Пердикнинг қайнотаси) ўз лавозимида қолдирилади. 312 йилда Искандар саркардаларидан бири - Салавк Вавилонияга эга бўлди. Тез орада у ўз ерларини Сирдарё ва Ҳинд дарёлари қадар кенгайтирди. Унинг ўғли Антиох И (Салавк билан Спитаменнинг қизи Апама никоҳидан туғилган) эса Искандарнинг Осиёдаги ҳудудларининг катта қисмига эгалик қилган. Ўрта Осиё ҳудудида иккита страплик вужудга келди. Унга Сўғдиёна, Бақтрия ва Марғиёна кирди. Хоразм салавкайларга бўйсунмаган. Аҳмонийларнинг сўнгги вакили ва Искандар даврида ҳам Хоразм ўз мустақиллигига эга бўлган. Салавк ва Антиох Ўрта Осиёда ўз позисияларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратган. Кўплаб қалъа ва шаҳарлар барпо этилган ва улар асосан греклар билан тўла бўлган. Тарихий манбаларга кўра, Салавк 75 та шаҳар қурдирган. Энг олис шаҳарлардан бири Яксарт ортида жойлашган Антиохия шаҳри бўлган. Тахминларга кўра, мазкур шаҳар ҳозирги Тошкент вилояти ҳудудида ёки Фарғона водийсида жойлашган. Эрамиздан аввалги 3-асрнинг 60-йилларига қадар Бақтрияда салавкийларнинг зарбхонаси сақланиб қолган. Бу зарбхонада олтин ва кумуш тангалар зарб этилган. Салавкий ҳукмдорларидан бири Антиох ИИ нинг даврида (еаримиздан аввалги 261-247 йиллар) унинг Бақтриядаги страпи Диодот салавкий тангалар асосида ўз тангаларини зарб қилган. Бу унинг салавкийлар ҳукмронлигида қандайдир мухториятга эга бўлганидан далолатдир. Бақтрия, Сўғдиёна ва Ўрта Осиёдаги бошқа вилоятларнинг иқтисодий ҳаёти Салавкийлар давлатининг ғарбий вилоятларидагидан анча фарқ қилган.

Юнон-Бақтрия подшолиги

Эрамиздан аввалги 256 йилда Парфия, Бақтрия ва Сўғдиёна Салавкийлар давлатидан ажралиб чиқди. Бақтрия страпи Диодот ўзини шоҳ деб эълон қилди ва минтақада гегемонлик учун кураш бошлади. Бунга жавобан, Аршахидлар Парфияда ҳокимиятни қўлга киритди. Сўғдиёна эса Бақтрия ҳукмронлиги остига ўтди. Эрамиздан аввалги 230 йилда Сўғдиёна страпи Евтидем Диодотнинг ворисини тахтдан ағдарди. Юнон-Бақтрия билан Парфия ўртасида савдо ёълларини назорат қилиш борасида доимий урушлар бўлиб турган. Эрамиздан аввалги 209-208 йилларда салавкий ҳукмдори Буюк Антиох ИИИ Салавкийлар салтанатини қайта тиклаш учун шарққа юриш бошлайди. 207 йилда у Парфияни мағлубиятга учратиб, Юнон-Бақтрияга қарши ҳарбий юриш қилади. Антиох қўшинлари Евтидем устидан ғалаба қозонади ва Юнон-Бақтрия пойтахти Бақтрани қамал қилади. қамал икки йил давом этган. Ниҳоят Евтидем Антиох билан тинчлик сулҳини тузишга эришади. Ўз навбатида у Антиохга ўзининг барча жангчи филларини топширади. Евтидемнинг ўғли Деметрий эса салавкийлар маликасига уйланади. Магнесия жангида римликлар томонидан салавкийларга қаттиқ талофот етказилиши натижасида Юнон-Бақтрия подшолиги салавкийларнинг иттифоқчилари бўлган жанубий князликларни ўзига бўйсундириш имкониятига эга бўлади. Эрамиздан аввалги 187 йилда отаси Евтидемнинг вориси Деметрий Арахосияни забт этади ва Ҳиндистон сари ёъл олади. Деметрий Шимолий Ҳиндистонда ўз қўшинлари билан анча муддат қолиб кетади. Бундан фойдаланган унинг саркардаларидан бири - Евкрадит 171 йилда Бақтра ҳокимиятини қўлга киритади. Евкрадитнинг подшоҳлиги тарихда "беҳисоб шаҳарлар подшоҳлиги" деган ном олган. Хитой манбаларида ёзилишича, эрамиздан аввалги 165 йилда Еттисойга (Семиречя) юечжиларнинг қадами теккан. Улар Сирдарё орқали Амударё соҳиллари томон ёъл олган. Улар Бақтрияни эгаллашга ҳам муваффақ бўлган. 155 йилда Евкрадит навбатдаги юришларнинг бирида ўз ўғли томонидан ўлдирилади. Худди шу даврларда Юнон-Ҳинд подшоҳлиги ташкил топган эди. 141-128 йиллар Юнон-Бақтрия подшоҳлигининг таназзулга юз тутиш даври бўлди. Тахминларга кўра, юечшилар Бақтрияни қўлга киритгандан сўнг шоҳ Гелиокл Паропамисада ёки Арахосияда ҳокимиятни сақлаб қолган. Ўрта Осиё икки юз йил эллинлар дунёсининг бир қисми бўлди. Бу давр Ўрта Осиё тарихида жиддий из қолдирган. Сўғд ва Бақтрия эллин-македон ҳарбий гуруҳларига таянган страпияларга айланди. Ҳирот, Марв каби янгидан-янги шаҳарлар вужудга келди. Минтақада юнон стандартлари бўйича тангалар зарб этилди. Минтақага юнон худолари пантеони, юнон адабиёти ва театри кириб келди. Маҳаллий ва юнон маданиятининг ўзаро синтези содир бўлди.

Кангюй

Хитой тарихчиси Си Ма-сян ўз кундаликларида "юечжиларникига ўхшаш анъана ва урф одатларга" эга бўлган кўчманчи Кангюй ёки Кандзюй ва Кангха давлатлари ҳақида маълумот беради. Антик давр тарихчилари асарларида Кангха давлати тилга олинмаган, аммо Авесто ва Махабхарата китобларида саклар ва тохарлар билан бир қаторда канкилар тўғрисида ҳам атрофлича маълумот берилган. Анча кейинги Хитой хроникаларида Амударё шимолида жойлашган Бухоро, Шаҳрисабз, Каттақўрғон атрофлари, Тошкент воҳаси ҳамда Хоразмнинг шимолий қисмидан иборат барча давлатлар Кангюй давлатига қарам бўлганлиги айтилади. Хитой манбааларида келтирилишича Кангюй давлати раҳбарлари "Чао-ву" деб номланганлар. Умуман "джабгу" бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас, чунки хитой транскриптларида бу айнан ана шундай талаффуз қилинади. Эрамиздан аввалги ИИ асрнинг иккинчи ярми - эрамиздаги И асрларида Кангюй давлатининг қудрати ўз чўққисига чиқди. Давлатнинг жанубий ўлкаларида юечжейлар, шимолида эса хунлар таъсири кучли бўлган Кангюй давлатининг қисқа муддатли танглик даври Бактрияда юечжейлар қироллигининг кучсизланиши билан ниҳоясига етди. Эрамизда аввалги ИИ-И асрларда Кангюй давлатида ўз тангаларини зарб этиш ҳамда пул алмашинувини ёълга қўйишга бўлган уринишлар кузатилди. Ушбу жараёнда Грек-Бақтрия ҳукмронлиги вақтида амал қилган тангалардан нусха сифатида фойдаланилган. Кангюй моддий маданий тарраққиёт даражаси Хоразм, хусусан шаҳарнинг ўнг қирғоғида жойлашган Жанбас-қалъа ҳудудида амалга оширилган қазув ишлари натижаларида намоён бўлади. 200х170 ҳажмдаги қалъа баландлиги 10-11 метрлик хом ғиштдан қилинган девор билан ўралган. Дарвозадан қалъа маркази сари кенг кўча ётқазилган. Кўча охирида қурбонлик келтириш учун айлана шаклидаги метал супага эга бўлган муқаддас олов сақлаш биноси қолдиқлари қазиб очилган. Кангюй даврида одамлар турли динларга мансуб бўлган: зардўштийлик, Анахита оқими, от сиймосида намоён бўлган Митра оқими. Ушбу даврда Кангюй маданияти билан боғлиқ ҳарбий техника соҳасида эришилган энг муҳим муваффақиятлардан бири бу кейинчалик кенг тарқалган тактик услублар бўлди: масалан, жангларда аслаҳалар билан ҳимояланган отлар ва совут кийган чавандозлар сафининг жипслаштирилган ҳолда тузилиши. Чавандозлар камон, найза ва қилич билан қуролланганлар. Кангюйнинг Кушон империяси таркибида бўлганлиги ҳали ҳам номаълум. Хитой манбааларига асосан Кангюй эрамиз бошида ҳам ўз мустақиллигини сақлаб қолган ҳамда янсай (аорслар-аланлар) ва бошқа қабилалар устидан ҳукмронлик қилган.

Кушонлар давлати

Юечжейларнинг эрамиздан аввалги ИИ аср ўрталарида Грек-Бақтрия давлатига бостириб кириши ушбу давлатни тамомила тугатилишига олиб келди. Юечжейларнинг дастлабки мулклари шимолий Бақтрия ҳудудларида бўлди (замонавий Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудлари ва Тожикистон). Кушон давлати эрамизнинг И асри биринчи ярмида юечжейлар давлати амирликларидан бири Кушоннинг юксалиши оқибатида юзага келди. Кушон хитойчада Гуйшуан деб талаффуз қилиниб, юечжей қабилаларидан бирининг номи бўлиш эҳтимоли бор. Давлат асосчиси ябгу (амир) бўлган. Кейинчалик подшоҳ Куджула Кадфиз ҳукмронлиги остида кушонлар ҳозирги Афғонистон ва Покистоннинг катта қисмини босиб олдилар. Унинг меросхўри Виме Ток ҳукмронлиги даврида кушон мулкларига Ҳиндистоннинг катта бир қисми қўшилди. Кушон давлатининг гуллаб-яшнаши Канишка ҳукмронлиги даврига тўғри келди (тахминан эрамизнинг 78-123 йиллари). Ўша даврда пойтахт Бақтриядан Пешоворга кўчирилди, мамлакат сарҳадлари эса Ҳиндистон ва Хўтонгача бўлган ўлкаларни қамраб олди. Марказий Осиёда Кушон давлатининг чегаралари ҳозирги Ўзбекистон жанубидаги Ҳисор тоғ тизмалари чўққиларидан ўтган. Ўша ердаги баланд тоғ дараларида (Дарбанд) мустаҳкам чегара иншоотлари қад кўтарди. Ўша даврларда давлат сарҳадларида янгидан-янги шаҳарлар қад кўтарди, Ҳиндистон, Хитой ва Рим империяси билан савдо муносабатлари ўрнатилди. Помпейда олиб борилган қазиш ишлари мобайнида кушон тангалари ҳамда кушон устаси томонидан суякдан ясалган фигуралар топилди. Кушон даврида меъморчилик юксак ривожланди. Айниқса саройлар ва ибодатхоналар қурилишига катта эътибор қаратилди. Кушон ҳукмдорларининг Холчаёндаги саройида ва эски Термиз ва Далварзиндаги будда ибодатхоналарида юқори бадиий дид билан ишланган девор чизгилари ва ҳайкалтарошлик намуналари яхши сақланиб қолган. Холчаён, Далварзин ва Айритомда олиб борилган қазиш ишлари давомида кушон усталарининг юксак маҳоратидан далолат берувчи бронза идишлар, муҳташам шағамсупалар, кўзгулар ҳамда заргарлик маҳсулотлари топилган. Деҳқончилик империя иқтисодиётининг таянчи бўлган. Ер ҳосилдорлигини ошириш мақсадида турли ўғитлардан кенг фойдалинилган. Тоғ олди ҳудудлари ва чўллар чорвачилик мақсадларида фойдаланилган. Термизда олиб борилган қазув ишлари давомида орамий тили асосида ёзилган хатлар топилган. Кушон курсив хати ўзининг ўткир бурчакли, квадрат ва айлана шаклидаги ҳарфлари билан ажралиб турар ҳамда ўша даврларда жуда кенг тарқалган эди. Канишка даврида Кушон давлатига буддизм кириб келади ва тез орада давлат динига айланади. Аммо шу билан бирга зардўштийлик ва маҳаллий Ўрта Осиё, Ҳиндистон, Эрон, Юнонистон ва Миср халқлари динлари ҳам ўз кучини ёъқотмайди. Кушон давлати эрамизнинг ИИИ асри биринчи ярмининг охирида барҳам топди. Бактрия ва Тохаристон махсус мулк ҳуқуқи остида Сосонийлар империяси таркибига қўшилди. Ушбу империя сосоний подшоҳлар хонадони аъзолари томонидан бошқарилиб, улар кушоншоҳ титулиги эгалик қилган.



  • 1390