Stop COVID19 Сайт тест режимида ишламоқда
ИШОНЧ ТЕЛЕФОНИ
(0 371) 200 88 11
ЯГОНА ТЕЛЕФОН
(0 371) 232 80 63

Қурбонлик фазилатлари

Аллоҳга қилинган ибодат, яхши ва солиҳ амаллар унга яқинлашишга ва унинг розилигини топишга бир воситадир. Ана шу солиҳ амаллардан бири бу – қурбонлик саналади. Қурбонлик орқали Аллоҳ бандасини ўз молидан воз кеча олиш имтиҳонидан ўтказади.

Қурбонлик қилишлик фазилатли ва гўзал амаллардандир. Қурбонлик бошқа ибодатлар каби Аллоҳ учун дейилса-да, аслида унинг яхшилиги, савоби инсонга аталгандир. Бу ҳақда ушбу ояти карима далил бўлади: "Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етмас. Лекин У зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли у зотни улуғлашларингиз учун уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!" (Хаж сураси, 37-оят).

Ҳар бир инсон Аллоҳнинг раҳматидан, ажр-савобларидан умидвор. Қурбонлик қилишдан мақсад банданинг Аллоҳ амрига итоатини ва тақвосини намойиш этишдир. Ҳазрати Али (р.а.) Расулуллоҳ (с.а.в.) дан ривоят қиладилар: "Ким қурбонликка жонлик олиши учун бозорга борса, Аллоҳ Таоло ҳар бир қадамига ўнта савоб ато этади, ўнта гуноҳини кечиради ва мартабасини ўн даража кўтаради. Жонлиқни савдо қилаётганда айтган сўзларни тасбеҳ ўрнида қабул қилади. У учун берган ҳар бир дирхамига етти юз дирхамнинг савобини беради. Қурбонликнинг ҳар қатра қонидан ўнта фаришта яратади ва улар қиёматгача унинг учун истиғфор айтадилар. Қурбонлик гўштининг ҳар луқмаси учун Исмоил алайҳиссалом фарзандларидан бир қулни озод қилганлик савобини беради" дедилар.

Қурбонликнинг гўшти асли уч қисмга бўлиниб, бир қисми хомлигича камбағалларга, яна бир қисми хоҳишга кўра эҳсон қилиб едирилади, ёки у ҳам тарқатиб юборилади. Учинчи қисми эса хонадон аҳллари учун қолдирилади. Довуд Алайхиссалом: "Ё Парвардигоро, Муҳаммад (с.а.в.) умматларинг қилган қурбонликлари учун нима ато этгансан?" дедилар. Аллоҳ Таоло хитоб қилди: "Ё Довуд, Муҳаммад (с.а.в.) умматларидан қурбонлик қилганларга қурбонликнинг баданидан тўкилган қони баробарида ўнта савоб ато қилиб, ўнта гуноҳини кечаман. Жаннатдаги даражасини юксалтириб, у ерда бир қаср бино қиламан ва хурларни насиб этаман. Ё Довуд, бу қурбонлик қиёмат куни макраб бўлиб, турли балоларни эгасидан қайтаради".

Қурбонлик учун сўйиладиган жонлиқ қандай бўлиши керак?

Баро ибн Озиб (р.а.) бу ҳақида ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деганлар: "Тўрт хил жониворни қурбонлик қилиш жоиз эмас: бир кўзи кўрлиги аниқ билиниб турган, касаллиги аниқ билиниб турган, оқсоқлиги аниқ билиниб турган ва илиги йўқ бўлиш даражада қариб қолган ҳайвонлар".

Аллоҳ ўзининг каломида: "Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизча сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Нимани эҳсон қилсангиз албатта, Аллоҳ уни билгувчидир" (Оли-Имрон сураси, 92-оят) деб марҳамат қилган.

Аллоҳ Таоло барчаларимизни ўзининг розилиги йўлида холис ниятлар билан қиладиган қурбонликларимизни, ибодатларимизни даргоҳида қабул айласин. Барчаларимизга Қурбон ҳайити муборак бўлсин!