Stop COVID19 Сайт тест режимида ишламоқда
ИШОНЧ ТЕЛЕФОНИ
(0 371) 200 88 11
ЯГОНА ТЕЛЕФОН
(0 371) 232 80 63

Коррупцияда қайси тизим "пешқадам?"

Вилоятда йил бошидан бери аниқланган 197 та коррупция ҳолатлари юзасидан айбдорлар жазоланди. Бу ҳақда Бўка туманида “Коррупцияга қарши курашиш, унинг олдини олишга қаратилган ишлар ҳамда келгусидаги вазифалар” мавзусида ўтказилган амалий семинарда маълум қилинди.

Танқидий-профилактик руҳда ўтган анжуман Тошкент вилояти ҳокимлиги коррупцияга қарши курашиш “комплаенс назорат” хизмати томонидан ташил этилди. Унда БМТ Тараққиёт Дастурининг “Ўзбекистонда самарали, ҳисоб берувчи ва шаффоф бошқарув институтлари орқали коррупцияга қарши курашиш” лойиҳаси компонент раҳбари Нодира Зикриллаева, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вакили Сардоржон Маманов ва ҳамкор ташкилотлар мутахассислари иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги пайтларда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши муросасиз курашиш тизимини жорий этиш бўйича изчил чоралар кўрилмоқда. Президентимизнинг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борада муҳим дастуриламал вазифасини бажаряпти. Жараёнда жамоатчилик ўрни ва иштироки сезиларли даражада ортаётгани, айниқса, эътиборлидир.

Мулоқотда кўрилаётган тизимли чораларга қарамасдан, айрим йўналишларда коррупция ҳолатлари ҳанузгача сақланиб қолаётгани танқид қилинди. Хусусан, Тошкент вилоятида 2021 йилнинг ўтган даврида коррупция ҳолатлари юзасидан 197 та жиноят иши қўзғатилиб, айбдорларга нисбатан тегишли тартибда жазо тайинланган. Шундан 25 таси банк, 18 таси таълим, 14 таси соғлиқни сақлаш, 15 таси давлат санитария-эпидемилогия назорат, ер мулк кадастри ва архитектура, меҳнат органлари, 4 таси Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, 3 таси молия ҳамда 113 таси бошқа идораларнинг мансабдор шахслари ва ходимлари томонидан содир этилган.

Семинарда соҳа мутахассислари томонидан жойларда коррупцияга қарши курашиш, иллатга батамом чек қўйиш ва унга имкон берувчи сабаблар ва шароитларни бартараф этиш юзасидан фикр алмашилди, амалий таклиф ва тавсиялар ўртага ташланди.

photo2021-07-1414-45-271.jpg

photo2021-07-1414-45-30.jpg