Stop COVID19 Сайт тест режимида ишламоқда
ИШОНЧ ТЕЛЕФОНИ
(0 371) 200 88 11
ЯГОНА ТЕЛЕФОН
(0 371) 232 80 63

Йилнинг энг яхши тарбиячилари аниқланди

Тошкент вилояти Мактабгача таълим тизимида фаолият юритаётган тарбиячи-педагоглар ўртасида “Йилнинг энг яхши тарбиячиси” касбий кўрик-танлови ўтказилди.

Мазкур соҳа ходимларининг инновацион фаолиятини қўллаб-қувватлаш, илғор педагогик тажрибаларни оммалаштириш, таълим-тарбия жараёнида илк ва мактабгача ёшдаги болалар ривожланишига қўйиладиган давлат талаблари, “Илк қадам” Давлат ўқув дастури асосида янги педагогик технологияларни жорий этишга муҳим аҳамият қаратилмоқда.

Хусусан, мактабгача таълим тизимида фаолият юритаётган тажрибали ва ўз ишига сидқидилдан ёндашаётган тарбиячи мутахассисларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида “Йилнинг энг яхши тарбиячиси” касбий кўрик-танлови ўтказиб келинмоқда. Унинг Тошкент вилояти босқичи ҳам қизиқарли шартлар асосида ташкил этилди.

Жорий йилнинг 1-25 июнь кунлари мазкур кўрик-танловнинг туман-шаҳар босқичлари бўлиб ўтган эди. Унда 1 минг 543 нафар тарбиячи-педагог иштирок этиб, 25 нафари навбатдаги босқичга йўлланма олишган.

“Йилнинг энг яхши тарбиячиси” касбий кўрик-танлови низомига кўра, унда 3 йилдан кам бўлмаган меҳнат стажига эга бўлган мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячилари қатнашади.

Мақсад — юқори малакали тарбиячиларни аниқлаш ва рағбатлантириш, уларнинг педагогик маҳорати ва ижодий фаолиятини ривожлантириш, илғор тажрибаларни кенг оммалаштириш, педагогик фаолиятининг нуфузини янада оширишдир. Бу орқали касбий фаолиятида соғлом рақобат ва ижодкорлик муҳитини яратиш уларнинг келгуси иш фаолиятига ёрдам беради.

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан ташкил этилган танлов “Касбий маҳорат, ижодкорлик, инновация” шиори остида бўлиб ўтди. Иштирокчилар 5 та шарт бўйича ўзаро беллашди.

Якуний натижалар бўйича “Энг яхши методист тарбиячи” номинацияси бўйича I даражали диплом Чиноз тумани 20-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси М. Сулеймановага насиб этди.

Шунингдек, “Энг яхши ижодкор тарбиячи” номинация бўйича Чирчиқ шаҳар 17-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Р. Анварова, “Инновацион ва ахборот технологияларини қўллайдиган энг яхши тарбиячи” номинация бўйича Нурафшон шаҳар 20-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Р. Мустафина, “Моҳир қўллар устаси” номинация бўйича Оҳангарон шаҳар 2-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси М. Жиянбоева, “Энг яхши ғоя муаллифи” номинация бўйича эса Паркент тумани 8-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси У. Рахимбердиевалар ҳам I даражали диплом билан тақдирланди.

Эътиборлиси, ушбу танловнинг Республика босқичида совриндор бўлган тарбиячилар Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг “Мактабгача таълим” йўналишига тест синовларисиз ва касбий (ижодий) имтиҳонларсиз давлат грантлари асосида ўқишга кириш имтиёзига эга бўлади.

photo2021-07-2210-38-34.jpg

photo2021-07-2210-38-24.jpg

photo2021-07-2210-38-44.jpg